Эл ардоғидаги ҳунарманд аёл
Ҳар кимнинг умр йўллари турлича, тақдир йўллари турфадир. Муҳими бу йўлларни босиб ўтиш, ҳаётни шунчаки яшаб ўтиш эмас, унга мазмун кирита олишдир. Албатта, бунда инсон учун ҳаёти давомида танлаш имконияти бўлади. Иккиланмай ишонч билан қилинган қарор эса умрнинг салмоғини оширади, унга мазмун бахш этади.
Амударёлик Фотима опа Давлетова ҳам ана шундай танловларда умрининг янги саҳифасини оча олган инсонлардан бири. У ўзи танлаган йўл орқали нафақат ҳаётини яхшилай олди, балки ўзбек халқ амалий санъатини ҳам бошқаларга ўргата олди. Фотима опа ёшлик пайтидан қўғирчоқлар тикишга, қўғирчоқ ҳайкалчалар ясашга, зардўзлик, касаначилик билан шуғулланишга қизиқар эди. Унинг бу қизиқишлари олдин шунчаки бўш вақтини бекор ўтказмасликка хизмат қилган бўлса, бугунги кунда уни машҳур ҳунарманд аёлга, барчага таниқли тадбиркорга айлантирди.
Фотима опа Давлетова 1963 йилда Тош қалъа маҳалласида туғилиб, вояга етди. Олдин ўрта мактабни, сўнгра техникумни битказиб, турмуш ўртоғи Қурол Қурбонов билан оила қурди. Бугунги кунда 2 қиз, 1 ўғилнинг онаси, 8 нафар неваранинг бувиси бўлиб, кексалик гаштини суриб келмоқда.
Ҳунарманд аёл 60 баҳорни қаршилаб, нафақада бўлишига қарамасдан асло тиним билмайди. У ўзини ҳали янги келинчаклардан ҳам кўп қимирлашини, эрта-ю кеч дала ишлари билан банд бўлса ҳам ўзининг севимли ҳунари билан шуғулланишга албатта вақт топшини мамнуният билан таъкидлайди.
Фотима опа узоқ йиллар мактабгача таълим муассасида ошпаз бўлиб ишлаб, нафақага чиқди. Нафақага чиққандан сўнг келин олиб, уй юмушларини келинга топширди-ю, “Ҳунармандлар уюшмаси”га аъзо бўлди. Уюшмада ўзи сингари кўплаб ҳунармандлар билан танишиб, улар билан дўст тутунди, ўзаро тажриба алмашиб, дунёқарашини кенгайтирди.
Фотима опа Давлетова ўз ҳунарининг сир-асрорларини бошқаларга ҳам ўргатиб, шогирдлар етиштирмоқда. Бугунги кунда унинг 12 нафар шогирди худди ўзи сингари халқ амалий санъатининг намуналарини пухта эгаллаб, устози билан кўрик-танловларда фаол қатнашиб келмоқда.
Ҳунарманднинг ҳамда шогирдларининг яратаётган ҳунармандчилик намуналарини кўздан кечирар экансиз, ўзбек миллатининг миллийлик нафаси билан зеб берилган замонавий қиёфаси кўз олдингизда гавдаланади.
Ҳунарманднинг таъкидлашича, ҳайкалтарошлик буюмларида, кашта ва зардўзларда акс эттирилган нақшлар ва ранглар уйғунлиги бошқасида сира учрамайди. Бу унинг ноёблигини белгилаб берадиган муҳим хусусият бўлиб, маҳсулотнинг қийматини ҳам оширади. Бу эса ҳунармандларни тинимсиз изланишига ва ўз соҳасида кўплаб янгиликлар яратишга ундайди.
Ҳунарманд аёл бошланган кунини ўз ишига бир янгилик киритмасдан тамомламайди. Изланишларнинг самараси ҳамиша хайрли бўлади.
Ҳозирда улар томонидан яратилаётган ўзига хос миллий нақшлар ва ранглар билан жилоланган маҳсулотлар нафақат юртимиз аҳолисини ва хорижлик меҳмонларнинг катта қизиқиш ва ҳайратларига сабаб бўлиб келмоқда.
Фотима опа Давлетов ҳунармандчилик буюмларини Республикамизнинг Тошкент, Наманган, Фарғона, Бухоро каби ҳудудларида ташкил этилган кўргазмаларда намойиш этиб, чет эллик меҳмонларнинг ҳам эътирофига сазовор бўлмоқда.
Унинг ясаган қўғирчоқлари, қуроқ кўрпача-ю, ёстиқларини Сирдарё вилоятида бўлиб ўтган ҳунармандлар кўргазмасида канадалик ва туркиялик сайёҳлар харид қилиб, бундан кейинги иш фаолиятига муваффақиятлар тилашди.
Ҳунарманд аёл бир вақтнинг ўзида кўчабошчи, “Бувижонлар мактаби”нинг аъзоси. У истеъдодли шоира ҳам. Ёзган шеърлари ҳали китоб бўлиб чиқмаган бўлса-да, ўз элдошлари орасида жуда машҳур. Кўп қиррали истеъдод соҳиби бўлган Фотима опага бундан кейинги меҳнат фаолиятида куч-қувват ҳамда зафарлар тилаб қоламиз.
Туман ҳокимлигининг Ахборот хизмати.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶