ОНАЛАР ВА БОЛАЛАР САЛОМАТЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ – КЕЛАЖАККА МУСТАҲКАМ ПОЙДЕВОР
Мамлакатимизда аҳоли саломатлиги, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, маънан етук, жисмонан соғлом ёш авлодни вояга етказиш алоҳида эътибордаги, давлат сиёсати даражасидаги масала ҳисобланади. Айниқса, оналар ва болалар соғлиғини муҳофаза этишга, соғлом бола туғилиши, жисмоний ва маънавий баркамол авлодни вояга етказишга устувор аҳамият берилмоқда.
Амударё туманидаги тиббиёт тизимида ҳам хизматлар сифати ва қулайлигини янада яхшилаш, оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилишни кучайтириш, соғлом турмуш тарзини оммалаштириш борасида белгилаб берилган вазифалар изчил амалга оширилмоқда.
Бугунги кунда аҳолига тиббий хизмат кўрсатилаётган туман Тиббиёт бирлашмасининг туғруқ комплекси 95 ўринга мўлжалланган. Комплекснинг туғруқ бўлими 60 ўрин, ҳомиладорлар патологияси бўлими 35 ўриндан иборат. Муассасада 5та туғруқ зали, 2та операция хонаси мавжуд. Ҳар бир палата 4 ўринли.
Туғруқ комплексида айни пайтда 1 нафар бўлим мудираси ва навбатчи акушер-гинекологлар, 10 нафар шифокор хизмат кўрсатади. Шифокорларнинг 9 нафари олий тоифали, 1 нафари 1-тоифали, 1 нафари 2-тоифали. Шунингдек, 152 нафар ўрта тиббиёт ходимлари, 52 нафар кичик тиббиёт ходимлари, жами 225 нафар тиббий ходимлар оналар ва чақалоқлар саломатлигига масъул.
Туғруқ бўлимида жорий йилнинг 10 ойи давомида қабул қилиш режаси 2740та бўлиб, амалда 4098 нафар ҳомиладор аёлларга тиббий хизмат кўрсатилди. Бўлимда ҳомиладор, туғадиган ва туққан аёллар учун барча шарт-шароитлар яратилган.
Аҳоли ва туғруқлар сонининг табиий кўпаяётгани янгидан замон талабларига мос туғруқхона комплексини қуриш заруратини келтириб чиқарди. Бу масала Президентимизга Қорақалпоғистонга ташрифи давомида етказилганидан сўнг, таклиф эътиборга олиниб, тегишли дастурга киритилди.
Шундан сўнг, Тиббиёт бирлашмасида янги – қиймати 14,4 млрд. сўмга тенг бўлган 90 ўринли 4 қаватли туғруқ комплекси замонавий лойиҳаси тасдиқланди ва қурилиш ишлари бошлаб юборилди. Ҳозирги вақтда давом этаётган қурилиш ишлари “Темир бетон” МЧЖ томонидан олиб борилмоқда. Ушбу объект учун 14,4 млрд. сўм маблағ ажратилиб, замонавий кўринишдаги бино қад ростлади. Катта ҳажмда олиб борилган қурилиш ишлари давомида ушбу бинода барча шарт-шароитлар яратилди.
Эндиликда янги мажмуада аёлларни туғруққа тайёрлаш, кутилмаган ҳомиладорликнинг олдини олиш борасида малакали шифокорлар маслаҳатхоналари, ҳомиладорларни қабул қилиш, алоҳида кўрик, боғлов хоналари ташкил этилади. Энг асосийси, дунёга янги келган чақалоқларни парваришлаш, соғлиғини қатъий назорат остига олиш, зарур ҳолларда керакли муолажаларни ўтказиш учун янада яхши шароитлар, имкониятлар яратилади. Шунингдек, янги лойиҳа асосида қурилган мазкур замонавий иморатдаги иситиш ва совутиш тармоқлари илғор технологиялар асосида такомиллаштирилиб, энг замонавий тиббиёт асбоб-ускуналари билан жиҳозланади.
Туманимизда оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, кўрсатилаётган перинатал хизматлар сифати ва самарадорлигини ошириш борасида амалга оширилаётган бу каби кенг кўламли ишлар тиббий хизмат сифатини янада яхшилашга хизмат қилади. Оналар соғлигига ғамхўрлик кўрсатиб келаётган, эртамиз эгаларининг соғлом туғилишига масъул бўлган тиббиёт ходимларига касб байрами муборак бўлсин!
Озода Худойберганова.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶