ТОШ ЁП ОВУЛИДА УЧ АВЛОД УЧРАШУВИ ТАДБИРИ ТАШКИЛ ЭТИЛДИ
Жойларда кекса ва ўрта авлод вакиллари ҳамда ёшлар иштирокидаги “Уч авлод учрашуви” тадбирлари давом этмоқда. Ушбу учрашувларда нуронийларнинг ибратли ҳаёт йўли, турли соҳаларда фаол бўлган ўрта ёшлиларнинг фидойиликлари ҳамда шижоатли ёшларнинг ютуқлари тилга олиниб, барчага ўрнак сифатида кўрсатилмоқда.
17 декабрь куни Амударё туманининг Тош ёп овулида ҳам ҳудуддаги нуронийлар, ўрта авлод вакиллари ва ёшлар иштирокида шундай тадбир ўтказилди. “Манас” кафесида ўтказилган ушбу тадбирда туман Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи Ғуломжон Дуйсенбоев, фуқаролар йиғини раиси Гулшод Собирова, овул ҳудудидаги “Бекман Аллаберганов” фермер хўжалиги раҳбари, халқ депутатлари Амударё туман Кенгаши депутати Илҳом Полвонов, кенг жамоатчилик вакиллари қатнашишди.
Тадбир давомида бугунги кунда юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, бунёдкорликлар, ўзгаришлар эътироф этилди. Шу ўринда кексаларнинг тажрибаси ёшлар учун ҳаёт мактаби эканлиги, уларнинг қимматли панд-насиҳатлари, ҳаёт сабоқлари ёшларнинг шижоати билан бирлашса, жамиятни ривожлантирувчи кучга айланиши, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини ёш авлодга етказишда кекса авлод вакилларининг алоҳида ўрни борлиги таъкидлаб ўтилди.
Очиқ дастурхон атрофида ўтказилган тадбирда иштирок этган овул нуронийлари Кенгаш ота Калиев, Қуронбой ота Отажонов, Мақсад ота Сафарбоев ҳамда маҳалла имоми Гулмирза ота Давлетов, фуқаролар йиғинининг кексалар масалалари бўйича маслаҳатчиси Каримбой ака Ражабовлар ҳам мамлакатимизда барча соҳаларда ислоҳотлар жадал суратларда давом этаётгани, бу янгиланиш ва ўзгаришлар аввало фуқароларнинг манфаатлари, уларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашлари учун хизмат қилаётгани ҳақида сўзлашди.
Узоқ йиллар қишлоқ хўжалигида меҳнат қилган онахонлардан Хушрўй Раҳимова, “Бувижонлар мактаби” аъзоси Ортиқгул Ешчанова, овул фаоли Гулора Қурбонбоевалар ҳам ўз ҳаётий тажрибалари, босиб ўтган ибратли умр йўлларини қизиқарли ва жонли тарзда мароқ билан ҳикоя қилишди. Шунингдек, давлатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида гапириб, эришилаётган барча ютуқлар кўплаб фидоий инсонларнинг машаққатли меҳнати самараси эканлигини таъкидлашди.
Учрашувда ёшлар ҳам сўзга чиқиб, истиқлол катта имкониятлар, имтиёзлар эшигини кенг очиб бераётгани, ушбу имкониятлардан тўғри ва оқилона фойдаланиб, Ватан равнақи, юрт фаровонлиги учун ҳисса қўшиш кераклигини айтиб ўтишди. Бу йўлда улуғ ёшли авлоднинг хайрли ва намунали ҳаёт йўлини дастуриламал қилиб кўрсатиш, уларнинг тажрибаларидан ўрнак олишдек эзгу мақсадларни ўзида мужассам қилган бу каби тадбирлар ўзлари учун чинакам маҳорат мактаби вазифасини ўташини эътироф этишди.
Тўкин дастурхон атрофида самимий тарзда ўтган тадбирда маҳаллада кексаларнинг ўрнини янада ошириш, ёшларга ҳар жиҳатдан намуна бўлиш, шунингдек, соғлом турмуш тарзига амал қилиш кабилар масалаларда ҳам фикрлар билдирилди.
Тадбирга ташриф буюрган меҳмонларга миллий таомимиз палов ҳам тортилди ва нуронийларга эсдалик совғалари топширилди.
О.Худойберганова.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶