ЭЛЕКТР ЭНЕРГИЯСИ ТАЪМИНОТИДА УЗИЛИШЛАРГА БАРҲАМ БЕРИЛМОҚДА
Мамлакатимизда истеъмолчиларни сифатли ва узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш долзарб масалалардан бири ҳисобланади. Аҳоли хонадонлари, ишлаб чиқариш корхоналари ҳамда ижтимоий соҳа объектларининг электр энергиясига бўлган талабини узлуксиз қондиришга қаратилган чора-тадбирлар туфайли “Ҳудудий электр тармоқлари”, акциядорли жамияти тасарруфидаги ҳудудий филиаллар ва уларнинг қуйи тизимлари, жумладан, туман ва шаҳар электр таъминоти корхоналари томонидан кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Ислоҳотлар жараёнларида ўтган асрнинг 70-80-йилларида ўрнатилган ёғоч устунларни темир-бетон устунларга алмаштириш, аҳоли сони ўсиб бориши билан электр энергияси узатиш қуввати камлик қилаётган трансформатор пунктларини янги, юқори қувватли ва замоний трансформаторларга алмаштириш, реконстуркция қилиш, тежамкор СИП сим кабеллари билан таъминлаш ишлари муваффақиятли тарзда амалга оширилмоқда.
“Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти Қорақалпоғистон Республикаси филиалига қарашли Амударё тумани электр таъминоти корхонаси томонидан ҳам электр энергияси истеъмолчилари учун зарур шарт-шароитлар яратиш, аҳолини узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш мақсадида эскирган, ўз муддатини ўтаб бўлган электр узатиш тармоқларини янгилаш, таъмирталаб ускуналарни қайта таъмирлаш ишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Натижада ўтган 2023 йил давомида туман ҳудудида истеъмолчиларни электр энергияси билан таъминлашда узлишлар минималлаштирилди ва аҳолига сифатли хизмат кўрсатишга эришилди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг жойлардаги паст кучланишли электр тармоқларини модернизациялаш ва эскирган ускуналарни янгидан қуриш борасидаги кўрсатмалари асосида Амударё туманининг “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларига киритилган ҳудудларидаги таъмирталаб электр узатиш тармоқлари ҳамда трансформатор пунктлари модернизация ва реконстурукция қилинди.
Маълумки, электр ускуна ва тармоқларни янгилашда замонавий технологияларни қўллаш бугунги куннинг энг муҳим масалаларидан ҳисобланади. Шу боис, таянчда ўрнатилган герметик трансформаторлар, изоляцияланган СИП симлардан фойдаланиш натижасида тармоқдаги йўқотишлар ва инсон ҳаётига хавф солувчи омилларнинг олди олинмоқда.
Амударё тумани электр таъминоти корхонаси томонидан ўтган 2023 йил давомида жами 14та трансформатор пункти янгидан ўрнатилиб, 34,6 километр узунликдаги замонавий СИП кабеллар тортилди.
Туманнинг Қиличбой овули ҳудуди аҳолисининг ҳам электр энергиясига бўлган кундалик эҳтиёжи ўрганилиб, аҳоли мурожаатлари асосида ҳудудда модернизация ва реконструкция ишлари олиб борилди. Овул ҳудудига янгидан 166 дона темир-бетонли таянч устунлари ўрнатилди. 12,7 километр узунликдаги замонавий СИП кабеллари тортилиб, 170дан зиёд хонадонларда электр энергиясидан фойдаланиш сифати яхшиланди. Айни пайтда овул истеъмолчиларига электр энергияси барқарор тарзда етказиб берилмоқда.
Ислоҳотларнинг янги босқичида аҳоли билан, уларнинг мурожаатлари билан ишлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани боис, соҳадаги муаммолар ўз вақтида бартараф этилишига эришилмоқда.
Робия ЙЎЛДОШЕВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶