НАВОИЙ НОМЛИ МАҲАЛЛА ЁШ ҚИЗЛАРИ “БУВИЖОНЛАР МАКТАБИ” АЪЗОЛАРИ СУҲБАТИДАН БАҲРАМАНД БЎЛДИЛАР
Кексалар – хонадонларимиз кўрки, юртимиз файзи. Уларнинг узоқ йиллик ҳаётий тажрибалари ўсиб келаётган ёш авлод учун ҳақиқий ибрат мактабидир. Шунинг учун ҳам кексалари бор хонадонларнинг файз-у таровати ўзгача, маҳаллаларда эса нуроний онахон ва отахонлар нафақат ўз фарзандлари, невара-чеваралари, балки қўни-қўшнилар, маҳалладошларининг ҳам фарзандларига алоҳида меҳр-муҳаббат билан панд-у насиҳатлар беришади, ҳаётда тўғри йўлни танлашлари учун жон куйдиришади. Шу боис, халқимиз “бир болага етти маҳалла ота ва она” тамойилини турмуш тарзининг, қолаверса, миллий-маънавий тарбиянинг бир қисмига айлантиришган.
Амударё телевидениеси ижодкорлари томонидан амалга оширилаётган “Юксак маънавиятли ва ахлоқли ёшлар – келажак пойдевори” номли давлат гранти лойиҳаси доирасидаги тадбирлар ҳам ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар онгида Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятларга садоқат руҳини шакллантиришга қаратилгани билан муҳим аҳамият касб этмоқда.
Жорий йилнинг 16 октябрь санасида Манғит шаҳрининг Навоий номли маҳалласида бўлиб ўтган “Оналар ўгити” тадбири ҳам ўзининг мазмун-моҳиятига кўра, маҳаллаларда ва таълим муассасаларида ёш қизларни турмушга тайёрлаш, айрим низоли оилалар ўртасидаги келишмовчиликларни бартараф этишга қаратилгани билан тадбир иштирокчиларига манзур бўлди.
Амударё телевидениеси, Навоий номли МФЙ масъуллари ва 30-сонли умумтаълим мактаби маъмурияти ҳамкорлигида ўтказилган мазкур тадбирда МФЙ фаоллари “Бувижонлар мактаби” аъзолари, нуроний онахонлар ва маҳалланинг ўсмир ёшидаги ўқувчи-қизлари иштирок этишди.
“Оналар ўгити” тадбирини журналист Робия Йўлдошева очди ва Амударё телевидениесининг “Юксак маънавиятли ва ахлоқли ёшлар – келажак пойдевори” грант-лойиҳаси доирасидаги тадбирларнинг мақсади ҳамда ундан кутилаётган натижалар хусусида батафсил тўхталиб, бугунги шиддат билан ривожланаётган даврда ёшлар тарбияси, айниқса, миллий-маънавий тарбия энг муҳим, долзарб масала эканлигини таъкидлади. Бу борада ҳар лаҳзада огоҳ яшаш, тарбиявий ишларни қатъий интизом асосида юритиш ҳар бир онгли инсоннинг зиммасига юксак масъулият юклашини, нуроний онахонларимизнинг ўгит ва насиҳатларини ҳар бир ёш ўзига ҳаётий шиор сифатида қабул қилиши зарурлигини қайд этди.
Шундан сўнг, Навоий номли маҳалла хотин-қизлар фаоли Гулбаҳор Хидирова ўз фаолияти давомида маҳалланинг кўпни кўрган, нуроний онахонлари билан ҳамкорликда амалга ошираётган ишлари хусусида сўз юритиб, маҳаллада ёш қизларни катта ҳаётга, турмушга тайёрлашда, энг аввало уларни касб-корли, одобли ва ҳаёли қилиб вояга етказаётган ибратли оилалар бекаларига миннатдорчилик билдирди.
– Маҳалламиз Манғит шаҳрининг ўзаги, – деди нуроний онахонлардан Ўғилжон опа Норматова. – Чунки Манғит шаҳрининг барча маҳаллалари бизнинг Навоий номли маҳалладан бир илдиз сифатида ривожланган. Шунинг учун ҳам биз маҳалламизнинг янада обод ва кўркам, бошқа маҳаллаларга намуна бўлиши учун барча ишларда ҳамжиҳатликка интиламиз.
Дарвоқе, айни пайтда маҳаллада 751та хонадон таркибидаги оилаларда 4500 нафар аҳоли истиқомат қилишади. Ҳудуд аҳолисининг фарзандлари таълим-тарбия олаётган 1-сонли ва 30-сонли умумтаълим мактабига маҳалладошлар алоҳида эътибор қаратишади. Айниқса, ёш қизларни турмушга тайёрлаш, эрта ва қариндошлар никоҳининг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар, таълим муассасалари билан ҳамкорликдаги “Қиз бола – оиланинг кўрки”, “Яхши, оқила қиз – маҳалла фахри” мавзуларидаги давра суҳбатлари, нуроний онахонлар иштирокидаги учрашувларга балоғатга етган ва ўсмир қизлар, ёш келинлар кенгроқ қамраб олинаётгани, ўтказилаётган маънавий-маърифий суҳбатларнинг таъсир доираси ортиб бораётганидан маҳалладошлар мамнун.
“Оналар ўгити” тадбири давомида 30-сонли мактаб директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Дилноза Файзуллаева, нуроний онахонлардан Боғдагул опа Аҳмедова, Ўғилжон опа Норматова, Тозагул момо Отажонова, 1-сонли мактаб ўқитувчиси Гулчеҳра Қурбонбоева, МФЙ хотин-қизлар фаоли Гулбаҳор Хидировалар қизларни турмушга тайёрлаш, уларни касб-корли қилиш, маҳаллада ажрашиш ёқасига бориб қолган оилаларни яраштириш ва уларни соғлом ҳаётга қайтариш юзасидан қимматли фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.
Тадбир давомида ёш қизлар ўзларининг ота-оналари, маҳалланинг нуроний онахонлари берган панд-насиҳатлар, уларнинг ўгитлари ўзлари учун ёрқин ҳаёт саҳифаларини очишда катта аҳамият касб этишини, инсон ҳаётга бир марта келиши ва ана шу буюк неъматни Аллоҳнинг улуғ инъоми сифатида қабул қилиб, чиройли тарзда яшаш зарурлигини мамнуният билан таъкидладилар.
“Оналар ўгити” тадбири иштирокчилари бўлган қизлар кўпни кўрган нуроний онахонлар, “Бувижонлар мактаби” аъзолари билан дилдан, самимий мулоқот муҳитини яратгани учун Амударё телевидениеси ижодкорларига самимий миннатдорчилик билдирдилар.
Робия ЙЎЛДОШЕВА

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶