ИНШОЛАР ТАНЛОВИ ҒОЛИБЛАРИ ТАҚДИРЛАНДИ
“Маҳалла” хайрия жамоат фонди Амударё туман бўлинмасининг Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ҳузуридаги Жамоат фонди томонидан молиялаштирилган “Обод маҳаллам” номли грант лойиҳаси иш режасига асосан туманнинг барча жойларида учрашувлар, семинарлар, давра суҳбатлари ва турли мавзуларда танловлар ўтказилиб келинмоқда.
Шу йил сентябрь ойининг иккинчи ярмида ташкилот “Жайхун илҳомлари” нодавлат нотижорати билан ҳамкорликда туманнинг Оқ олтин, Бобур номли овуллари ва Жумуровул маҳалласи ҳудудларида жойлашган умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида “Мустақил юртимнинг обод маҳалласи” мавзусида иншолар танловини ўтказган эди.
Иншолар танловининг иштирокчилари ўзларининг экологияга оид билимлари юқори даражада эканлигини яна бир бора намоён қилдилар. Танловга келиб тушган иншолар бадиий кенгаш аъзолари томонидан кўриб чиқилиб, ғолиблар аниқланди.
Унга кўра 71-сонли мактабнинг 11-синф ўқувчиси Ҳулкарой Абдураҳмонова “Мавзуга оид энг ёрқин фикрлари учун” 1-ўринга, 45-сонли мактабнинг 10-синф ўқувчиси Латофат Ҳайдарова “Эзгулик тарғиботчилиги учун” 2-ўринга, 48-сонли мактабнинг 10-синф ўқувчиси Ҳулкарой Юсупова “Шахсий фикрини равон баён қилгани учун” 3-ўринга муносиб деб топилдилар.
Шунингдек, 86-сонли мактабнинг 10-синф ўқувчиси Сурайё Жумамуродова ва 50-сонли мактабнинг 8-синф ўқувчиси Шаҳзода Тожибоевалар иншолар танловидаги “Фаол иштироки учун” совриндорлар сафидан жой олдилар.
Ғолиблар ва фаол иштирокчиларга танлов ташкилотлари томонидан тайёрланган совғалар, “Фахрий ёрлиқ”лар тантанали равишда топширилди.
Айтиш жоизки, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари талаблари бузилишининг олдини олиш, уни аниқлаш ва чек қўйиш, табиатни муҳофаза қилиш фаолияти самарадорлигини оширишга ҳисса қўшиш, жамоатчилик экологик назоратини амалга ошириш, аҳолининг экологияга оид билимларини кенгайтириш, ҳудудларни ободонлаштириш ва кўкамзорлаштириш, атроф муҳофазасига ҳисса қўшиш – лойиҳанинг бош мақсадидир.
Лойиҳа доирасида ўтказилаётган тадбирларда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари талабларини аҳолининг кенг қатламига тушунтириш, фуқаролар йиғинлари ҳузуридаги махсус комиссиялар фаолияти самарадорлигини янада яхшилашга кўмаклашиш, соҳа мутахассислари ва ОАВ вакиллари иштирокида ўқув семинарлари ташкил қилиш каби ишлар ўзининг ижобий самарасини бермоқда.
Грант лойиҳаси доирасида аҳоли, айниқса ёшларни табиатга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш, табиий ресурсларни тежашга даъват қилиш, уларнинг экологияга оид билимларини ошириш мақсадида умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида ўтказилган “Яшил табиатни асраш – ўз қўлимизда”, “Кўчат экиш – эзгу анъана”, “Мен эккан ниҳол”, “Ҳашар – элга ярашар”, “Табиат ва биз”, “Маҳаллам жамоли” мавзуларидаги иншолар танловлари ёшларни она табиатни асрашга чорлаётгани билан ниҳоятда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ўрозали РЕЙИМОВ

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶