ПРОБАЦИЯ НАЗОРАТИДАГИ 7 НАФАР МАҲКУМ МУДДАТИДАН ИЛГАРИ ЖАЗОДАН ОЗОД ЭТИЛДИ
Пробация ҳисобида турган шахсларнинг аксариятига содир қилган жинояти, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлгани учун имконият берилмоқда. Улар суд томонидан белгиланган жазоларнинг маълум қисмини ўтаб, муддатидан олдин озод бўлишмоқда.
22 август куни Амударё туманининг Навоий номли маҳаллада Жиноят ишлари бўйича Амударё туман суди томонидан Пробация назоратидаги маҳкумларга доир тақдимномаларни кўриб чиқиш мақсадида сайёр суд ўтказилди.
Фуқаролар йиғини биносида бўлиб ўтган мазкур суд ишида Жиноят ишлари бўйича Амударё туман суди, туман Ички ишлар бўлими Жамоат хавфсизлиги хизмати Пробация гуруҳи, фуқаролар йиғини масъуллари ҳамда Пробация назоратидаги шахслар иштирок этишди. Судда Амударё тумани ички ишлар органлари Пробация гуруҳи томонидан 7 нафар маҳкумларга нисбатан киритилган тақдимномалар кўриб чиқилди.
Суд мажлисида жазога тортилган айрим шахсларнинг меҳнатга ҳалол муносабатда бўлиб, белгиланган тартиб-қоидаларга қатьий риоя этиб, тузалиш йўлига ўтиб, судлар томонидан ўрнатилган чекловларга тўлиқ амал қилгани ҳамда ҳулқ-атворини ижобий томонга ўзгартиргани учун жазодан муддатидан илгари шартли равишда озод этилаётгани айтиб ўтилди. Бу ўз навбатида мамлакатимизда сўнгги йилларда суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш йўлида юз бераётган ўзгаришлар самараси эканлиги таъкидланди.
Шундан сўнг, тақдимномалар киритилган маҳкумларга доир иш кўриб чиқилди ва иш бўйича тўпланган барча ҳужжатлар ва далиллар ўрганилиб, тарафларнинг фикрлари тингланди.
Маҳкумлардан бири Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 277-моддаси билан 2 йил 8 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинган. У ўтган йилдан бошлаб, оилавий корхонада ишчи бўлиб ишлаган, 8 ойлик жазони ўташ даврида тартиб ва қоидаларига тўлиқ амал қилган. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси билан 3 йил муддатга 20 фоиз ахлоқ тузатиш ишлари жазосига тортилган маҳкум ҳам қурилиш ташкилотлардан бирида ишчи бўлиб ишлаб, жазони ўташ даврида тартиб ва қоидаларига тўлиқ амал қилган.
Жиноят кодексининг 266-моддасига кўра 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазосига судланган 2 нафар маҳкумлар ҳам қурилиш ташкилотларидан бирига ишга қабул қилинган. Ҳозирги кунга қадар ишлаб келаётган бу шахслар ҳам жазо муддатининг 8 ойи давомида ўзининг жиноий қилмишларини тўлиқ англаб етган ва тузалиш йўлига қатъий ўтиб, белгиланган тартибларга амал қилган. Шунингдек, Жиноят кодексининг 167-, 277-, 104-моддалари билан тегишли жазога тортилган маҳкумлар ҳам пробация назорати давомида ўз қилмишига чин дилдан пушаймон бўлиб, берилган имкониятдан тўғри фойдаланган ва қоидаларга риоя қилган.
Суд иши якунида содир қилган жиноятининг оқибатларини тўла англаб етган, ахлоқан тузалиш йўлига ўтган маҳкумлар учун яна бир имконият берилиши маълум қилинди. Уларнинг жамиятда ўз ўрнини топиши, муносиб хулқ-атворда бўлиб, Ватан тараққиётига ўз ҳиссасини қўшиши, оиласида тинч-хотиржам яшашига ишонч билдирилди. Ушбу шахслар жазо ўташ тартиб-қоидаларига амал қилиб, суд томонидан зиммасига юклатилган мажбуриятларни бажаргани, меҳнатга ҳалол муносабатда бўлгани учун ўталмаган жазо муддатидан Жиноят кодексининг 73-моддасига асосан муддатидан илгари шартли равишда озод қилинди.
Озод этилган маҳкумлар ўз навбатида халқимизга хос бўлган бағрикенглик билан қилмишлари кечирилгани учун давлатимизга миннатдорлик билдиришди. Жамиятда ўз ўрнини топишга ва юртимиз ривожига муносиб ҳисса қўшишга қатъий сўз беришди.
А.Сафаров, Жиноят ишлари бўйича туман суди раиси.
Р.Искандаров, туман ИИБ ЖХХ Пробация гуруҳи катта инспектори.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶