Туманимизда “Янги Ўзбекистон” массиви қурилиши бошланди
Сўнгги йилларда мамалакатимизда қурилиш соҳасида Янги Ўзбекистонга хос бўлган замонавий бунёдкорлик ишлари жадаллик билан амалга оширилмоқда. Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида халқаро даражадаги бино ва иншоотлар мажмуалари билан бир қаторда, қишлоқ ҳудудларда ҳам шаҳар шароити типидаги аҳоли турар жойлари қад ростламоқда.
Эътиборли жиҳати шундаки, Амударё туманида ҳам йилдан-йилга қурилаётган уй-жойлар сони ортиб, уларни арзон нархларда сотиб олиш учун фуқароларимизга бир қатор қулайликлар яратиб берилмоқда. Бу жараёнда “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси”да белгилаб олинган вазифалар муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилаётир.
Аҳолининг уй-жой шароитини яхшилаш, ҳудудларда замонавий шаҳарсозлик талаблари асосида кўп қаватли уй-жойлар, ижтимоий соҳа ва инфратузилма объектлари ҳамда муҳандислик-коммуникация тармоқлари қурилишини жадаллаштириш, ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва аҳоли пунктларининг урбанизация жараёнларини ривожлантириш мақсадида 2021 йил 9 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Янги Ўзбекистон” массивларини қуриш ва ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинган эди. Фармонга асосан жойларда “Янги Ўзбекистон” массивлари қурилиши бошланди. 2024 йил 12 январь куни Амударё туманининг Дўстлик маҳалласи ҳудудидаги бўш турган ер майдонларида ҳам янги массиви қурилишига тамал тоши қўйилди.
Янги массив қурилишининг бошланишига тамал тоши қўйиш маросимида Қорақалпоғистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири Азим Қурбонбоев, туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Камилжан Айтбаев, туман ҳокимининг қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича ўринбосари Баҳодир Эрназаров, овул ва маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари ҳамда тегишли соҳа вакиллари, фахрийлар иштирок этдилар.
Тадбирда туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Камилжан Айтбаев бугунги кунда туманимизда улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилаётгани, янги таълим ва тиббиёт муассасалари, спорт саройлари, йўл ва кўприклар, замонавий уй-жойлар қурилиб, фойдаланишга топширилаётгани натижасида туманимиз қиёфаси тубдан ўзгараётганини айтиб ўтди.
Бугунги кунда турар-жойга муҳтож аҳоли қатламини уй-жой билан таъминлаш мақсадида 6та 5 қаватдан иборат ҳар бири 30-35 хонадонли турар-жойларни қуриш ишлари бошлаб юборилди. Бундан ташқари, ҳудудда бозор инфратузилмаси объектлари, аҳоли дам олиш маскани, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш объектлари қурилиши белгиланган.
Туман ҳокимининг қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича ўринбосари Баҳодир Эрназаров инсон манфаатларини таъминлаш, одамларга барча қулайлик яратишга қаратилаётган эътибор ҳар қадамда кўзга ташланаётганини ҳамда биноларни лойиҳалаштиришда иқлим шароитлари, санитария ва хавфсизлик талаблари асосида қурилишини таъкидлаб ўтди.
Жорий йилда қуриладиган ҳар бири 5 қаватли бўлган 6та кўп қаватли уйда жами 185та хонадон бўлади. Кейинги босқичларда эса массив ҳудудида жами 65та кўп қаватли турар жойлар қурилиб, улардаги хонадонларнинг умумий сони 2100тага етади. Демак, ушбу “Янги Ўзбекистон” массивида келгусида жами 10 мингдан ортиқ аҳоли яшайди.
Бугунги кунда массивда бир неча турли қурилиш техникаси ҳамда маҳаллий қурувчи-муҳандислар ғайрат билан меҳнат қилмоқда. Яна бир эътиборли жиҳати шундаки, электр энергиясини иқтисод қилиш мақсадида массивда қурилаётган ҳар бир иншоот томига қуёш панеллари ўрнатилиши режалаштирилган.
Келгусида массив қошида ва ҳудудида ижтимоий инфратузилма объектлари, савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари, болалар майдончалари ва спорт масканлари ҳам бунёд этилиши режалаштирилган. Янги иншоотлар, ишлаб чиқариш мажмуалари ва ижтимоий инфратузилма объектлари қурилиши ҳисобига ҳудуддаги аҳолининг яшаш тарзи янада юксалади.
Ўйлаймизки, Дўстлик маҳалласи ҳудудида барпо этилаётган “Янги Ўзбекистон” массиви туманимизнинг кўркига кўрк бағишлайди. Манғит шаҳрини улкан бунёдкорлик майдонига айлантирадиган ушбу массив қурилиши уй-жойга муҳтож аҳолининг орзу-умидларини бекаму кўст рўёбга чиқаришга замин яратади.
Туман ҳокимлиги Ахборот хизмати

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶