25 октябрь − Ички ишлар органлари ходимлари куни
Ҳар йили мамлакатимизда 25 октябрь − Ички ишлар органлари ходимлари куни сифатида кенг нишонланиб келинади.
1991 йил 25 октябрда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 270-сонли қарори асосида Ўзбекистон ССР ИИВ – Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига айлантирилган эди. Қарор билан вазирлик Низоми ва структураси тасдиқланди. 2006 йил 6 декабрда қабул қилинган қонунга мувофиқ ушбу сана, яъни 25 октябрь санаси Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар органлари ходимлари куни этиб белгиланди.
Бу йил Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ташкил этилганига 31 йил тўлди. Шу муносабат билан ўз ҳаётини фуқароларимизнинг тинчлиги ва осойишталиги, ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш, жамиятимизда қонун устуворлигини таъминлашдек шарафли ва масъулиятли ишга бағишлаб келаётган барча ҳамкасбларимизни, тингловчи-курсантларни ҳамда муҳтарам фахрийларимизни байрам билан самимий муборакбод этаман.
Маълумки, Ички ишлар органлари ходимлари жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар юртимизда яшаётган ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқларини, қонуний манфаатларини ҳимоя қилади. Ички ишлар органларининг асосий вазифалари фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини, жисмоний ва юридик шахсларнинг мулкини, конституциявий тузумни ҳимоя қилишдан, қонун устуворлигини, шахс, жамият ва давлатнинг хавфсизлигини таъминлашдан, шунингдек ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактикасидан иборат.
Тизимда жиноятчиликнинг олдини олиш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, фуқаролар онгида “Қонун — устувор, жиноятга жазо муқаррар” деган ҳаётий тамойилни қарор топтириш бўйича жиддий ўзгаришлар жорий этилмоқда. Ушбу ислоҳотлар натижаси ўлароқ турли халқаро рейтинг ташкилотлари жонажон юртимизни тинч ва осойишта давлатлар қаторида кўп бора эътироф этмоқда.
Тизимдаги барча таркибий ва ҳудудий бўлинмалар, жумладан, профилактика, жиноят қидирув, тергов, йўл-патруль ва патруль-пост хизматлари, эксперт-криминалистика ва паспорт бўлинмалари мутлақо янгича мезонлар асосида қайта шакллантирилгани, ходимлар хизмат фаолиятига хос бўлмаган кўплаб ишлардан озод этилгани соҳада иш самарадорлигини оширишда муҳим омил бўлмоқда.
Амударё тумани Ички ишлар бўлими ходимлари ҳам самарали фаолият юритмоқда.
Ички ишлар органларининг бир тизими бўлган жиноят қидирув бўлими шахсга, фуқароларнинг шахсий мулкига, жамоат тартибига ва хавфсизлигига қарши қаратилган жиноятларнинг олдини олиш, пайини қирқиш, уларни очиш ва бошқа чора-тадбирларни амалга оширади. Айтиш керакки, жамиятда рўй бераётган ҳар қандай қонунбузилиш, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчилик аломатлари акс этган ҳолатларда Ички ишлар органлари ходимлари бир-бирлари билан ҳамкорликни янада кучайтириб, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга ўз ҳиссаларини қўшиб келишмоқда.
Шунингдек, орган ходимлари тумандаги корхона-ташкилот, бўлим масъуллари билан самарали тарзда ҳамкорлик қилиб келишмоқда. Айниқса, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, вояга етмаганлар ва хотин-қизлар ўртасида учраётган жиноятларни бартараф этиш борасидаги фаолият Ёшлар ишлари агентлиги туман бўлими, туман Оила ва хотин-қизлар бўлими ҳамда бошқа қатор ташкилотлар билан ҳамкорлик йўлга қўйилган бўлиб, бунинг натижасида туманда жиноятчиликнинг камайишига эришилмоқда.
Аммо, баъзи фуқароларнинг йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилмасдан, тезликни оширган холда ҳаракатланиши туфайли йўл-транспорт ходисалари, оилавий низолар сабабли келиб чиққан жанжалларда инсон ўлими билан якун топган аянчли ҳолатлар ҳам, афсуски учраб турибди.
Профилактика инспекторлари мана шундай нохуш ҳолатларнинг олидини олиш мақсадида мунтазам равишда фуқаролар ўртасида тушунтириш-тарғибот тадбирларини олиб бормоқдалар. Тумандаги 49 та овул ва маҳалла фуқаролар йиғинларида фаолият юритаётган 49 нафар профилактика инспекторлари маҳалла раисининг ўринбосари даражасига тенглаштирилган бўлиб, улар маҳалласидаги ҳар бир фуқаронинг оилавий шароити, муаммоларидан мунтазам равишда хабардор бўлиб, ижобий ҳал қилинишига кўмаклашиб келмоқдалар.
Шунингдек, профилактика инспекторлари ҳудудларда жамоат тартибини сақлашда, ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар содир этилишининг олдини олишда самарали тарзда фаолият олиб боришмоқда.
Қолаверса, мамлакатимиз тарихида илк бор фақат аёл ходимлар ишлайдиган хотин-қизлар масалалари бўйича инспектор лавозимлари жорий этилгани ҳам муҳим ижобий янгилик бўлди. Бугунги кунда улар ҳар бир фуқаролар йиғинларида хотин-қизлар фаоллари билан ҳамкорликда опа-сингилларимизнинг маслаҳатчиси, ҳимоячиси ва кўмакдошига айланмоқда.
Шунингдек, билиб-билмасдан жиноят йўлига кириб қолган ва жазони ўтаётган фуқароларнинг ижтимоий ҳаётга мослашувини, соғлом ҳаётга қайтишини таъминлашда ҳам ички ишлар органларининг ўрни ва роли тобора ортиб бормоқда. Бу йўналишда ташкил этилган пробация хизмати маҳкумларни зарур касб-ҳунарларга ўқитиш ва тайёрлаш, ишга жойлаштириш, уларни хусусий тадбиркорликка жалб этиш, энг асосийси, иш берувчилар томонидан уларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари таъминланишида яқиндан ёрдам кўрсатмоқда.
Кўпинча фуқароларнинг спиртли ичимликлар ичган, ҳамда асабий ҳолда автомобиль бошқариши кўплаб йўл-транспорт ҳодисаларининг содир бўлишига олиб келмоқда. Афсуски, мазкур ҳолатлар айрим фуқароларнинг ҳаётдан эрта кўз юмишига олиб келмоқда. Мана шундай аянчли ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида йўл-патруль хизмати ходимлари ўз хизмат вазифасини сидқидилдан бажариб келмоқдалар.
Йўл-патрул хизмати ходимлари кечани кеча, кундузни кундуз демай, ҳайдовчиларга йўл ҳаракати қоидаларига қатъий риоя қилиш, тезликни оширмаслик, одам гавжум жойларда эҳтиёткорона ҳаракатланиш, айниқса, боғча, мактабларга яқин ҳудудларда тезликни оширмасдан ҳаракатланиш, автомобилларнинг техник ҳолати соз бўлиши лозимлиги бўйича тушунтириш-тарғибот ишларини олиб бормоқдалар.
Ички ишлар органлари ходимлари нафақат жамиятда ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олишда, қолаверса, фуқароларнинг жамиятда ўз ўрнини топишларида ҳам яқиндан кўмакчидир. Айтиш керакки, фуқаролар томонидан содир этилаётган ҳуқуқбузарлик ва жиноятларга асосий сабаб, кўпинча уларнинг ҳаётида учраётган маиший муаммолардир. Яъни, оилавий низоларнинг келиб чиқиши бандлиги таъминланмаган эр-хотинлар орасида кўпроқ учрамоқда.
Мана шуларни ҳисобга олган ҳолда туман Ички ишлар бўлими бошлиғига қарашли 3-сектор ҳудудида аҳолининг мурожаатлари жойида ўрганиб чиқилиб, ҳал қилиб келинмоқда. Сектор раҳбарияти томонидан аҳолига муносиб турмуш тарзини яратиш мақсадида зарур чора-тадбирлар кўриб борилмоқда. Жумладан, 2022 йилнинг шу кунига қадар фуқаролар учун 2 марта бўш иш ўринлари ярмаркаси ташкил этилди. Шунингдек, бандлик дастурига мувофиқ 620 нафар фуқаролар ишга жойлаштирилди.
Таъкидлаш керакки, соҳадаги мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш ҳамда тегишли қонунлар ижросини таъминлаб, ислоҳотлар самарадорлигини оширишда фаоллик кўрсатиш ҳар биримизнинг зиммамиздаги асосий вазифадир. Бу вазифамизни сидқидилдан адо этиш билан бирга жамиятда қонун устуворлигига эришиш, ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш ҳамда жамоат хавфсизлигини таъминлаш орқали юртимиз тинчлиги ва халқимиз фаровонлигига ҳисса қўшишдек бош мақсадимиз йўлида ҳамиша собитқадаммиз.
Фурсатдан фойдаланиб, барча ҳамкасбларимизни яна бир бора 25 октябрь − Ички ишлар органлари ходимлари куни билан табриклайман!
Ж.Юсупов, Туман ИИБ бошлиғи, подполковник.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶