“Аёллар дафтари”га киритилган аёлларга фермерлар Кенгаши томонидан ҳомийлик ёрдамлари кўрсатилди
Маълумки, жорий йил 31 март куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Хотин-қизлар муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори имзоланган эди.
Қарорга мувофиқ, “Аёллар дафтари”ни юритиш орқали хотин-қизлар муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланди. Ушбу низомнинг 4-бобида “Аёллар дафтари” рўйхатига киритилган хотин-қизларга амалий ёрдам бериш тартиби белгилаб берилган.
Қарорда келтирилишича, секторлар раҳбарлари, туман оила ва хотин-қизлар бўлими, туман Фермер, деҳқон ҳўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши ҳамда ҳоким ёрдамчилари билан ҳамкорликда “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларга томорқадан ва деҳқончиликдан даромад манбаи сифатида фойдаланиш учун кўмаклашилади.
Яъни, енгил конструкцияли иссиқхоналар ўрнатилишига, парранда, асалари, қуён, балиқ ва бедана боқишни йўлга қўйишга, деҳқончилик билан шуғулланиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, қайта ишлаш, сақлаш ва сотиш ишларида уларга ҳар томонлама ёрдамлар берилади.
Мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида Амударё туманида ҳам кўплаб амалий ишлар қилинмоқда.
Бугунги кунда туманда 3-босқич “Аёллар дафтари”га жами 3 минг 810 нафар хотин-қизлар қизлар киритилган бўлиб, шундан 70 нафари томорқадан унумли фойдаланувчи аёллар тоифасига киритилган бўлиб, уларга ҳудуддаги фермер хўжаликлари масъул сифатида бириктирилган.
25 июль куни Ўзбекистон Темир йўлчилари ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика Кенгаши бош мутахассиси Шамиль Ханиев ҳамда Амударё туман Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши раиси Илҳом Палвановлар “Аёллар дафтари”га киритилган, томорқадан унумли фойдаланаётган аёллар билан яқиндан суҳбатлашдилар.
Заминимиз серҳосил. Тупроқ, иқлим шароити, тўрт фаслда ҳам сабзавот экинлари етиштириш учун ғоят қулай ҳисобланади. Аёллар ушбу ерларда меҳнат қилиб, пиёз, сабзи, картошка, саримсоқпиёз ёки турли кўкатларни экиб, ердан унумли фойдаланиш орқали рўзғорлари эҳтиёжини қондириш билан бирга, бозор расталарини тўлдириб, катта даромадга эга бўлишмоқда.
Ўрта қальа овулининг Боғ, Арна бўйи маҳаллалари ҳамда Бобур номли овулда истиқомат қилувчи “Аёллар дафтари”га киритилган аёлларнинг ҳар бирига 100 кг дан буғдой, ун, ёғ, товуқ ва озиқ-овқат маҳсулотлари туман Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши ҳамда ҳудуддаги фермер хўжаликлари раҳбарлари томонидан ҳомийлик ёрдами сифатида бепул тарқатилди.
Аёл-қизларнинг бандлигини таъминлаш, касбга ўқитиш, тадбиркорлик қобилиятларини қўллаб-қувватлаш, оилавий шароитини яхшилаш − бугунги куннинг муҳим талабидир. Шундай экан, ижтимоий ҳимояга муҳтож аёл-қизларга кўмак кўрсатиш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга ҳисса қўшиш жамиятнинг ҳар бир фаол аъзосининг бурчига айланмоғи керак.
Туман ҳокимлигининг Ахборот хизмати.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶