ҚИЛИЧБОЙДА НАВРЎЗ ТАНТАНАЛАРИ
Халқимизнинг қадим тарихи ва маданиятининг узвий қисми бўлган Наврўзи олам тантаналарини доимо орзиқиб, интиқиб кутишимиз, унга талпинишимиз бежиз эмас. Боиси, Наврўз – бирдамлик, тинчлик, тотувлик, дўст-биродарликни ўзида ифода этувчи халқчил байрамдир. Байрам баҳона бир-бировни йўқлаш, сумалак, гўжа, палов каби миллий таомлар билан дўст-ёронларни меҳмон қилиш, бемор, кексалар ҳолидан хабар олиш, муҳтожларга меҳр-мурувват кўрсатиб, кўнглини олиш – ушбу қутлуғ кунда амалга ошириладиган қадимий одатларимиздандир.
Халқи меҳнаткаш, танти Қиличбой овулида ҳам байрам муносабати билан тадбир ташкиллаштирилди. Унга овулда истиқомат қилувчи улуғ ёшли нуронийлар, ўғил-қизларини одобли, илмли қилиб вояга етказган ибратли оналар, турли жабҳаларда меҳнат қилаётган фидойи инсонлар, ёшлар иштирок этдилар.
Овул фуқаролар йиғини биноси олдидаги байрамона безатилган улкан майдончага йиғилган аҳолини овул фуқаролар йиғини раиси Баҳром Қодиров, раиснинг кексалар ишлари бўйича ўринбосари Амина Юсупова, овул ёшлари етакчиси Жасур Отамуродовлар қизғин табриклаб, эзгу тилакларини билдирдилар.
Даврада ҳудуддаги давлат ва хусусий мактабгача таълим, умумий ўрта таълим муассасалари ходимлари томонидан дастурхон ёзилиб, баҳорий таомлар, чевар ва пазанда қизлар тайёрлаган турли пишириқлар тортилди.
22-, 27-сонли мактабгача таълим ташкилотлари, 15-, 69-сонли умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчилари иштирокида тайёрланган “Хуш келибсан, Наврўзи олам!” деб номланган театрлаштирилган байрам дастури йиғилганларга чексиз таассуротлар ҳадя этди.
Жажжи қизалоқларнинг халқимизнинг миллий кийимларида қувнаб рақсга тушишлари, она юртимизни, тинчлигимизни, яшариш, янгиланиш фасли – баҳор, Наврўзни мадҳ этувчи шеър, қўшиқлар ижро этиши ҳеч кимни эътиборсиз қолдирмади.
Амударё тумани Маданият бўлими ходимлари чиқишларидан сўнг, байрам тадбири Муяссар Матёқубова раҳбарлик қилаётган хусусий мактабгача таълим ташкилотида ташкиллаштирилган “Сумалак сайли” билан давом этди.
Муассаса ходимлари овулнинг нуроний онахонлари маслаҳат ва кўрсатмаларига мувофиқ сумалак қайнатаётган улкан дошқозон атрофида ўйин-кулгулар узоқ давом этди.
Наврўз байрами муносабати билан ташкиллаштирилган тадбирлар қиличбойликларга хуш кайфият, кўтаринки руҳ бахш этди. Улар байрам ташкилотчилари – овул фуқаролар йиғини, овулдаги мактабгача таълим ташкилотлари, умумий ўрта таълим мактаблари, Қиличбой Маданият маркази масъулларига улкан миннатдорчилик билдиришди.
Ойгул РАЖАБОВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶