“ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОННИ БАРПО ЭТИШДА НУРОНИЙЛАРНИНГ ЎРНИ” ШИОРИ ОСТИДА ДЎСТЛИК МФЙДА НУРОНИЙЛАРГА ҲУРМАТ-ЭҲТИРОМ КЎРСАТИЛДИ
– Агар жамият ҳаётининг танаси иқтисодиёт бўлса, унинг жони ва руҳи маънавиятдир, – деган эди муҳтарам Президентимиз ўз маърузаларидан бирида. – Биз Янги Ўзбекистонни барпо этишда иккита мустаҳкам устунга таянамиз. Биринчиси – бозор тамойилларига асосланган кучли иқтисодиёт бўлса, иккинчиси – аждодларимизнинг бой мероси ва миллий қадриятларга асосланган кучли маънавиятдир.
Президентимиз таъкидлаган кучли маънавият илдизлари халқда – маҳаллада. Шунинг учун ҳам маҳаллани қадриятлар бешиги, она Ватан ичра кичик Ватан, дея эъзозлаймиз. Чунки барчамиз маҳаллада, ўзимиз учун азиз ва қадрдон гўша – оиламиз бағрида яшаймиз ҳамда ўз оиламизга хос интизом, ўзаро меҳр-оқибат, аҳиллик қалбларимизга қувонч, хотиржамлик ва ифтихор бағишлайди. Шу боис, ҳам Президентимиз маҳаллаларга “Ўзбекистоннинг уриб турган юраги – миллий ўзлик тантана қилган қутлуғ макон”, дея таъриф берганлар.
Манғит шаҳридаги Дўстлик маҳалла фуқаролар йиғинида маҳалла нуронийлари ҳамда ибратли оила соҳиб ва соҳибалари иштирокидаги “Янги Ўзбекистонни барпо этишда нуронийларнинг ўрни” шиори остида бўлиб ўтган “Бир пиёла чой устида дилдан суҳбат” маънавий-маърифий тадбирида ҳам ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар қалбида асрлар давомида шаклланган бобомерос миллий қадриятларга ҳурмат ва эътибор туйғусини мустаҳкамлаш, оилаларда ўзаро меҳр-оқибат, аҳиллик тамойилларини янада ривожлантириш, ҳар бир ёшнинг Ватанга, она юрт келажагига дахлдорлик ҳисси билан яшаб, эл-юрт фаровонлигига муносиб ҳисса қўшишга интилишларини рағбатлантириш мавзуларида самимий мулоқотлар ташкил этилди.
Тадбирда Дўстлик маҳалла фуқаролар йиғини раиси Илмира Исмоилова раҳбарлигида ҳудуд бўйича профилактика инспектори Абдулазиз Бозорбоев, ҳоким ёрдамчиси Рашид Ўрозимбетов, хотин-қизлар фаоли Шоира Худойберганова ва ёшлар етакчиси Дилмурод Ёдгоровлар билан маҳалла ҳудудида истиқомат қилувчи 30 нафардан ортиқ бемор нуронийлар ҳолидан хабар олиб, уларнинг муаммоларини ўргандилар ва зарур муолажа чораларини кўриш ҳақида ҳудудий шифокорларга хабарномалар бердилар.
Шундан сўнг, “Бир пиёла чой устида суҳбат” тадбирига ташриф буюрган, 55 йилдан бери бир оила бўлиб, аҳил-иноқликда яшаб келаётган Раҳимбой ота Артиқов ҳамда Санамжон момоларнинг турмуш қурганларига 55 йил тўлиши муносабати билан маҳалла маъмурияти томонидан совғалар топширилди. 8 нафар фарзандни эл-юртга камарбаста, ўқимишли ва касб-ҳунарли, ўзаро меҳр-оқибатли инсонлар қилиб тарбиялаб, вояга етказган нуронийлар тадбир иштирокчиларига ўз ҳаётлари давомида қатъий амал қилган оила қадриятлари хусусида, шунингдек, қийинчиликларни мардонавор енгиб ўтишда халқ билан бирга, ҳамжиҳатликда меҳнат қилганлари натижасида фаровонликда яшаб, обод турмуш файзидан баҳраманд ҳаёт кечираётганларини ифтихор билан сўзлаб бердилар.
Маҳалла нуронийларининг файзли дастурхон атрофидаги “Бир пиёла чой устида дилдан суҳбат”лари, айниқса, ёш оилалар, ҳаётда ўз ўрнини топиш мақсадида интилиб яшаёган ёшлар учун ҳақиқий ибрат ва маънавият сабоқлари бўлди.
Тадбирларда туман Махалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи ўринбосари Баҳодир Болтабаев ва Нуронийлар жамоатчилик кенгаши раиси ўринбосари Бекман Алламбергановлар қатнашиб, туманимизда кексалар ва нуронийларга бўлаётган эҳтиром, эъзоз, эътибор тўғрисида гапириб ўтди.
Шуни алоҳида мамнуният билан қайд этиш керакки, Дўстлик маҳалла фуқаролар йиғини масъуллари томонидан нуронийларга кўрсатилаётган бу каби эътибор ва рағбат туфайли ноябрь – кексалар туризм ойлиги доирасида 30 нафар нуроний отахон ва онахонлар Хива шаҳрига саёҳат қилиб, маънавий ҳордиқ чиқариб қайтдилар. 100 нафардан ортиқ нуронийлар учун туманимизда ташкил этилган тарихий-ўлкашунослик музейига саёҳат уюштирилди. Шунингдек, “Бир пиёла чой устида дилдан суҳбат” тадбирида 50 нафар нуроний отахон ва онахонлар учун файзли дастурхон ёзилиб, миллий таомлар тортилди.
Кексалар – хонадонларимиз фаришталари, бугунги фаровон ҳаётимиз меъморлари. Шу боис, янги Ўзбекистонни барпо этишда нуроний отахон ва онахонларимизнинг ўрни ғоят катта. Бу фидойи инсонларнинг ҳаёт тажрибалари, қимматли маслаҳатларидан баҳраманд бўлиш эса ўсиб келаётган ёш авлод учун юксак маънавий куч бағишлайди.
Робия ЙЎЛДОШЕВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶