ЖИНОЯТЧИЛИКНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШ МАСАЛАЛАРИ МУҲОКАМА ЭТИЛДИ
Амударё туманида жиноятларнинг барвақт олдини олиш ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш фаолиятида йўл қўйилган камчиликлар ва галдаги вазифалар муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказилди.
Шу йил 30 октябрь куни туман ҳокимлиги биносида бўлиб ўтган мазкур йиғилишда Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Бахтиёр Ражабов, туман ҳокими Султонбой Йўлдашев, туман прокурори, Ички ишлар бўлими бошлиғи ва масъуллари иштирок этишди. Шунингдек, ҳоким ўринбосарлари, секторлар, тегишли давлат органлари ва ташкилотлар раҳбарлари, фуқаролар йиғинлари раислари ҳам қатнашишди.
Йиғилишда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши кураш, бу борада тумандаги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлиги, амалга оширилаётган чора-тадбирларга доир масалалар муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, жорий йилнинг 9 ойи давомида туман Ички ишлар бўлими ходимлари томонидан ҳудудда тинчликни сақлаш, ижтимоий-сиёсий барқарорликни таъминлаш, содир этилган жиноятларни ўз вақтида фош қилиш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг, шунингдек, ҳар қандай фавқулодда ҳодисалар содир этилишининг олдини олиш борасида жамоатчилик вакиллари ва бошқа масъул ташкилотлар билан ҳамкорликда бир қатор тезкор-профилактик тадбирлар амалга оширилган. Аммо олиб борилган тезкор профилактик тадбирларга қарамасдан Амударё тумани ҳудудида жорий йилнинг ўтган 9 ойи мобайнида жами жиноятлар сони 22,5 фоизга, жиноят қидирув соҳасидаги жиноятлар 38,9 фоизга, иқтисодий соҳадаги жиноятлар 3,1 фоизга ошган. Бошқа соҳадаги жиноятлар эса 10,7 фоизга камайишига эришилган.
Бундан ташқари, тумандаги 37 та овул ва маҳаллаларда вояга етмаганлар, гуруҳлар, муқаддам судланганлар, хотин-қизлар, ишсизлар ва ёшлар томонидан содир этилган жиноятлар 52 тани ташкил қилган. Шунга кўра, туман ҳудудидаги 49 та маҳаллаларнинг 22 таси “қизил”, 7 таси “сариқ” тоифаларга ажратилган. 20 та овул ёки маҳаллада эса умуман жиноят содир қилинмагани боис “яшил” тоифага киритилган.
Йиғилишда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашда кузатилаётган айрим камчиликлар соҳадаги ислоҳотларга соя солаётгани эътироф этилди. Шу сабабли ҳуқуқбузарликлар профилактикасини ташкил этиш, жиноятларнинг олдини олиш, жиноятларни рўйхатдан ўтказиш ва ҳисобга олиш, тезкор қидирув ва терговдаги тизимли камчиликлар танқидий муҳокама этилди.
Жиноят ва ҳуқуқбузарликлар аксарият ҳолларда оила ва оддий маиший муносабатлар замирида келиб чиққани, қариндош-уруғлар, қўни-қўшнилар ўртасидаги низолар тўлиқ бартараф этилмаётгани, оилаларда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш борасидаги камчиликлар кўрсатиб ўтилди. Илгари судланган шахслар томонидан ва маст ҳолда жиноят содир этилишининг олдини олишга қаратилган тадбирлар таъсирчанлигини ошириш кераклиги тилга олинди.
Йиғилиш давомида фуқаролар йиғинлари ҳамда профилактика инспекторлари фаолиятини самарали ташкил этиш билан боғлиқ тадбирлар кўриб чиқилди. Ёшлар, айниқса, вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олишда туман ҳокимлиги, Халқ таълими, Ички ишлар бўлими, Ёшлар агентлиги ва бошқа мутасадди идоралар билан ҳамкорликни кучайтириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди. Шунингдек, жиноятни ҳисобга қўйиш, тезкор қидирув ва терговдаги камчиликлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг айрим ходимлари томонидан инсон ҳуқуқларини поймол этиш ҳолатларига чек қўйиш борасида масъуллар олдига аниқ вазифалар қўйилди.
Йиғилиш якунида билдирилган фикр-мулоҳазалар эътиборга олинган ҳолда аҳоли тинчлигини таъминлашдаги нуқсонларни ўз вақтида бартараф этиш, давлатимиз раҳбари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар олдига қўйган вазифаларни бажариш бўйича аниқ тадбирлар белгилаб олинди.
О.Худойберганова.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶