ЯНГИ ФАРМОНЛАР ОДИЛ СУДЛОВГА ЭРИШИШ ВА СУДЛАР ФАОЛИЯТИ САМАРАДОРЛИГИНИ ОШИРИШГА ХИЗМАТ ҚИЛАДИ
Давлатимиз раҳбарининг «Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ҳамда «Одил судлов фаолиятини амалга оширишни самарали ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонлари одил судловга эришиш йўлидаги яна бир муҳим қадам бўлди. Президентимиз томонидан 2023 йил 16 январда имзоланган ушбу 2 та тарихий ҳужжат айнан Мурожаатномада билдирилган таклифларнинг ижросини амалда таъминлашга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.
Президентимиз Фармонларида судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш мақсадида уларнинг ишига ҳар қандай аралашув қатъий жазоланиши, судьяларнинг хавотирсиз ишлаши учун давлат томонидан барча шароитлар яратилиши қайд этилган. Шунингдек, 2022-2026 йилларга мўлжалланган суд тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишнинг қисқа муддатли стратегияси ҳам тасдиқланган.
Стратегия доирасида “Инсон қадри учун” ғояси асосида чинакам адолатли суд тизимини шакллантириш ҳамда унинг фаолиятини ҳалқ манфаати ва инсон қадр-қимматини самарали ҳимоя қилишга йўналтириш, адолатли суд қарорлари қабул қилинишига эришиш, шу жумладан, тадбиркорларнинг суд тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлаш кабилар одил судловни таъминлашнинг устувор вазифалари этиб белгиланган.
Ундан ташқари, фуқаролар ва тадбиркорларга ўз ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини судларда ҳимоя қила олиши учун барча имкониятларни яратиб, тортишув ва тарафларнинг тенглиги тамойилларини тўлақонли руёбга чиқариш, холислигини амалда таъминлаш бўйича чора-тадбирлар белгилаб қўйилган. Соҳани тўлиқ рақамлаштириш, масофадан туриб иштирок этиш имкониятларини кенгайтириш, суд қарорларининг қатъий ижросини таъминлаш, судьялар ва суд ходимларида юксак муомала маданиятини шакллантириш кабилар ҳам кўзда тутилган.
Ушбу вазифаларнинг бажарилиши суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашга, уларнинг шаъни ҳамда қадр-қиммати камситилишига йўл қўймасликка хизмат қилади. Шу билан бирга, суд ва тергов органлари масъулиятини янада кучайтириб, аҳолининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва судга бўлган ишончини оширади.
Қ.Атамурадов, Фуқаролик ишлари бўйича туман суди раиси.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶