“КЕКСАЛАР УЧУН ТУРИЗМ ОЙЛИГИ” ДОИРАСИДАГИ ТАДБИРЛАРДА АМУДАРЁЛИК НУРОНИЙЛАР МАРОҚЛИ ҲОРДИҚ ЧИҚАРИШМОҚДА
Маълумки, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 28 майдаги “Кексаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадидаги Қорақалпоғистон Республикаси Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирининг тегишли буйруғига кўра ҳар йили 1 ноябрдан 30 ноябрга қадар “Кексалар учун туризм ойлиги”ни ўтказиш белгиланган. Шунга мувофиқ айни кунларда юртимизда “Кексалар учун туризм ойлиги” доирасидаги тадбирлар давом эттирилиб, кекса отахону-онахонлар учун диёримиздаги диққатга сазовор ва тарихий масканларга саёҳатлар ташкил этилмоқда.
Мазкур қарор ва буйруқнинг ижросини таъминлаш мақсадида Амударё туманида ҳам “Кексалар учун туризм ойлиги”га тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш бўйича туман ишчи гуруҳ таркиби тасдиқланди ва ишчи гуруҳ аъзолари барча фуқаролар йиғинларига бириктирилди.
Ойлик доирасида тумандаги барча овул ва маҳаллаларда режа асосида қатор тадбирлар ташкил қилинмоқда. Биргина 19 ноябрь кунги тадбирлар мисолида ойликнинг қанчалик юқори савияда ўтказилаётганини кўриш мумкин.
Шу куни тадбирлар эрталабдан “Саломатлик учун 5000 қадам” шиори остидаги марафон билан бошланди. Марафонда 200 нафардан ортиқ нуронийлар иштирок этиб, Олмазор маҳалласидаги Марказий ўйингоҳдан шу маҳалла ҳудудидаги сунъий қопламали футбол майдончасигача пиёда юришди ҳамда соғломлаштириш машғулотларида қатнашишди. Шундан сўнг, нуронийлар иштирокида мини футбол мусобақаси ташкиллаштирилди ҳамда совриндорларга эсдалик совғалари топширилди.
Олмазор маҳалласи ҳудудидаги “Баркамол авлод” мактабида бўлиб ўтган миллий ҳунармандчилик кўргазмаси ва “Уч авлод” учрашуви тадбирида Ўзбекистон Республикаси Нуронийлар жамғармаси бўлим бошлиғи Мажид Умаров, Қорақалпоғистон Республикаси Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазири ўринбосари, Нуронийлар жамғармаси раиси Турсунбой Абдужабборов, туман Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи маслаҳатчиси Баҳодир Болтабоев ҳамда 30 нафардан ортиқ нуронийлар, 50 нафардан ортиқ ёшлар иштирок этишди. Қизиқарли ўтган тадбир якунида ҳомийлар томонидан нуронийларимизга эсдалик совғалари берилди.
Масъуллар ва бир гуруҳ кексалар Олмазор маҳалласидан чиқиб, туман Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бўлими биносига келишди ҳамда бўлим биносида ташкил этилган тадбирларда иштирок этишди. Бўлим биносида нуронийлар иштирокида соғломлаштириш машғулотлари, шахмат-шашка мусобақаси ўтказилди. Мусобақа якунида фахрли ўринларни қўлга киритган иштирокчилар бўлим томонидан тайёрланган эсдалик совғалари ҳамда дипломлар билан тақдирланди.
Бўлимда ўтказилган тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазири Соғиндиқ Турманов, туман ҳокими Султонбой Йўлдашевлар ҳам иштирок этишди. Тадбир иштирокчилари фахрий нуроний Бозорбой Холимбетов ва унинг шогирдлари томонидан яратилган ҳайкалтарошлик, рассомчилик ҳамда бошқа ижодкор нуронийларнинг ижод намуналари, китоблар кўргазмалари билан таништирилди. Тадбир якунида Қорақалпоғистон Республикаси Нуронийлар жамғармаси ва туман Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бўлими томонидан фахрий нуронийлар Турсунбой Абдуллаев, Саъдулла Хўжаниёзов, Бозорбой Холимбетов, Салима Холбоева, Гулчеҳра Атабаева ҳамда Робия Йўлдошеваларга қимматбаҳо совғалар топширилди.
Шу куннинг ўзида тумандаги Аёқчи маҳалла фуқаролар йиғини биносининг очилиши маросими ҳам бўлиб ўтди. Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазири Соғиндиқ Турманов, Ўзбекистон Республикаси Нуронийлар жамғармаси бўлим бошлиғи Мажид Умаров, Қорақалпоғистон Республикаси Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазири ўринбосари, Нуронийлар жамғармаси раиси Турсунбой Абдужабборов, туман Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи маслаҳатчиси Баҳодир Болтабоевлар, 60 нафардан ортиқ нуронийлар, фаол ёшлар иштирок этишди.
Мазкур бино замонавий услубда қурилган бўлиб, ходимлар ишлаши учун барча шарт-шароитлар яратилган. Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазири Соғиндиқ Турманов сўзга чиқиб, барчани янги бино билан табриклади ва Аёқчи маҳалласи ходимлари учун янгидан битта компьютер ва битта рангли принтер совға қилди.
Шундан сўнг, Аёқчи маҳалласидаги “Оталар чойхонаси”да “Эҳтиром, эъзоз, эътибор” деб номланган тадбир ўтказилди ва ушбу тадбирда 60 нафардан ортиқ нуронийлар, шу ҳудуддаги фаол ёшлар қатнашдилар. Очиқ дастурхон атрофида ўтказилган тадбир иштирокчиларига миллий таом – ош тортилди.
Аёқчи маҳалласида бўлиб ўтган тадбирлардан сўнг, масъуллар Қиличбой овулидаги “Хидирбой ота” тўйхонасида ташкил этилган “Янги Ўзбекистонни барпо этишда нуронийларнинг ўрни” тадбирида иштирок этишди. Тадбирда 50 нафардан ортиқ ёшлар ҳамда 70 нафарга яқин нуронийлар қатнашишди. Ушбу тадбирда нуронийлар ёшларга ўзларининг бой ҳаётий тажрибалари ҳақида сўзлаб беришди. Шунингдек, концерт дастури ҳам ташкил этилиб, иштирокчилар очиқ дастурхон атрофида йиғилдилар. Уларга ҳам ҳомийлар томонидан ош тортилди.
Шундан сўнг, Ўзбекистон Республикаси Нуронийлар жамғармаси бўлим бошлиғи Мажид Умаров, Қорақалпоғистон Республикаси Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазири ўринбосари, Нуронийлар жамғармаси раиси Турсунбой Абдужабборовлар туман “Нуронийлар жамоатчилик кенгаши” раиси ўринбосари Бекман Аллаберганов ва Навоий номли маҳалла фуқаролар йиғини раисининг Кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича маслаҳатчиси Эрдош Давлетовлар билан бирга Амударё телевидениесида “Кексалар учун туризм ойлиги” мавзуси бўйича телекўрсатувни эфирга олиш жараёнида қатнашишди.
Шундан кейин масъуллар Тўлқин овул фуқаролар йиғини биноси олдидаги Street workout майдончасига олиб борилди ва улар фуқаролар йиғини биноси олдида маҳалла боғини яратишда иштирок этиб, кўчат экдилар.
Масъул меҳмонлар, нуронийлар овулда ташкил этилган “Уч авлод” учрашуви тадбирида ҳам иштирок этиб, ўзларининг бой тажрибалари билан бўлишдилар. Тадбирда меҳмонлардан ташқари 50 нафардан ортиқ нуронийлар ва фаол ёшлар ҳам қатнашдилар. Тадбир сўнгида Қорақалпоғистон Республикаси Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазири ўринбосари, Нуронийлар жамғармаси раиси Турсунбой Абдужабборов 3 нафар фаол фахрий нуронийларга 300 минг сўмдан пул мукофотини топширди.
Шу куни 50 нафар нуронийлар Бухоро ва Самарқанд вилоятларига саёҳатга юборилди. Туманда “Кексалар учун туризм ойлиги” доирасидаги тадбирлар давом этмоқда.
Б.Болтабоев, туман Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи ўринбосари.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶