САҲРО БАҒРИДАГИ ОБОД ХОНАДОН
Инсоният яралибдики, ҳамма бахтли, саодатли бўлиб яшагиси келади, шунга интилади. Ким учундир тўкин ҳаёт, ким учундир ҳаловатсиз, заҳматли меҳнат, ким учундир саҳройи турмуш тарзи дунёдаги энг афзал бахтдир.
Амударё туманининг Бештом маҳалласидаги Хўжакўл аҳоли пункти ҳаёти билан танишган одамнинг кўнглига: "шу қақроқ адирда, жазирамада қандай яшашар экан-а", деган ўй келиши шубҳасиз.
Бироқ улар билан суҳбатлашиш жараёнида шундай шароитда ҳам ҳеч кимдан кам бўлмай турмуш кечираётганларига, ўз ҳаётларини ўзлари файзли, мазмунли қилишга интилаётганига гувоҳ бўлдик.
Бештом маҳалласининг Хўжакўл аҳоли пункти қоқ марказидаги қип-қизил адирликда, дарё сатҳидан 30-40 метрлар юқорида жойлашган, атрофи ям-яшил дарахтлар билан ўралган ҳовли 87 ёшли Болтабой ота Ўтегеновнинг катта ўғли – Марат Ўтегеновники.
Болтабой оға Ўтегенов асли назархонлик. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг Нукусдаги қишлоқ хўжалик техникумида ўқиди. Овулига қайтиб, хўжаликда кассирлик қилаётган даврларида, 1970 йилда уни Хўжакўлда янгидан ташкил этилган паррандачилик фабрикасига раҳбар қилиб юборишган. Кўл бўйида ҳар бири 70-100 метрлик бир неча товуқхона, ўрдакхоналар бўлган.
– Ишларим жуда яхши эди. Фабрикада кунига 19-20 минг тухум топширган вақтларимиз бўлган. Бу ер аҳолисининг кўпчилиги 1970 йилда паррандачилик фабрикаси ишга туширилгач, ишга келиб, ўтиримли бўлиб қолган одамлар. 1982 йилда кўл қуригач, фабрика ҳам ёпилди. Бироқ аҳоли шу ерда яшаб қолди. Кўпчилиги адирдан пастда деҳқончилик билан, айримлари чорвачилик билан шуғулланишади.
Тўғрисини айтсам, бу ерда туманимизнинг бошқа ҳудудларига қараганда тирикчилик оғир. Шундай бўлса-да, ҳеч кимнинг кўчиб кетгиси келмайди. Ахир шу ерда фарзандлар кўриб, камолга етказдик, қиз узатиб, келинлар туширдик, униб-ўсдик, – дейди отахон.
Ҳа, Болтабой Ўтегеновнинг шу саҳрони кўзи қиймаганича бор. Ахир турмуш ўртоғи, раҳматлик Клара Давлатбоева билан 7 нафар фарзандни камолга етказиб, уларнинг барини касб-корли, илмли, уйли-жойли қилишган. Атрофи невара, чевараларга тўлган.
У қорақалпоқ миллатидан бўлса-да, шу ердаги ўтиримли, асосан қозоқ, ўзбек оилалари билан туғишган оға-инидек бўлиб кетган, ҳаммасининг қувонч-ташвиши бир. Кимнингдир уйига меҳмон келса, қўшнилар ҳам уйига чорлаб, сийлайдиган меҳр-оқибат мужассам бобомерос анъаналар бор. Шу оилаларда яшовчи катта-ю кичик барча бир-бирини яхши танийди. Болтабой ота каби кекса нуронийларнинг иззат-ҳурматини жойига қўяди.
Отахоннинг катта фарзанди умр бўйи электрик бўлиб ишлаб, нафақага чиққан Марат Ўтегенов турмуш ўртоғи Қирмизи Қурбониёзова билан икки ўғил, икки қизни вояга етказиб, олий маълумотли қилишди, фарзандлари ҳам, келинлари ҳам ўқитувчи, онасининг издоши. Қирмизи Қурбониёзова 47 йил 54-сонли мактабда ишлаган бўлса, шунинг 35 йилида раҳбарлик қилган, ҳозир 11 нафар неваранинг бувиси.
Болтабой ота Ўтегенов 2 нафар қизи, 5 нафар ўғилларининг иқболидан қувониб яшаган ҳар дамига шукрона айтади, невараларининг ғамхўрликларидан кўнгли тоғдай юксалади. Эмин-эркин, яйраб улғаяётган чевараларининг бағрига талпинишларидан яйрайди. Уларни эс-ҳушли, ақл-фаросатли, зукко бўлиб улғайсин, деган ниятда ўз ҳаётидан ибратли ҳикоялар, қорақалпоқ халқининг қизиқарли эртакларини айтиб беради.
Маҳалла ёшлар етакчиси Ҳусниддин Аширбоевдан бу ердаги хонадонларни келгуси қишгача газлаштириш чоралари белгиланганини эшитиб, яна ҳам қувонишди.
Бир вақтлар кўкаламзор дарахтлар билан бурканган ҳудудга тобора ўз ҳукмини ўтказаётган сувсизлик туфайли қақроқ адирга айланаётган Хўжакўл ҳаётини меҳр-оқибат, дўстлик-биродарлик нурафшон этиб тургандай.
Қандай яшаш – ҳар кимнинг ўзига боғлиқ, дейди донолар. Чиндан-да, агар Хўжакўлда бир оила фарзандларидай умргузаронлик қилаётган, ўз ҳаётларидан мамнун ўзбек, қорақалпоқ, қозоқ халқларининг ҳаётига бир назар солган киши бунинг исботини кўра олади.
Ойгул РАЖАБОВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶