ТУМАН ҲОКИМИ ГУЛЗОР МАҲАЛЛАСИДА ЁШЛАР БИЛАН УЧРАШДИ
Ёшлар – келажагимиз. Улар эртамиз, юртимиз келажаги ва миллатимиз давомчиларидир. Демак, бугун ёш авлод камолоти йўлида ташланган ҳар бир қадам фарзандларимизнинг порлоқ истиқболи ва жонажон Ўзбекистонимизнинг нурли келажаги йўлида қўйилган одимлар ҳисобланади.
Шу ўринда айтиш лозимки, ушбу эзгу мақсадларни рўёбга чиқариш, ёшлар билан тизимли равишда ишлашиш мамлакатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир. Овул ва маҳаллалар кесимида мунтазам равишда ўтказилиб келинаётган “ҳоким ва ёшлар учрашуви” ҳам ана шу мақсадга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Амударё туманининг Гулзор маҳалла фуқаролар йиғинида ўтказилган туман ҳокими Султонбой Йўлдашевнинг ёшлар билан навбатдаги учрашуви ҳам шулар жумласидандир. Учрашувда туман ҳокими Султонбой Йўлдашев, туман Халқ қабулхонаси бўлими мудири Эркин Ражабов, ҳоким ўринбосари Маҳмуд Шерметов, тегишли корхона-ташкилот масъуллари ҳамда маҳалланинг фаол ёшлари иштирок этишди.
Учрашув расмиятчиликдан ҳоли очиқ тарзда бўлиб ўтди.
Учрашув аввалида туман Халқ қабулхонаси бўлими мудири Эркин Ражабов сўз олиб, мамлакатимизда ёшларга бўлган эътибор ҳақида айтиб ўтди. Ҳамда ёшларнинг ҳар доим олға интилиши, Президентимиз белгилаб берган йўлдан бориши лозимлигини таъкидлади.
Шунингдек, ёшлар учун турли соҳаларда яратилаётган имкониятлар, енгилликлар ҳақида маълумот бериб уларни шижоат билан олға интилишга, ўқиб билим олишга ва Ватан корига ярайдиган муносиб фарзанд бўлишга даъват қилди.
Учрашувда туман ҳокими Султонбой Йўлдашев бугунги кунда турли соҳаларда жонбозлик кўрсатиб, муваффақиятларга эришаётган интилувчан ёшлар ҳақида айтиб ўтди. Шунингдек, ёшларга улардан ўрнак олиш, бўш вақтни мазмунли ўтказиб касб-ҳунар ўрганиш лозимлигини таъкидлади.
Қолаверса, беш босқични ўз ичига олган “Беш ташаббус олимпиадаси”нинг иккинчи мавсумида ҳам ёшлардан фаол иштирок этиб Республика миқёсида юқори ўринларни эгаллашларига тилакдошлик билдирди.
Шундан сўнг ёшлар ўзларини қизиқтирган савол ва таклифлар билан туман ҳокимига мурожаат қилдилар. Мурожаатлар асосан бандлик, контракт-тўловининг қоплаб берилиши, имтиёзли кредит ажратилиши каби масалаларда бўлди. Мурожаатлар юзасдан тегишли корхона, ташкилот масъулларига топшириқлар берилиб, муддатлар белгиланди ҳамда ижроси назоратга олинди.
Бугун Ўзбекистонда юксак маънавиятли авлод тарбияланмоқда. Бугунги ёшларнинг онг-у шуури, дунёқараши ҳам ўзгарган. Ёшларимиз орасида янгича ўйлайдиган, инновацион ғояларини амалга татбиқ эта оладиган кучлар борлиги бизни қувонтиради.
Туман ҳокими ёшларга мурожаат қилиб, бугун амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишларининг барчаси ёшлар учунлигини, ёшлар ўз устида доимий ишлаб, ҳамиша юқори марраларни забт этишга интилишлари лозимлигини таъкидлади. Шунингдек, Ўзбекистон келажаги ёшлар қўлида эканлиги, ўқиб ҳунар зрганган инсон ҳеч қачон кам бўлмаслиги ва жамиятда ҳам ўз ўрнига эга бўлишини айтиб, ёшларга келгуси ўқиш ва ишларида омад тилади.
Туман ҳокимлигининг Ахборот хизмати.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶