ХОТИН-ҚИЗЛАР ВА БОЛАЛАР ҲУҚУҚЛАРИНИ БУЗГАНЛИК УЧУН ЖАЗО ЧОРАЛАРИ КУЧАЙТИРИЛДИ
Мамлакатимизда хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини тазйиқ ва зўравонликдан ишончли ҳимоя қилишнинг институционал ҳамда ҳуқуқий асосларини тубдан такомиллаштиришга, болалар орасида назоратсизликнинг ва улар томонидан ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг олдини олишга, шунингдек, ногиронлиги бўлган болаларни ҳамда ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Яқинда яна бир муҳим ҳужжат – Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” ги қонуни имзоланди. Мазкур қонун билан хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид бир қатор муҳим нормалар киритилди, турли хилдаги зўравонлик кўринишларига, шу жумладан, оиладаги зўравонликка қарши маъмурий ва жиноий жавобгарлик чоралари белгиланди.
Қонун билан номусга тегиш ёхуд жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондириш, шахсни жинсий алоқа қилишга мажбурлаш, ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш, уларга нисбатан уятсиз бузуқ ҳаракатларни содир этиш, вояга етмаган шахс иштирокидаги порнографик маҳсулотни тайёрлаш ва тарқатиш билан боғлиқ жиноий ҳатти-ҳаракатлар учун жазо чоралари оғирлаштирилди. Мазкур жиноятларни содир этган шахслар учун жазо тайинлашни енгиллаштирувчи ҳолатлар, шу жумладан, жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилишни қўллаш таъқиқланди.
Ногиронлиги бўлган шахсларга, вояга етмаганларга нисбатан жинсий дахлсизликка ва эркинликка қарши жиноятларни содир этганлик, шунингдек, ушбу жиноятларни жабрланувчиларни тарбиялаш, ўқитиш ёки унга ғамхўрлик қилиш мажбуриятларини бажараётган шахс томонидан содир этиш учун жавобгарлик кучайтирилди. Шу билан бирга оилавий зўравонлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик киритилди. Жумаладан, хотин-қизлар ва болаларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича энг замонавий халқаро номалар ва хорижий тажрибадан келиб чиқиб, жисмоний зўравонлик учун ҳам маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланди.
Шу йил 12 апрель кунидан расман кучга кирган мазкур Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг «Прокуратура тўғрисида»ги Қонунига, «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги Қонунига, Жиноят кодексига, Жиноят-процессуал кодексига, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига, Оила кодексига, «Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонунига, «Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида»ги Қонунига, «Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида»ги Қонунига, «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида»ги Қонунига, «Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонунига, «Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонунига, «Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида»ги Қонунига, «Давлат божи тўғрисида»ги Қонунига ҳамда Меҳнат кодексига ўзгартиришлар киритилди.
Эндиликда ушбу Қонун хотин-қизлар ва болаларнинг тазйиқ ва ҳамда зўравонликка учрашишининг олдини олиш билан бирга, уларнинг ҳуқуқлари қонун ҳимоясида бўлишини таъминлайди.
А.Сафаров, Жиноят ишлари бўйича Амударё туман суди раиси

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶