ЎН ЁШГА МАСЪУЛ НУРОНИЙ
Ўтган даврда юртимизда кексаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашни кучайтириш, уларга ижтимоий хизматлар кўрсатиш тизимини яхшилаш борасида кўпгина чора-тадбирлар амалга оширилди ҳамда ёшлар тарбиясида кексаларнинг роли кучайтирилиб, “Бир нуроний – ўн ёшга масъул” тамойили асосида тарбияси оғир, маънавий кўмакка муҳтож ёшларни тарбиялашга жалб этилмоқда.
Бу борадаги ишларни янада жонлантириш мақсадида Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан ишсиз, тарбияси оғир ва муаммоли ёшларни жамиятга нафи тегадиган шахслар қилиб тарбиялаш мақсадида махсус дастур ишлаб чиқилган эди.
Дастурга мувофиқ тарбияси оғир, муаммоси бор бўлган кам таъминланган оилалар фарзандлари “Бир нуроний – ўн ёшга масъул” тамойили асосида маҳаллалардаги ҳурматга сазовор кекса авлод вакиллари ва зиёлиларга бириктирилди.
Туманимизнинг Бобур номли овулида яшовчи Муротбой Собуров ҳам ўз маҳалласидаги тарбияси оғир, ишсиз ва муаммоли ёшларни ўз қарамоғига олиб, уларни миллий қадриятларимизга ҳурмат, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга дахлдорлик, ўзаро аҳиллик руҳида тарбиялашга интилмоқда.
Бу – бежиз эмас. Отахон 6-сонли мактабда 36 йил болаларга ўз билимларини ўргатди, олий тоифали математика фани ўқитувчиси, Ўзбекистон Халқ Таълими аълочиси, “Методист ўқитувчиси” кўкрак нишони билан тақдирланган.
Бугунги кунда маҳалла фахрийси сифатида эътиборли, катта ҳаётий тажрибага эга бўлган фаол отахонга ўзи истиқомат қилаётган овулнинг 10 нафар уюшмаган ишсиз ёшлари бириктирилган. Бу эса бир томондан Муротбой Собуров каби нуронийларимизга ижтимоий ҳаётда фаол иштирок этиш, ўз тажрибаларини фойдали ишларга йўналтириш ва одамлар учун керакли эканликларини ҳис этиш имконини беради. Қолаверса, ёшларга урф-одатларимизни, анъаналаримизни эъзозлаш, асраб-авайлашни сингдираётгани таҳсинга сазовордир.
Муротбой Собуров ўз қарамоғидаги ўн нафар ёшларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатмоқда, улар билан доимий равишда суҳбатлашиб туради, оилавий аҳволи билан яқиндан танишиб, муаммоларига ечим топади.
Яқиндагина улардан бирининг талаба акасининг контракт пуллари тўлаб берилишига кўмаклашди, шунингдек, ота-онаси ажрашиб кетган, тўлиқ бўлмаган оила фарзандининг ишга жойлашишига, бирига деҳқончилик қилиш учун ер ажратилишига эришди. Уларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш учун тадбирлар ўтказиб келмоқда.
Шу йилнинг 18 июнида нуронийларнинг маънавий кўмакка муҳтож ёшлар билан ишлашиш, ижтимоий-маънавий муҳитни барқарорлаштириш, уларни Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялаш борасидаги фаолиятини янада такомиллаштиришга хизмат қилиш борасида жамоатчилик асосида фаолият юритаётган бир гуруҳ нуронийлар иштирокида “Бир нуроний – ўн ёшга масъул” кўрик-танловининг туман босқичи ўтказилган эди. Ушбу танловда жамоат ишларида фаол ҳаракат қилаётган Муротбой Собуров ғолиб бўлган эди.
Бундан руҳланган отахон ҳозирги кунда ушбу танловнинг Қорақалпоғистон Республикаси босқичида ҳам муваффақиятли иштирок этиш учун қизғин ҳозирлик кўраяпти ва зиммасидаги жамоатчилик асосидаги вазифаларини ҳам сидқидилдан адо этаётир.
Ойгул РАЖАБОВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶