Манғит арна каналининг Арнабўйи маҳалласидан ўтувчи қисмига мустаҳкам кўприк қурилди
Муқаддас ислом динимиз таълимотларига кўра инсон вафотидан сўнг барча солиҳ амаллари тўхтайди. Аммо, ҳаётлик чоғидаги 3 та амалининг савоби то қиёматгача кесилмайди. Булар – жорий садақа, яъни мусулмонларга доимий фойда бериб турадиган хайрли ишлар, мисол учун кўприк қуриш, қудуқ ёки ариқ қазиб сув келтириш каби), манфаат олинадиган илм, хаққига дуо қиладиган солиҳ фарзанд қолдиришдир. Шу боисдан ҳам аждодларимиз эл-юртни обод этиб, одамларнинг узоғини яқин қиладиган кўприклар қуришга алоҳида эътибор беришган.
Асрий анъаналаримизга содиқ ҳамюртларимизнинг айни кунларда амалга ошираётган солиҳ амаллари ҳам барчамизни қувонтиради.
Амударё туманининг Арнабўйи маҳалласида истиқомат қилувчи оддий деҳқон Ҳайтимбат Тажиев ва аёли Гулора опалар уч ўғилни, қизларини уйли-жойли қилишди. Ҳозир улар 9 нафар неваранинг бобо-бувиси. 70 ёш остонасида ҳам тиниб-тинчиб, бошқалардай роҳатда ўтириш ўрнига доимий касби – деҳқончилик билан шуғулланишади. Фарзандлари билан аҳилликда етиштирган сархил мева, сабзавотларини биринчилардан бўлиб бозорга олиб чиқишади, топганларига қаноат қилиб, шукрона айтиб яшашади.
Маҳалла ҳудудидан ўтувчи Манғит арна канали устига қурилган кўприк яроқсиз ҳолга келиб, транспорт воситалари ўта олмаётган, носоз кўприк пиёдалар учун ҳам хавф туғдираётгани уларни анчадан бери ўйлантириб келаётган эди.
Шу йилнинг ёз фасли аввалида Ҳайтимбат Тажиев ва аёли маслаҳатлашиб, яхши ният билан ҳаж сафарига боришга ғамлаган маблағига кўприк қуришга келишдилар ва тез орада ҳаракатни бошладилар.
Маҳалланинг Ўзбегим ва Хўжакент кўчаларини боғлаб турадиган ушбу кўприкдан ўқувчилар 27-сонли мактабга, маҳалла эркаклари намоз ибодатини адо этиш учун масжидга, кўпчилик ёшлар ишга, туман марказига бориш учун ҳар куни такрор-такрор ўтадилар. Шунинг учун ҳам Ҳайтимбат Тажиевнинг кўприк қуриш ҳақидаги қароридан хурсанд бўлиб, енг шимариб ҳашарга келадиганлар ҳам кун сайин кўпайди.
Ташаббускор отахон ҳеч кимдан ёрдам сўрамади. Бироқ маҳалла фаоллари, ёшлари ёз тафтини писанд қилмай, кўприк қурилишида жон-жаҳдлари билан меҳнат қилишди. “Хонсарой” қурилиш ташкилоти, туман Ободонлаштириш бошқармаси, туман уй-жой қурилиш бошқармаси, “Темир-бетон” масъулияти чекланган жамияти раҳбарлари ҳам қурилишга имкон қадар ҳисса қўшдилар.
Ўтган икки ярим ой ичида канал устига замонавий услубда кўркам ва мустаҳкам кўприк бунёд этилди.
Жорий йилги Мустақиллик куни Арнабўйи маҳалласи аҳли учун қўшалоқ байрам бўлди. Ҳайтимбат Тажиев кўприкнинг узоқ йиллар халқимизга хизмат қилинишини тилаб, қўй сўйиб, элга ош берди. Маҳалладошлари ҳам Ҳайтимбат Тажиевга, унга кўмакдош бўлган барча фуқароларга бунингдек эзгу ишни амалга оширганлари учун улкан миннатдорчилик билдирдилар, эҳсони қабул бўлишини тилаб дуо қилдилар.
Пиёдалар учун ҳам, транспорт воситалари ҳайдовчилари учун ҳам қулай, кўркам ва мустаҳкам кўприк барча маҳалла аҳлини қувонтирди. Бу кўприк шунчаки бир янги иншоот эмас, азалий анъаналаримизнинг, ўзбекона тантиликнинг, чин мўъминликнинг ифодасидир.
Ойгул РАЖАБОВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶