ХИЗР ЭЛИ МАҲАЛЛАСИДА НАВРЎЗ БАЙРАМИГА БАҒИШЛАНГАН ТАДБИР ЎТКАЗИЛДИ
Ўлкамизда янгиланиш ва яшариш айёми – Наврўзи олам шукуҳи кезмоқда. Бу улкан шодиёна юртимизда яшаётган барча миллат ва элат вакиллари учун энг суюкли байрамдир. Неча минг йиллардан буён давом этиб келаётган ушбу байрам, баҳор тантанаси маънавий ҳаётимизнинг кўрк-у зийнатига айланган. Жойлардаги каби туманимизнинг чекка ҳудудларидан бўлган Хизр эли маҳалласида ҳам Наврўз айёми муносабати билан катта тадбир ташкил этилди.
19 март куни Хизр эли маҳалласи ҳудудидаги фермерлар ҳомийлигида “Шаҳзодбек-Хурсандбек” тўйхонасида очиқ дастурхон атрофида ўтказилган ушбу тадбирда маҳалланинг ёшу-қари аҳолиси жамул-жам бўлди.
Баҳорий куйлар садоси остида бошланган тадбирни маҳалла фуқаролар йиғини раиси Отабек Тўраев очиб, барчани айём билан қутлади ҳамда Наврўзнинг юртимизда меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик, инсонийлик, бағрикенглик ва бунёдкорлик, хайр-саховат муҳитини янада мустаҳкамлаш, ёш авлодни миллий анъаналаримизга садоқат ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида камол топтиришдаги ўрни ва таъсири тобора ортиб бораётганини таъкидлади. Маҳалла нуронийлари ҳам сўзга чиқиб, барчани байрам билан табриклашди. Шарқона янги йил барча элимизга қут-барака, ҳар бир хонадонга тинчлик-омонлик, бахт-саодат, файз-барака, мўл ризқ, қалбларга қувонч ва завқ олиб келишини тилаб, дуога қўл очишди.
Дарҳақиқат, Наврўз келишини бободеҳқонларимиз, миришкор боғбонларимиз орзиқиб кутишади. Улар ерга барака уруғини сочади, мевали ва манзарали дарахтлар ўтқазади. Зеро, ерга меҳр ва меҳнат билан қанчалик кўп ишлов берилса, деҳқончилик, зироат ҳам шунга қараб баракали бўлади. Рўзғоримиз, бутун ҳаётимиз фаровон бўлиб бораверади. Элимизда бу муборак фаслни уйғониш фасли ҳам дейишади, барча ҳудудларда ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишлари бошланади. Бу йил ҳам эрта баҳордан туманимизнинг барча ҳудудларидаги каби Хизр эли маҳалласида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасидаги кўчат экиш ишлари бошлаб юборилди.
Байрам тадбирида маҳалла ҳудудидаги 46-сонли умумтаълим мактаби ўқувчилари ҳамда 47-сонли мактабгача таълим ташкилоти тарбияланувчилари иштирокидаги қўшиқ ва куйлар, дилрабо рақслар намойиш этилди. Тадбирга таклиф этилган эл суйган хонанда ва созандалар кўтаринки кайфиятни янада яхшилаб, куйларни шўх тароналарга улашди, барчани рақсга чорлашди. Айтилаётган қўшиқларга мос ижро этилган шўх рақслар даврага ўзгача файз олиб кирди.
Байрам дастурхонига анъанавий ўзбек миллий таомлари, кўк сомса, кўк чучвара, гўжа, сумалак каби баҳор таомлари, зоғора, гўштли ва кўк пиёзли патир нонлар ҳам тортилди. Тадбирга ҳомийлик қилаётган фермерлар томонидан меҳмонларга 80 килограмм ош дамланиб тарқатилди.
Тадбир давомида овул нуронийларига, фахрийларга, Наврўз байрамни ўтказишда фаол қатнашган “Ширин-булоқ” фермер хўжалиги ва “Қувсуриқ” чорвачилик фермер хўжалиги раҳбарлари, ушбу фермер хўжаликларда мавсум давомида юқори кўрсаткичларга эришган бир гуруҳ ишчилар ва механизаторларга байрам муносабати билан совғалар улашилди.
Наврўз айёмининг ташрифини тантанавор руҳда байрам қилган хизр элиликлар қалбида ушбу тадбир ўзининг энг гўзал ва чиройли хотиралари билан муҳрланди.
О.Худойберганова.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶