ДЎРМАНДА МИЛЛИЙ ҚАДРИЯТЛАРИМИЗ ТАРҒИБ ЭТИЛГАН ТАДБИР БЎЛИБ ЎТДИ
Юртимизда истиқлол йилларида хотин-қизларнинг жамият ҳаётидаги мавқеини юксалтириш, уларнинг ижтимоий-сиёсий ислоҳотлардаги иштирокини кенгайтириш, оила, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш устувор вазифага айланди. Бу борада мустаҳкам ҳуқуқий асослар яратилиб, амалиётга жорий этилди. Айниқса жамият ва давлатни бошқаришда хотин-қизлар иштирокини кенгайтиришга эътибор кучайди.
Бугунги кунда жойларда мавжуд муаммоларни бартараф этишда, оилалар мустаҳкамлигини таъминлашда, комил фарзандларни вояга етказишда, уларнинг ўз салоҳияти, қобилиятини жамиятимиз равнақи йўлида сафарбар этишида юртимиз аёлларининг муносиб ҳиссаси бор. Ҳар жабҳада ўрни бор аёллар юртимизда миллий урф-одатларимиз, қадриятларимиз, анъаналаримизни кўз қорачиғидай асраб-авайлаб, келгуси авлодларга етказишда мустаҳкам ришта бўлиб хизмат қилади.
Маълумки халқимизнинг асрий анъаналаридан бири – ҳунар ўрганиш, меҳнатсеварликдир. Ўз ҳунари орқали ҳалол ризқ топиш, ўз турмушини ўзи файзли, обод ва фаровон этишга интилиш – юртимиз аёлларига хосдир.
Шунингдек, улар қувноқ, меҳмондўст ва очиқ кўнгил, тарихий илдизларига садоқатли. Шу боисдан ҳам қутлуғ кунларни, байрам сайилларни миллий қўшиқлар, рақслар ижро этиб, айтишувларда беллашиб, завқли ўтказадилар. Борини дастурхонга тўкиб, меҳмондўстлигини, пазандалигини, одобини намойиш этишни хуш кўрадилар.
26 август куни туманимизнинг Дўрман овули хотин-қизлари учун “Аёл бахтли бўлса, оила бахтли бўлади, оила бахтли бўлса, жамият бахтли бўлади” деган ғояни ўзида ифода этган, мустақиллигимизнинг 32 йиллиги муносабати билан миллий урф-одатларимиз қадриятларимизни тарғиб этувчи тадбир ўтказилди.
Тадбирда туман ҳокими ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Гўзал Собурова, Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш Қорақалпоғистон Республикаси туманлараро маркази директори Гавҳар Чимбойчиева, Фаровон маҳалласи ҳоким ёрдамчиси Муқаддас Бекназарова, овул хотин-қизлар фаоли, кўчабошчи аёллари, нуроний онахонлар, шунингдек, ҳудуддаги овул-маҳаллаларнинг хотин-қизлар фаоллари, кўчабошчи аёллари иштирок этдилар.
Тадбир ҳудуд аёллари қўл меҳнати маҳсули бўлган тикувчилик, тўқимачилик маҳсулотлари, ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмаси билан бошланди. Иштирокчилар дўрманлик аёллар оддий қоғоздан, елим идишлардан ясаган гуллар, нақшли шаклларни, тўқувчилик, тикувчилик намуналарини кўриб ҳайратга тушдилар.
Урф-одатларимизга кўра меҳмонларни миллий кийимлардаги қизлар, келинлар тавозе билан, нон-туз тутиб кутиб олдилар.
Шўх мусиқа садолари остида меҳмонлар ўз ўринларини эгалладилар ва дўрманлик моҳир онахонлар ижросида халқимизнинг қадимий қўшиқларини, айтишувларини, алла-лапарларини тинглаб, мароқли ҳордиқ чиқардилар.
Айниқса ёр-ёр, келин саломлари ижроси барчага манзур бўлди.
Дўрман овулининг энг сўлим гўшаси - баланд арчалар, манзарали дарахтлар сос солиб турган 83-сонли мактаб олдида ташкиллаштирилган миллий урф-одат, анъана ва қадриятларимизни тарғиб этишга бағишланган тадбир ҳудуд аёллари ҳаётида ўчмас хотиралар қолдирди. Миллий қадриятлар халқимизнинг бебаҳо бойлиги эканлигини қалбларига теран жойлади.
Ойгул РАЖАБОВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶