САЙЁР СУДДА ҲУҚУҚБУЗАРЛАРГА ҚОНУНИЙ ЧОРА КЎРИЛДИ
Беруний номли маҳалла фуқаролар йиғини маъмурий биносида очиқ сайёр суд мажлиси бўлиб ўтди.
Шу йил 5 август куни ўтказилган очиқ сайёр суд мажлисида Жиноят ишлари бўйича Амударё туман суди масъуллари иштирок этишди. Судда Қорақалпоғистон Республикаси Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги туман бўлими томонидан келиб тушган 23 нафар фуқарога нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 107-моддасига асосан тўпланган маъмурий ишлар ва туман Ички ишлар бўлимининг йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлинмаси томонидан келиб тушган 3 нафар фуқарога нисбатан МЖтКнинг 131-моддаси 1-қисми ва бошқа моддалари билан тўпланган иш материаллари кўриб чиқилди.
Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 107-моддасига кўра ўсимликлар карантини объектларига ва бошқа зарарли организмларга қарши курашишга доир фитосанитария талабларини ҳамда бошқа қоидаларни бузиш ҳуқуқбузарлик ҳисобланади. Яъни, ўсимликлар карантини объектларига ва бошқа зарарли организмларга қарши курашишга доир фитосанитария талабларини ҳамда бошқа қоидаларни карантин остидаги маҳсулотларни ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сақлаш, ташиш, қайта ишлаш, реализация қилиш ва йўқ қилиш чоғида бузганлик учун фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан уч бараваригача, мансабдор шахсларга эса уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солинади.
Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 131-моддасига кўра эса ҳайдовчиларнинг транспорт воситаларини алкоголли ичимликдан, гиёҳванд модда таъсиридан ёки ўзгача тарзда маст ҳолда бошқариши, уларни транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан бир йил-у олти ойдан уч йилгача муддатга маҳрум қилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Мазкур ҳолатларга йўл қўйган ҳуқуқбузарларга нисбатан тегишли жарима жазолари қўлланилиб, қонуний чоралар кўрилди.
Ж.Ўразбоев, Жиноят ишлари бўйича Амударё туман суди раиси.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶