АДАБИЙ КЕЧА ЎТКАЗИЛДИ
Мамлакатимизда халқимиз маънавиятини юксалтириш, ёш авлодни Ватанга муҳаббат, миллий қадриятлар руҳида камол топтиришда бадиий адабиётнинг ўрни, таъсири ва аҳамиятини янада ошириш, уларнинг равнақига ҳисса қўшиш ҳамда ёш шоир ёзувчиларнинг ижодий салоҳиятини рўёбга чиқариш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш орқали жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни янада яхшилаш борасида кўплаб амалий тадбирлар ўтказилмоқда.
Туманда фаолият юритаётган “Жайхун илҳомлари” нодавлат нотижорат ташкилоти томонидан бу борада олиб борилиши лозим бўлган ишлар режаси тайёрланган. Ташкилот томонидан турли мавзуларда 12 маротаба мактабларда, 18 маротаба овул ва маҳалла фуқаролар йиғинларида давра суҳбатлари ўтказиш кўзда тутилмоқда. 6 маротаба мактаб ўқувчилари ўртасида иншолар танловлари ўтказилиб ғолиб ва совриндорлар муносиб тақдирланди.
Кенг омма орасида ўтказилаётган “Оилада фарзанд тарбиясининг аҳамияти, ёшларни зарарли иллатлар ва турли ахлоқсизликлардан ҳимоя қилишда ота-оналар ва маҳалланинг ўрни”, “Ёшлар маънавиятини юксалтириш, уларни китобхонликка жалб қилиш орқали гиёҳвандлик, ичкиликбозлик, турли ахлоқсизликлардан ҳимоя қилиш”, “Ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзи кўникмаларини кенг тарғиб қилиш, уларни гиёҳвандлик, ичкиликбозлик ва турли ахлоқсизликлардан ҳимоя қилиш” мавзуларидаги суҳбатлар барчада катта қизиқиш уйғотмоқда.
Ташкилот аъзолари томонидан ёшлар, мактаб ўқувчилари орасида ижодий учрашувларнинг ўтказилиб турилиши ёш ижодкорларнинг ижодий салоҳиятини оширишга яқиндан ёрдам бермоқда. Туманимизда яшаб ижод қилаётган ижодкорларнинг ҳаётий тажрибалари, ижодий маҳоратларини ўрганиш ёшларнинг ижодига ўзининг ижобий таъсирини ўтказмоқда. Бугунги кунга келиб бир неча китобларнинг муаллифига айланган Саъдулла Хўжаниёзов, Турсунбой Абдуллаев, Аҳмад Нафасов, Робия Йўлдошева, Шомурод Хўжанов, Зулфия Оллаёроваларнинг ижоди кўпчилик ёшларга ўрнак бўлмоқда.
Навбатдаги ёш ижодкорлар билан учрашув туман Халқ таълими бўлимига қарашли 28-сонли мактабда бўлиб ўтди. Ижодий учрашувни мактаб директори Баҳодир Собиров кириш сўзи билан очиб берди. Учрашув меҳмони, “Жайхун илҳомлари” нодавлат нотижорат ташкилотнинг раиси Ўрозали Рейимов ёш ижодкорларни тумандаги ижодий жараён, ёш ижодкорларга яратилаётган кенг имкониятлар билан таништирди.
“Илк парвозим”, “Меҳр” номли шеърий тўпламлар муаллифи, 35-сонли мактабнинг 11-синф ўқувчиси Барно Самандарова ўзининг айни кунлардаги ижодий фаолияти билан барчани таништириб ўтди ва янги шеърларидан ўқиб берди.
Мактабдаги ижодий тўгараклар фаолияти ҳақида сўз юритилди. Мактаб ўқувчилари ижросида баҳри-байт айтишуви ўтказилди. Бугунги кунда ўзларининг жажжи шеърлари билан туманимизда танилиб улгурган ушбу мактабнинг 9-синф ўқувчиси Аброрбек Гулмирзаев, 5-синф ўқувчиси Гулшода Баҳодировалар ўзларининг янги ёзган шеърларидан ўқиб бердилар.
Ижодий кечанинг асосий қатнашувчилари мактабнинг битирувчилари бўлганлиги учун улар ўзларининг келажакдаги орзу-умидлари билан ўртоқлашдилар. Мактаб ўқитувчилари, ижодий кеча меҳмонлари томонидан битирувчи ёшларга улкан умид ва ютуқлар, омадлар билдирилди.
Ана шундай ижодий учрашувларни тез-тез ўтказиб туришга келишиб олинди.
Ўрозали Реимов

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶