САБР-У ЧИДАМ БИЛАН
Мен 1962 йилнинг ноябрь ойидан 1965 йилнинг ноябрь ойигача, уч йил собиқ совет армияси сафида хизмат қилганман. Уч йил ота-онангдан, туғилиб-ўсган юртингдан узоқда бўлиш осон эмаслигини тенгдошларимиз яхши билишади. 70 йилларда армия хизмати уч йилдан икки йилга туширилди. Ҳозир эса бир йил.
Бизлар ҳарбий хизматга чақирилган давримизда иложи борича кўпчилик ҳарбий хизматдан қолишга ҳаракат қилишарди. Ўтган асрнинг 64-65 йилларида эса олий ўқув юртида ўқиётганлар, битирганлар ҳам ҳарбий хизматга чақирила бошланди.
Хўш, ҳозир қандай? Армия ёшидаги ёшларимизга ҳавас қилсак арзийди. Негаки, улар ҳозир бир йил ўз Ватанида хизмат қилади. Шу билан биргаликда анча имтиёзларга эга бўлишади. Авваллари бундай имтиёзлар йўқ эди.
Ҳарбий қисмларда турли миллат вакиллари хизмат қилишарди. Натижада ўзаро келишмовчилик, тортишув, ўзидан бошқа миллатни менсимаслик ҳолатлари ҳам учраб турарди. Мен хизмат қилган қисм темир йўлдан 15-20 чақирим узоқликда, қалин ўрмон ичида жойлашганди. Қисмимизга темир йўл орқали турли қурилиш моллари келарди, уларни эса кечиктирмай вагонлардан тушириш лозим эди. Шу боисдан ҳам темир йўл станциясида навбатчилик қилардик. Бир куни ярим тунда юк келди. Навбатчилар бошлиғи рус миллатига мансуб зобит эди. Ярим кеча бўлишига қарамай, у мени қисмга хабар бериш учун юборди. Бунга 60 йилча вақт ўтган бўлсаям, у кун тез-тез ёдимга тушиб туради.
Зобит буйруғини бажариш аскар учун қонун. Хуллас, ярим тунда ўрмон ичидан қисмга яёв бир ўзим етиб борганман.
Юк келганлиги ҳақидаги хабарни қисм раҳбариятига эрталаб етказса ҳам бўларди. Холбуки, буни зобитимиз тушунишни истамади ва мени – ўзбек миллатига мансуб аскарни аяш ҳақида ўйлагиси ҳам келмади. Биз ана шундай босимлар остида хизмат қилганмиз.
Дарҳақиқат, бизлар уч йил барча қийинчиликларга бардош бериб, сабр-у чидам билан хизмат қилдик. Натижада бошқа орзуларимизга уч йил кечикиб етишганмиз.
С.ХЎЖАНИЁЗОВ, фахрий журналист, собиқ аскар.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶