ҲАВАСКОР ИЖОДКОР, САМИМИЙ ДЎСТ, КАМТАРИН ИНСОН ЭДИ...
Хотира! У инсон кўнглида гоҳ қувонч, гоҳ аламли изтироблар, гоҳ илиқ таассуротларни ва армонларни уйғотади. Ўша эслаган одамингизнинг қиёфаси ёдингизга келиши билан у билан боғлиқ хотиралар бирин-кетин худди кинотасмаларга жойлагандай кўз олдингиздан ўтаверади.
Ўрозбой Ўрозимбетов асли касби бухгалтер, бир умр турли корхона-ташкилотларда ўз мутахассислиги бўйича меҳнат қилган бўлса-да, китоб, газеталар шинавандаси эди. У охирги меҳнат фаолиятини олиб борган “Толъе” хусусий фирмаси ва "Манғит матбааси" хусусий корхонаси туман матбуоти билан битта бинода жойлашган бўлиб, бизнинг “Тараққиёт кўзгуси” газетамиз "Манғит матбааси" хусусий корхонаси томонидан чоп этилар, газетанинг ҳар янги сонини биз журналистлар каби шошиб қўлига олар, ҳадемай ўқиб тугатиб, хонамизга келиб, ўз фикрларини айтар эди.
Ўрозбой ака бозор томонларга йўли тушса, албатта, бир даста турли оммабоп, касбига доир даврий нашрлардан олиб келарди. Шунданми, уни таҳририят ходимларининг барчаси ўз дўсти, оғасидай яхши кўрар эди. Бадиий китобларни кўп ўқиганиданми, айтар сўзларини ҳам шеърий ифода этар уни ҳамма “бухгалтер шоир" дерди ҳазиллашиб.
У 1957 йилда Манғит шаҳрида туғилиб, Ломоносов номли (ҳозирги 16-сонли) мактабни тугатгач, Тошкент шаҳридаги собиқ Халқ хўжалиги институтига (ҳозирги Иқтисодиёт университети) ўқишга кириб, олий маълумотли иқтисодчи бўлиб етишди. Узоқ йиллар Қорақалпоғистон статистика бошқармасида, Жумуртов нефтебазасида, Манғит ип-йигирув-тўқув фабрикасида, туман ветеринария станциясида, қурилиш ва савдо ташкилотларида бенуқсон ишлади. У умр бўйи ўрганган илмларини, йиққан китобларини дунё бойликларидан устун қўйди.
Ўрозбой ака оғир хасталикка чалиниб, жони омонат бўлиб юрган вақтларида, умр ҳамдамидан айрилган изтиробли дамларида, ҳаётнинг бошқа синовларига дуч келганида ҳам ҳеч нолимади, ўзини иш билан овутди, турли корхона-ташкилотларда бухгалтерликда иш фаолиятини бошлаганларга ўз касбини эринмай, беминнат ўргатди, ўзидан яхши хотиралар қолдирди. Самимий дўст, ажойиб ҳаваскор ижодкор, камтарин инсон Ўрозбой Ўрозимбетовни машъум ўлим бевақт олиб кетди. Бироқ унинг хотираси қалбларда яшайверади.
Ойгул РАЖАБОВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶