ХАЛҚ ТАЪЛИМИ ВАЗИРЛИГИ ТОМОНИДАН ҚОРАҚАЛПОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА ХАЙРИЯ АКЦИЯСИ ЎТКАЗИЛМОҚДА
Шу кунларда Халқ таълими вазирлиги томонидан Қорақалпоғистон Республикасида кўп йиллар давомида фаолият юритган фахрий ўқитувчилар ҳолидан хабар олиш акцияси ўтказилмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбарининг топшириғига асосан Қорақалпоғистон Республикаси халқи ҳаёти билан боғлиқ муаммоларни ўрганиш жараёнида халқ таълими тизимига тааллуқли масалаларга ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, Қорақалпоғистон Республикаси халқ таълими тизимида кўп йиллар давомида фаолият юритган фаҳрий ўқитувчилар, кам таъминланган оила фарзандлари ҳамда соғлигида нуқсони бўлган ўқувчилар ҳолидан хабар олиниб, уларнинг ҳаётига доир муаммоларни бартараф этиш чоралари кўрилмоқда.
Ушбу акция доирасида Халқ таълими вазири ўринбосари Ваҳобжон Ражабов раҳбарлигидаги акция ташкилотчилари Амударё туманида ҳам бўлишиб, нафақадаги фахрий ўқитувчилар ҳолидан хабар олдилар ва Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги номидан 7 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари тўплами, эсдалик учун махсус табрикнома ва яна бошқа қимматбаҳо совғаларни топширдилар.
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири ўринбосари Ваҳобжон Ражабов раҳбарлигидаги акция ташкилотчилари ўзининг бутун онгли ҳаётини ёш авлод таълим тарбиясига бағишлаган, айни дамда кексалик гаштини сураётган фахрий ўқитувчи Дурдибой ота Ердошев хонадонида бўлишди.
Дурдибой ота Ердошев акция ташкилотчилари, хусусан, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири ўринбосари Ваҳобжон Ражабов, Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари Акбар Райимовларнинг ташрифи ҳамда ҳукуматимизнинг фахрий ўқитувчиларга кўрсатаётган ҳурмат-эътибори ва ғамхўрлигидан чин дилдан миннатдор бўлди. Хонадонига ташриф буюрган меҳмонлар билан самимий мулоқот қилиб, мамлакатимиз таълим тизимида амалга оширилаётган ўзгариш ва янгиланишлар, замонага мос равишда соҳага татбиқ этилаётган ислоҳотлар хусусида тўлқинланиб сўзлади.
Халқимиз бежизга устоз отангдай улуғ, деган пурмаъно ҳикматни яратмаган. Чунки, бизга оқ-қорани танитиб, мустақил ҳаёт сари йўллаган бу табаррук зот ота-онамиздан кейин мустақил ҳаёт бўстонида доимий ва энг фидойи жонкуяр дўст сифатида илм ўргатган, ҳаёт синовларини сабот ва матонат билан енгиб ўтишда энг яқин маслаҳатгўй, меҳрибонимиз бўлган.
Акция иштирокчилари шу куни Қувондиқ Тангирберганов, Эгамберган Саидов, Шукуржон Хўжамуродова ҳамда Ўзбекистон Халқ ўқитувчиси Ҳайитгул Йўлдошеваларнинг хонадонларида ҳам бўлишиб, уларнинг яшаш шароитлари, кундалик ҳаётига оид муаммолари бор ёки йўқлиги билан қизиқдилар.
Фахрий устозлар бугунги дориломон кунларга чексиз шукроналик туйғуларини изҳор этишиб, мамлакатимизда инсон қадр-қимматини улуғлаш, унинг ҳаётдан рози яшашларини таъминлаш мақсадида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар хусусида мамнуният билан фикр билдирдилар.
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири ўринбосари Ваҳобжон Ражабов, Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазири биринчи ўринбосари Акбар Райимов ва Амударё туман халқ таълими бўлими мудири Акмал Исмоиловлар халқ таълими соҳасида кўп йиллар самарали меҳнат қилган амударёлик фахрий ўқитувчиларнинг самарали меҳнатларини эътироф этишиб, уларга узоқ умр тилаб, ҳамиша шогирдлари ардоғида юришдек самимий тилаклар билдиришди.
Робия Йўлдошева.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶