ИШСИЗ АЛИМЕНТ ТЎЛОВЧИЛАРНИНГ БАНДЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ МАҚСАДИДА МЕҲНАТ ЯРМАРКАСИ ТАШКИЛ ЭТИЛДИ
Мажбурий ижро бюросининг Амударё туман бўлими биносида Бюронинг туман бўлими, прокуратура ва Бандликка кўмаклашиш маркази билан ҳамкорликда меҳнат ярмаркаси ўтказилди.
Шу йил 11 август куни бўлиб ўтган ушбу ярмарка ишсиз фуқароларни иш билан таъминлаш, шу жумладан, алимент тўловчи ишсизларнинг бандлигини таъминлаб, шу орқали алимент тўловларнинг мунтазамлигини таъминлаш ва вояга етмаганларга аталган нафақаларнинг ундирувчиларга ойма-ой, узлуксиз тўланишига эришиш мақсадида ташкил этилди.
Дастлаб Бюронинг туман бўлими давлат ижрочилари томонидан “маҳаллабай” ўрганишлар орқали ишсиз алимент тўловчиларнинг муаммолари ўрганилди. Шундан сўнг, улар ярмаркага таклиф этилди.
Таъкидлаш жоизки, Мажбурий ижро бюроси туман бўлими томонидан вояга етмаганларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида бир қатор ижобий ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, алимент тўловчи оталардан фарзандлари учун моддий таъминот ундириш билан бир қаторда уларнинг иш билан бандлигини таъминлашга ҳам кўмаклашиб келинмоқда. Туманда бу каби тадбирлар йил бошидан буён 4 маротаба ўтказилгани ўз самарасини бермоқда ва ишсиз алимент тўловчиларнинг бандлиги таъминланмоқда.
Маълумки, жорий йилнинг 1 март куни Давлатимиз раҳбари раислигида Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида бўлиб ўтган йиғилишда Мажбурий ижро бюросига бир қатор вазифа ва топшириқлар берилган эди. Унга кўра, 2022 йил 1 июлдан Мажбурий ижро бюроси ҳузурида юридик шахс ташкил этмаган ҳолда “Алимент тўловлари” давлат мақсадли жамғармаси ташкил этилиб, унга Мажбурий ижро бюросини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 50 млрд. сўм ажратилиш белгиланди.
Ярмаркага ташриф буюрган алимент тўловчи ишсиз оталарга бу борада Мажбурий ижро бюроси туман бўлинмаси масъуллари томонидан батафсил маълумотлар берилди. Шунингдек, бундан кейин суд қарори билан алимент тўлаш мажбурияти юклатилган шахслардан белгиланган маблағларни уч ой ичида ундириш имкони бўлмаган ҳолларда “Алимент тўловлари” давлат мақсадли жамғармаси маблағларидан алимент тўловлари бўйича шаклланган қарздорликни бир йўла тўлаш учун йўналтирилиши, кейинчалик алимент тўлаш мажбурияти юклатилган қарздордан суд қарорисиз мажбурий тартибда ундириб олиниши тушунтирилди. Ундан ташқари, ярмарка иштирокчилари соҳа масъулларига ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилиб, тўлиқ жавобларга эга бўлдилар.
Шундан сўнг меҳнат ярмаркасига ташриф буюрган қарздор ишсиз оталарга корхона-ташкилотлар томонидан таклиф этилган вакант ўринлари, у ердаги меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун яратилган зарур шарт-шароитлар ҳақида батафсил маълумотлар берилди.
Мазкур тадбирда тумандаги 78 ташкилотлардаги жами 282 та вакант иш ўринлари иштирокчиларга таклиф этилди ва 25 нафар алимент тўловчи қарздорларга ишга йўлланмалар берилди.
О.Худойберганова.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶