МЕНИ АРМИЯ ТОБЛАДИ
Биз кўпинча ҳаётда бўш вақт деган тушунчага унчалик эътибор беравермаймиз. Бўш вақтимиз бўлганида эса жуда кўп ҳолатларда ундан нотўғри фойдаланамиз. Аммо бизнинг оиламизда кимнинг-ки бўш вақти бўлса, албатта, биринчи галда ўзи ва оиламиз учун фойдали машғулот билан шуғулланишга одатланганмиз. Шахсан мен бўш вақтни имконият, деб тушунаман. 2012 йилда 3-сонли Амударё академик лицейини тугатиб, Тошкент тиббиёт академиясига ҳужжатларимни топширдим. Лекин талаб қилинган баллни тўплай олмаганим учун ўқишга кира олмадим. Нима қилиш керак? Олдимда бир йил турибди. Махсус тайёрлов курсида ўқисаммикан, деган хаёлга бордим. Негадир, бундай ўқув курсларида ўқишдан кўра, ҳарбий хизматга боришни истадим.
- Яхшиси, Армияга кетаман, жанговар техникаларнинг сир-асрорларини ўрганаман, -дедим ота-онамга.
Мен бўш вақтимни ҳарбий ҳаёт билан банд қилишга жазм этдим. Туман мудофаа ишлари бўлими томонидан чақирув қоғозини олганимда, тўғриси, ўзимни зобитдай ҳис қилганман. Барча назарий ва амалий ҳамда жанговар тайёргарлик синовларидан муваффақиятли ўтиб, ҳарбий хизматга жўнаб кетдим.
Бир йил давомида гўзал Фарғонанинг Марғилон шаҳридаги ҳарбий қисмлардан бирида она Ватан олдидаги ўз йигитлик бурчимни адо этдим. Шуни мамнуният билан айта оламанки, ҳарбий ҳаёт мени жисмонан ва ақлан чиниқтирди. Маънавий-ахлоқий жиҳатдан шаклланишимга ёрдам берди. Бундан ташқари, бўш вақтдан янада унумли фойдаланишни ўргандим. Назарий ва амалий машғулотларнинг узвийлиги, бир-бирига уйғун тарзда олиб борилиши боис, мен ўзим қизиққан табиий фанлар бўйича билимимни янада бойитдим. Ўтказилган назарий билимлар тест синовида юқори натижаларга эришиб, қўмондонлик томонидан олий ўқув юртига ўқишга киришда имтиёз берувчи тавсияномага эга бўлдим. Ҳарбий хизматдан келгач, қисқа муддат мустақил тайёргарликдан сўнг Тошкент тиббиёт академиясининг тиббий профилактика факультетига ҳужжатларимни топширдим. Давлат тест синовларидан муваффақиятли ўтиб, талабалик бахтига муяссар бўлдим.
Мен барча тенгдошларимга қарата шундай дегим келади:
– Азизлар, бўш вақт–инсон учун катта имконият. Ана шу имкониятдан фойдаланиб, умрнинг ҳар бир лаҳзасининг қадрига етиб яшайлик. Менинг ҳаётимга ана шу имконият зеб берди. Она Ватанга хизмат қилишдек бахтга эришдим. Армия эса мени ҳар жиҳатдан чиниқтирди, олдинга, фақат олдинга интилиб яшашга ўргатди.
Фурсатдан фойдаланиб, мен барча юртдошларимни, хизматдош дўстларимни, она Ватанимиз сарҳадларида сергак турган аскар-у зобитларни Ватан ҳимоячилари куни билан самимий табриклайман. Осмонимиз мусаффо, юртимиз тинч ва обод, орзу йўлларимиз ойдин бўлсин!
Дилшодбек РЎЗМЕТОВ,
Тошкент тиббиёт
академияси 1-босқич талабаси,
заҳирадаги оддий аскар.
(Фото - uza.uz)

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶