ИЖТИМОИЙ СОҲА ОБЪЕКТЛАРИДА ИСИТИШ ТИЗИМЛАРИ БАРҚАРОР ИШЛАШИГА ЭРИШИЛАДИ
Ҳар йили куз-қиш мавсумида ижтимоий соҳа объектларида газ босими пасайиб кетиши, иситиш қозонхоналарининг яхши ишламаслиги туфайли кўпгина муаммолар юзага келар эди.
Жорий йилдан бошлаб мамлакатимизда ижтимоий соҳа объектларининг иситиш тизимлари билан тадбиркорлар шуғулланиши йўлга қўйилди. Бундан кўзланган мақсад иситиш тизимларининг куз-қиш мавсумида барқарор ишлашини таъминлаш, ушбу объектларга иссиқлик энергиясини узлуксиз етказиб бериш ва энергия ресурсларидан самарали фойдаланиш, соҳага хусусий инвестицияларни жалб қилишдан иборатдир.
Бу борада жорий йилнинг апрель ойида Президентнинг “Ижтимоий соҳа объектларининг иситиш тизимларини давлат-хусусий шериклик асосида модернизация қилиш тўғрисида”ги Қарори қабул қилинган бўлиб, қарор ижроси юзасидан Амударё туманида ҳам куз-қиш мавсумигача муайян ишлар олиб борилди.
Тумандаги 38-сонли умумий ўрта таълим мактаби мажлислар хонасида туманда фаолият юритаётган ижтимоий соҳа объектлари раҳбарлари ва масъул ходимларига йиғилиш ўтказилиб, уларга Президент қарорига мувофиқ хусусий шериклик асосида ижтимоий соҳа объектларининг иситиш тизимини янгилаш ва бошқариш борасида Андижон тажрибасини Ўзбекистон миқёсида жорий этилаётгани, иситиш тизимлари тадбиркорга 10 йил муддатга берилиши ва уларнинг хизматлари давлат томонидан сотиб олинаётгани, бу бўйича лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилаётгани бўйича кенг тушунтириш берилган эди.
“JKB ENERGY NUKUS GROUP” масъулияти чекланган жамияти билан туманда 125та ижтимоий соҳа объектларини иситиш бўйича шартнома имзоланган бўлиб, шундан 26та ижтимоий соҳа объектларини жорий йилда модернизация қилиш муваффақиятли тугалланди.
Шу кунгача туман Тиббиёт бирлашмасига қарашли Бердақ оилавий шифокорлик пунктига 2 дона, шунингдек, мактабгача таълим, умумий ўрта таълим ташкилотларидан жами 26та объектга 89та иситиш қозонхоналари ўрнатилиб, ишга туширилди.
Давлат-хусусий шериклик асосида иситиш тизимлари янгиланган ижтимоий соҳа объектларида бугунги кунда нормал ҳарорат таъминланиб, тизим узлуксиз ишламоқда.
Хусусан, Амударё тумани Тиббиёт бирлашмасига қарашли Бердақ оилавий шифокорлик пунктига ўрнатилган Туркия давлатига ишлаб чиқарилган 2та иситиш қозонлари мазкур объектда сифатли ишлаб, зарур ҳароратни яратиб турганлиги қувонарлидир.
Шунингдек, 43-сонли мактабгача таълим ташкилотига ўрнатилган янги иситиш тизими туфайли муассасада болажонлар учун қулай шароит яратилган.
Манғит шаҳридаги 76-сонли, 55-сонли умумий ўрта таълим мактаблари ҳам янгиланган иситиш тизими орқали иситилаяпти. Ушбу таълим масканларида ҳам иситиш тизимлари узлуксиз ва бир маромда, керакли ҳароратни таъминлаб бермоқда.
Келгусида жами 125та ижтимоий соҳа объектларида худди шундай янгиланган иситиш тизимини жорий қилиш кўзда тутилган. Хизмат қилиш кафолати 15 йил бўлган Туркияда ишлаб чиқарилган иситиш қозонлари туманимиз ижтимоий соҳа объектларида куз-қиш мавсумида узлуксиз ва мўътадил ҳароратни яратиб беради.
Севара ИСМОИЛОВА

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶