“ЮКСАК МАЪНАВИЯТЛИ ВА АХЛОҚЛИ ЁШЛАР – КЕЛАЖАК ПОЙДЕВОРИ” ГРАНТ ЛОЙИҲАСИ ДОИРАСИДА “БУВИЖОНЛАР ЎГИТИ” ДАВРА СУҲБАТИ БЎЛИБ ЎТДИ
Ёшлар – худди янги ўтқазилган ниҳол каби, агар уларнинг таълим-тарбиясига эътибор берилмаса, ёш ниҳол шамолнинг йўналишига қараб эгилганидай, миллий менталитетимизга тамоман ёт оқимлар таъсирига тушиб қолиши ҳеч гап эмас. Шунинг учун ҳам мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсатига энг устувор йўналиш сифатида қаралади. Ёшлар маънавиятини юксалтириш, уларнинг китобхонликка, касб-ҳунар ўрганишга бўлган интилишларини қўллаб-қувватлаш, ютуқларини муносиб рағбатлантириш орқали янги марралар сари руҳлантириш мақсадида кўплаб лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Амударё телевидениесининг “Жаҳолатга қарши – маърифат” тамойили асосида ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш йўналиши бўйича “Юксак маънавиятли ва ахлоқли ёшлар – келажак пойдевори” лойиҳасини амалга оширишдан мақсад ҳам ёшлар маънавиятнини юксалтириш, улар онгида Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятларга садоқат руҳини шакллантиришдан иборат. Шу мақсадда Амударё телевидениеси ижодий жамоаси томонидан мазкур грант-лойиҳа доирасида турли танловлар, давра суҳбатлари, таниқли ижодкорлар билан учашувлар ўтказилиб, бу тадбирларга турли ёш тоифасидаги ёшлар, нуронийлар ибратли оила соҳиб ва соҳибалари кенг қамраб олинмоқда.
Лойиҳа доирасида туманнинг “Баркамол авлод” болалар мактабида ташкил этилган давра суҳбатида ҳам маҳаллаларда ва таълим муассасаларида ёш қизларни мустақил ҳаётга тайёрлаш, ёш оилалар ўртасидаги ажрашишларнинг олдини олиш юзасидан кўпни кўрган онахонлар ва ёшлар ўзаро фикрлашиб олдилар.
Амударё телевидениеси, “Баркамол авлод” болалар мактаби ҳамда Олмазор маҳалласи ҳамкорлигида ташкил этилган “Бувижонлар ўгити” деб номланган самимий давра суҳбатида Амударё телевидениеси ижодкор-журналистлари, “Баркамол авлод” болалар мактаби масъуллари, мактабнинг турли тўгаракларида таҳсил олаётган ўқувчи-ёшлар ва Олмазор маҳаллалик нуроний ҳожи онахонлар кўча бошчи аёллар иштирок этдилар.
Тадбирни Олмазор МФЙ хотин-қизлар фаоли Ўрозгул Ёқубова мазмунли тарзда олиб борди. У, аввало Олмазор маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида ёшлар маънавиятини юксалтириш мақсадида амалга оширилаётган чора-тадбирлар хусусида сўз юритиб, маҳалла ҳудудида жиноятчиликнинг кескин камайгани, аҳолининг ишсиз, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами тобора камайиб бораётгани ҳақида қисқача тўхталиб ўтди.
Шундан сўнг, лойиҳа координаторларидан бири, журналист Робия Йўлдошева “Бувижонлар мактаби” аъзоларининг ҳаёти, ибратли ишлари ўсиб келаётган ёш авлод учун ҳақиқий ҳаёт мактаби эканлигини айтиб, бугунги “Оналар ўгити” тадбири ҳар бир ёш учун жуда катта маънавий озиқ улашишини таъкидлади.
Шунингдек, тадбирда ўзларининг қимматли маслаҳатлари билан иштирок этган “Баркамол авлод” болалар мактаби директори, Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, “Бувижонлар мактаби” аъзоси Хонимжон Ражабова, Олмазор маҳалласи фаоли, ҳожи она Гулистон Аҳмедова, кўча бошчи онахонлардан Дилоромхон опа Тўраев, Амударё туман Тиббиёт бирлашмаси шифокори Тамара Саидовалар ёш қизларни мустақил ҳаётга тайёрлаш, оилавий низоларнинг олдини олиш, ажрашиш ёқасига бориб қолган оилаларнинг ҳамжиҳатлигини таъминлаш бўйича ўзаро фикр алмашдилар. Шу баробарида ёшларга қимматли маслаҳатларини бердилар.
Тадбирда ўзларини қизиқтирган масалалар бўйича ёшлар ҳам фаол иштирок этдилар.
Қизғин ва самимий, ошкора мулоқот тарзида ўтказилган “Оналар ўгити” давра суҳбати иштирокчиларда катта таассуротлар қолдирди.
Тадбир якунида “Баркамол авлод” болалар мактабининг “Шўх болалар” бадиий ҳаваскорлик жамоаси томонидан концерт дастури намойиш этилди. Ҳаваскор санъаткор болажонларнинг чиқишлари тадбир иштирокчиларига завқ-шавқ бағишлади.
Робия Йўлдошева.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶