“АЁЛЛАР ДАФТАРИ” РЎЙХАТИДАГИ ХОТИН-ҚИЗЛАРГА РЕАБИЛИТАЦИЯ ВОСИТАЛАРИ ТОПШИРИЛДИ
Амударё туманида Оила ва хотин-қизлар бўлими томонидан “Аёллар дафтари” рўйхатида турган ногиронлиги бўлган хотин-қизларга реабилитация воситаларини топширишга бағишланган тадбир ташкил этилди.
15 сентябрь куни Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш туманлараро маркази биносида бўлиб ўтган мазкур тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Марям Аҳмедова, Жўқорғи Кенгес қўмита раиси Шарапат Отемисов, туман Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Гўзал Сабурова, Марказ директори Гавҳар Чимбайчиевалар иштирок этишди.
Тадбирда сўзга чиққанлар Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси Президентимизнинг 2021 йил 5 мартдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорига мувофиқ ташкил этилгани, жамғарма ўз фаолиятини Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 ноябрдаги “Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори асосида олиб бораётганини таъкидлаб ўтишди. Шунингдек, Жамғарманинг асосий мақсади хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларга моддий ёрдам кўрсатиш, оилавий ва хусусий тадбиркорлик, ҳунармандчиликни ташкил этиш, меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касблар бўйича билим ҳамда кўникмаларни эгаллашда уларга кўмаклашиш ва рағбатлантиришдан иборатлигини эътироф этишди.
Тадбир давомида Жамғарма маблағлари ҳисобидан эҳтиёжманд хотин-қизларга тегишли тартибда реабилитация воситалари ажратилаётгани, бу борадаги амалий ишлар тизимли йўлга қўйилгани тўғрисида ҳам сўз юритилди. Шунингдек, ҳудудларда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, соғлиғини сақлаш, аёллар спортини ривожлантириш, уларнинг меҳнат ва ўқиш шароитларини яхшилаш билан боғлиқ тадбирларни молиялаштиришга кўмаклашилаётгани айтиб ўтилди.
Ундан ташқари, бу борада Амударё туманида олиб борилаётган ишларга ҳам қисқача тўхталиб ўтилиб, 4-босқич “Аёллар дафтари”га 5398 нафар хотин-қизлар киритилгани, улардан 1943 нафарини ижтимоий ҳимояга муҳтож ишсиз, 685 нафарини тадбиркорлик қилиш истагини билдирган, 1183 нафарини боқувчисини йўқотган, 911 нафарини ижтимоий ёрдамга муҳтож I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган, шунингдек, тезкор тиббий муолажага муҳтож, 30 нафари уй-жойга муҳтож хотин-қизлар, 646 нафари қарамоғида ногиронлиги бор фарзандлари бўлган эҳтиёжманд хотин-қизлар ташкил қилиши маълум қилинди. Ўтган давр мобайнида “Аёллар жамғармаси” томонидан 873 млн. 840 минг сўм маблағ ажратилиб, ижтимоий ёрдамга муҳтож I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган ва тезкор тиббий муолажага муҳтож 774 нафар хотин-қизларга БҲМнинг 4 баробари миқдорида бир марталик моддий ёрдамлар кўрсатилгани қайд этилди.
Шундан сўнг, тадбирга ташриф буюрган масъуллар 4-босқич “Аёллар дафтари”да турган 24 нафар хотин-қизларга Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси томонидан ажратилган маблағлар ҳисобидан келтирилган реаблитация воситаларини топширишди. Ногиронлиги бўлган аёл-қизлардан 4 нафарига ҳасса таёқ, 10 нафарига эшитиш мосламаси, 10 нафарига ногиронлик аравачаси берилди.
Ўзларига кўрсатилган алоҳида эътибор ва ғамхўрликдан мамнун бўлган аёл-қизлар давлатимизга, масъулларга катта миннатдорчилик билдиришди.
О.Худойберганова

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶