11 нафар фарзандни тарбиялаб вояга етказган она “Вафо ва садоқат” медали билан тақдирланди
Бугунги тинч ва осойишта замонамиз, дориломон кунлар учун неча-неча аждодларимиз ороми ва ҳаловатидан кечиб, меҳнат қилганлар. Миллионлаб ота-боболаримиз юрт тинчлиги йўлида қон тўкиб, жанг майдонларида тинчлик йўлида жонларини фидо қилганлар. Иккинчи жаҳон уруши ва урушдан кейинги тикланиш йиллари аждодларимиз учун ана шундай синовли даврлар бўлди. Айнан ўша машъум уруш пайтида – 1941 йилда дунёга келган Тўлғаной Даўлетбаева ҳам замондошлари қатори кўп қийинчиликларни бошидан кечирди.
У узоқ йиллар мобайнида Қангли овулида жамоа хўжалиги ишчиси сифатида меҳнат қилди. Турмуш ўртоғи билан биргаликда 11 нафар фарзандни Ватан корига ярайдиган муносиб фарзандлар қилиб тарбиялаб вояга етказди. Бугунги кунда онахоннинг фарзандлари турли соҳаларда Ватанимиз равнақи учун хизмат қилиб, юрт фаровонлиги учун ўз ҳиссаларини қўшиб келмоқдалар.
Юртмизда Тўлғаной она сингари қаҳрамон аёллар қўплаб топилади. Улар доимо ҳурмат ва эътиборда эъзозда. Айниқса, бутун мамлакатимиз бўйлаб кўтаринки руҳда ўтказилаётган “Кексалар ҳафталиги”да уларнинг йиллар давомида қилаган меҳнатлари, баркамол фарзандларни тарбялаб вояга етказишдаги фидоийликлари яна бир бор эътироф этилмоқда.
Яқинда Амударё туманининг Қанғли овулида жойлашган 29-сонли умумтаълим мактабда бўлиб ўтган “Уч авлод учрашуви” да Тўлғаной онанинг фахрий ватанпарвар фарзандларни вояга етказгани, бугунги кунда кекса онахоннинг 5 нафар фарзанди ҳарбий соҳаларда фидокорона меҳнат қилиб келаётганлиги сабабли онахон Ўзбекистон “Veteran” жангчи фахрий ва ногиронлари бирлашмаси томонидан мукофотланди. Кекса онахонга “Вафо ва садоқат” медали тантанали тарзда топширилди.
Бўлиб ўтган мазкур учрашувда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ходимлари, Афғон уруши қатнашчилари, бир гуруҳ нуронийлар, фаол ёшлар иштирок этишди.
Онахон кексалар учун кўрастилаётган бу каби эътибор ҳеч бир мамлакатда топилмаслигини, жаннатмакон юртимизда инсон қадри ҳар нарсадан устун туришини мамнуният билан таъкидлаб, “Вафо ва садоқат” медалига муносиб кўрилгани учун ўзининг чуқур миннатдорлигини билдириди. Шунингдек, Ватанга хизмат қилиш энг олий саодат эканлигини, ҳаётда ватанпарвар бўлиб яшаш учун аввало она ватанни севиш лозимлигини айтиб ўтди.
Учрашувда сўзга чиққан кекса онахоннинг замондошлари унинг узоқ йиллар мобайнида жамоа хўжалигида оддий ишчи сифатида меҳнат қилиб, турмуш ўртоғи бевақт вафот этган бўлса ҳам 11 нафар фарзандни ҳалол меҳнатлари билан тарбиялаб, баркамол инсон қилиб вояга етказганини эътироф этишди.
Шунингдек, нуронийлар уруш вақти ва ундан кейинги тикланиш йилларидаги қийинчиликлар, халқнинг машаққатли ҳаёти, бевақт оламдан кўз юмган неча минглаб мард ўзбек ўғлонларининг порлоқ хотиралари ёдга олинди.
Шунингдек, тадбирда Афғон урушида иштирок этган байналминал жангчилар ҳам иштирок этиб, уруш даҳшатлари, тинчликнинг қадри ҳақида ҳаётий ҳикояларини иштирокчилар билан баҳам кўрдилар.
Амударё туманидан 13 нафар йигит афғон заминида ўз хизмат бурчларини адо этишган. 9 йил-у 2 ой давом этган бу урушдан омон қайтганларнинг бири оёғи ё қўлини, яна бири ярим жонини бегона юрт тупроғини ёвдан озод этиш учун бўлган қақшатқич жанг майдонларига ташлаб қайтди.
Ёши улуғлар тадбирда иштирок этаётган ёшларга олтиндан қиммат насиҳатлар, панд-у ўгитлар беришди. Ёшларнинг касб-ҳунар эгаллаши, юксак марраларни забт этишлари учун барча шароитлар муҳайё эканлиги таъкидлаб, илм, касб-ҳунар сирларини пухта эгаллашга даъват қилишди.
Шу ўринда айтиш керакки, қаҳрамон бўлиш учун фақатгина жанг майдонларида мардонавор жанг қилиш шарт эмас. Ватанимиз довруғини кўкаларга кўтарадиган, турли соҳаларда фидоийларча меҳнат қилиб, унинг тараққиётига муносиб ҳисса қўшадиган ёш авлодни тарбиялаш ҳам ҳақиқий қаҳрамонликдир.
“Вафо ва садоқат” медали билан тақдирланган Тўлғаной она Даўлетбаева ҳам ана шундай қаҳрамон аёл, фидойилик, вафо ва садоқат тимсолидир.
Туман ҳокимлигининг Ахборот хизмти

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶