Хотира мангудир
Кимдир отасини эрта йўқотди,
Айрилиқ дардида тошдайин қотди.
Бу дунё чархида тўз-тўз юраклар,
Умид эшикларин ноумид ёпди.
Саксон ёшдан ошган нуроний бобо,
Ота суратига боқар маҳлиё.
“Рейхстаг устига байроқ тикдик”, деб,
Ёзган хати ҳамон кўзга тўтиё...
Уруш болаларин бирлари бобо,
Бирлари нуроний, мўътабар момо.
Ҳамон армон билан яшаб юрибди,
Айрилиқ дардига топмайин даво.
Армонга қул бўлиб ўтди оналар,
Қайтиб келмади, деб ёвқур болалар.
Ғарб уфқига ботган қуёшга боқиб,
Бағри лов-лов ёнган бағри поралар.
Момомиз бўларди, исми Сафура,
Ғамдан бели толган, кўзлари хира.
Жигарпораларин урушга бериб,
Бағрида қолгани ёлғиз хотира.
Қирқ йил остонадан кетмади нари,
Кўзидан нур кетди, тандан мадори.
Сўнгги дамигача эшикка боқиб,
Эшик тутқичида қолди кўзлари.
Васият қилдилар: “Эшикни ёпманг,
Очиқ турсин, – деди, – шом-у саҳар, тонг.
Болаларим қайтса, сарсон бўлмасин,
Келсалар, бошидан сочқилар сочинг...”
Етмиш саккиз йилки, умидлар тўзди,
Сарғайиб, титилиб тугунлар тўзди.
Фарёдлар болалаб ётган йўлларда,
Нигорон умрлар... Умрлар тўзди.
Фақат тўзгани йўқ сабр-қаноат –
“Болам!” деб, “Отам!” деб қайрилган қанот.
Йиллардан-йилларга ўтаверади,
Хотирага кўчган навқирон ҳаёт!
Мангу ўн саккизда, ўттизда қолган,
“Ватан!” деб Ватанга етолмай толган.
Неча минг шаҳидлар изларин излаб,
Дунёлар гирёндир, одамзот гирён...
Робия Йўлдошева.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶