“Бадай тўқай” кўриқхонасига саёҳат уюштирилди
“Маҳалла” хайрия жамоат фонди Амударё туман бўлинмаси томонидан “Обод маҳаллам” лойиҳасининг иш режаси асосида ўринларда учрашувлар, давра суҳбатлари, танловлар ташкил этилиб аҳолининг экологияга оид билимларини кенгайтириш мақсадида кенг кўламли ишлар амалга ошириб келинмоқда.
Жумладан, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари талабларини аҳолининг кенг қатламига тушунтириш мақсадида овул фуқаролар йиғинларида вакиллар билан учрашувлар, аҳоли, айниқса ёшларни табиатга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш, табиий ресурсларни тежашга даъват қилиш, уларнинг экологияга оид билимларини ошириш мақсадида ҳудудлардаги мактаблар ўқувчилари ўртасида мавзуга оид иншолар ва расмлар танловларини ўтказиш, фуқаролар йиғинлари ҳузуридаги экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш бўйича комиссиялар фаолияти самарадорлигини янада яхшилаш мақсадида соҳа мутахассислари иштирокида овул ва маҳалла фуқаролар йиғинлари комиссиялари вакиллари учун ўқув семинар ташкил этилмоқда.
Яқинда мазкур ташкилот томонидан ёшлар онгида табиатга муҳаббат туйғусини мустаҳкамлаш мақсадида “Баркамол авлод“ болалар марказининг “Ёш эколог ва табиатшунос” тўгараги тарбияланувчилари иштирокида Беруний туманидаги “Бадай тўқай” кўриқхонасига саёҳат уюштирилди.
Ўқувчиларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил қилиш, болажонларга турли касб сирларини ўргатиш мақсадида Амударё тумани баркамол авлод болалар мактабида 7 та йўналишда машғулотлар олиб борилмоқда.
Айниқса “Ёш эколог ва табиатшунос” тўгарагига қатнашиш учун ўқувчиларда хавас жуда юқори бўлмоқда. Чунки она табиатни севиш барчамизга хос хислат. Мазкур тўгаракнинг мақсад ва вазифалари – ёшларда экологик онгни шакллантириш, бугунги кундаги экологик аҳволдан хабардор этиш, санитария, гигиена масалаларидаги малакаларини ривожлантиришга ўргатиш, бугунги кундаги долзарб экологик муаммоларни назарий ҳамда амалий кўрсатиб бериш орқали ўқувчиларни табиатга муҳаббат руҳида тарбиялашдан иборат. Шу мақсадда ўқувчилар билан биргаликда табиат қўйнига саёҳат уюштирилди. Ўқувчилар табиатнинг энг гўзал гўшасини томоша қилишга муяссар бўлдилар.
Республикамизнинг Беруний туманида жойлашган “Бадай тўқай” қўриқхонаси 1971 йилда ташкил қилинган. Бугунги кунда бу қўриқхона қуйи Амударё биосфера резервати деб номланади.
Айни кунда Ўзбекистон Республикасида 8 та қўриқхона ва битта резерват ташкил қилинган.
Кейинги йилларда аҳоли сонининг ошиши, ишлаб чиқариш, корхоналарининг жадаллашуви натижасида гўзал табиатимизга бироз зарар етказилди. Табиатни асраш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш мақсадида қўриқхоналар ташкил қилинган. Қўриқхоналар давлат этолони бўлиб, табиатнинг қимматбаҳо инъомларини инсон мақсадлари учун сақлашдан иборат.
Бадай тўқай қўриқхонасида турли хил жониворлар, қушлар, доривор ўсимликлар муҳофаза қилинади. Табиатимизда йўқолиб бораётган ўсимлик ва ҳайвонот турлари муҳофаза остига олинган. Қўриқхонанинг муҳофаза қилинадиган асосий жонивори Бухоро буғуси ҳисобланади.1975 йилда кўпайтириш учун олиб келинган 2 бош бухоро буғусининг сони бугунги кунга келиб 1500 бошга кўпайди.
Шунингдек, ўқувчилар бу ерда қўриқхона музейи билан ҳам танишдилар. Қўриқхона музейи турли хил экспонатларга бой. Музейда шу қўриқхонада мавжуд бўлган ўсимлик турлари, ҳайвонот турлари ҳақида маълумотлар бор.
Ўқувчилар бу ерда бухоро буғусининг яшаш тарзини ўз кўзлари билан кўриб, яқиндан танишдилар.
Бу саёҳат ўқувчилар кўнглида улкан таассуротлар қолдирди.
Ўрозали РЕЙИМОВ.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶