“ҚАДРИНГ БЎЛСИН БАЛАНД!” ТАДБИРИ ОРҚАЛИ ЎҚУВЧИЛАР ҚАЛБИДА ОНА ТИЛИ ВА ВАТАНГА МУҲАББАТ ТУЙҒУСИ ЖЎШ УРДИ
Дунёда миллат ва элатлар кўп, шу баробарида турфа тиллар ҳам мавжуд. Миллат ва элатларнинг урф-одат ва анъаналари, тарихи ва орзу-ниятлари ўша миллат ва элатнинг тили орқали намоён бўлади. Ёндош халқлар ва миллатлар билан ўзаро алоқаларни йўлга қўйиш имкони ҳам тили орқали амалга оширилади. Шунинг учун ҳам тил – халқлар ва миллатларни, мамлакатларни бир-бирига боғлаб турувчи буюк ва қудратли маънавий кўприк ҳисобланади.
Мустақиллик туфайли она тилимиз том маънода жаҳонга юз тутди 50 миллиондан зиёд инсонлар сўзлашадиган ўзбек тилига жаҳоннинг нуфузли мамлакатлари – Япония, Жанубий Корея, Россия, Германия, Ҳиндистон, Хитой, Эрон, Ироқ, Покистон, Бангладеш, АҚШ каби давлатларида қизиқиш ортди. Айни пайтда ўзбек тилида ўз она тилидагидек сўзлаётган турли миллат вакиллари учун тилимизнинг ўзига хос жилваси ва жаранги, гўзаллиги ҳавас уйғотган бўлса, не ажаб! Чунки ғазал мулкининг султони Мир Алишер Навоий бобомизнинг асарлари меҳригиёсини, буюк маънавий қудратини дунё халқлари илк бора ўзбек тилида англаб, ҳис этдилар. Заҳириддин Муҳаммад Бобур асарларидаги ватанпарварлик, одамийлик туйғулари дунё халқлари қалбларини ўзбаки сўз ила маҳв этди!
Бу ҳақда 21 октябрь – ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун муносабати билан 30-сонли умумтаълим мактабида бўлиб ўтган адабий-мусиқий ва маънавий-маърифий тадбир иштирокчилари фахрланиб сўз юритдилар.
“Қадринг бўлсин баланд!” мавзусида ўтказилган мазкур тадбирда мактаб саҳнаси ўзбек тилининг буюклигини жаҳонга кўз-кўз қилган улуғ салафлар томонидан яратилган математик, жуғрофий, тиббий кашфиётлар, бадиий асарлар ва она тилимиз тараққиётига оид суратлар, ҳикматли иборалар билан безатилди. Мактаб ўқувчилари она тили ва адабиёт ўқитувчилари билан биргаликда тайёрлаган куй ва қўшиқларни ижро этишиб, она тилимизни мадҳ этувчи шеърларни ифодали айтиб бердилар, бири-биридан дилрабо рақслари билан тадбир иштирокчиларини хурсанд қилдилар.
Тадбир давомида 7 в-синф ўқувчилари томонидан тайёрланган миллийликни тарғиб этувчи, қалбларда она тилимизга ҳурмат ва меҳр туйғусини уйғотувчи саҳна кўринишини намойиш этишди.
Саҳна кўриниши орқали тадбир иштирокчилари ўзбек тилидаги иборалар, халқ оғзаки ижодининг бой маънавий мероси, архаик сўз ва ибораларнинг, бошқа тиллардан ўзлашган сўзлар, атамаларнинг маъно-мазмунлари, нутқимиздаги аҳамияти ҳақидаги маълумотларга эга бўлдилар.
“Қадринг бўлсин баланд!” мавзусида ўтказилган байрам тадбири ўқувчи-ёшлар қалбида она тилимизга ҳурмат ва меҳр туйғуларини янада мустаҳкамлади. Ўқувчи-ёшлар тадбирда шунчаки иштирок этишмади, балки қалбларида она тилимиздан фахрланиш туйғулари янада жўш уриб, она тили ўзлари учун ҳаёт қадар муқаддаслигини, она тили орқали қалбларида Ватанга чексиз муҳаббат ҳисси мангулигини изҳор этдилар.
Робия ЙЎЛДОШЕВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶