ГИТЛЕР ВА СТАЛИНДАН ТОРТИБ ИЛОН МАСК ВА ЦУКЕРБЕРГГАЧА: “ЙИЛ ОДАМИ” ДЕБ ЭЪТИРОФ ЭТИЛГАН МАШҲУРЛАРНИ БИЛАСИЗМИ?
TIME журнали АҚШнинг Нью йорк шаҳрида жойлашган, Европада ТIME EUROPE номи остида, Осиёда эса ТIME АSIА номи билан инглиз тилида чоп этиладиган, жами 25 млн.лик аудиторияга эга бўлган дунёдаги энг йирик ҳафталик хабар журнали ҳисобланади. Ушбу журналнинг 1-сони 1923 йилда ёруғликка чиққан бўлиб, 100 йилдан буён чоп этилиб келмоқда.
Журнал томонидан ташкил этилган “Йил одами” танлови ҳам кўп йиллардан бери давом этиб келаётган анъаналардан биридир. Дунёга катта таъсир кўрсатган ва йил мобайнидаги янгиликлар кун тартибини кўп жиҳатдан белгилаб берган шахс ёки одамлар гуруҳи “Йил одами” танлови ғолиби сифатида тан олинади, дея қайд этади нашр. Анъанага кўра, 1927 йилдан буён ҳар йили декабрь ойида номинация ғолибини нашр бош муҳаррири танлайди ва ғолиб номи йилнинг сўнгги сонида эълон қилинади. Қуйида “Йил одами” дея эътироф этилган баъзи машҳур шахслар ҳақида қисқача маълумот берамиз.
Учувчи ва автомобилсозлардан машҳур сиёсатчиларгача
Тарихда илк маротаба — 1927 йилда Атлантика устидан тўхтовсиз парвоз қилиб ўтган америкалик учувчи Чарльз Линдберг энг биринчи “Йил одами” номинациясига муносиб деб топилган эди.
Кейинги йилда автомобиль саноатининг илк ихтирочиси, Америка автомобилсозлик саноати раҳбари ва “Chrysler Corporation” асосчиси Уолтер Крайслер “Йил одами” бўлди.
1930 йилда ғолиблик Ҳиндистон миллий қаҳрамони Махатма Гандига насиб қилди. У Ҳиндистон миллий озодлик ҳаракати раҳбарларидан бири, таниқли мутафаккир ҳисобланади. Ганди ХХ асрнинг Альберт Эйнштейндан кейинги 2-рақамли инсони дея расман тан олинган.
1938 йилда эса Олмония фашистик давлати бошлиғи, фашистлар национал-социалистик партиясининг фюрери, Иккинчи жаҳон уруши, СССРга ҳужум қилиш ташаббускори бўлган Адольф Гитлер “Йил одами” деб эътироф этилди. Шу каби машҳурлардан Совет Иттифоқи Коммунистик Партияси Бош котиби И.В.Сталин ҳам икки маротаба — 1939 ва 1942 йилларда “Йил одами” бўлди.
Нафақат якка шахслар, балки гуруҳлар ва мавҳум шахслар ҳам “Йил одами” бўлган
1950 йилгача ушбу номинацияга муайян шахслар танланган бўлса, кейинчалик мавҳум шахслар ёки гуруҳлар ҳам лойиқ деб топила бошланди. Масалан, 1950 ва 2003 йилларда АҚШ Қуролли Кучлари аскари, 1956 йилда Венгриядаги “Озодлик ҳаракати” иштирокчилари, 1960 йилда АҚШ олимлари, 1968 йилда “Апаллон-8” космик кемасида фазога чиққан АҚШлик фазогирлар, 1975 йилда АҚШлик бир гуруҳ аёллар, 1993 йилда Ёсир Арофат, Нелсон Мандела, Фредерик де Клерк, Исаак Рабин каби тинчликпарварлар ҳам номинация ғолиблари бўлишган.
Шунингдек, 2002 йилда АҚШлик изқуварлар, яъни “фош қилувчилар”, 2005 йилда ирландиялик рок-мусиқачи Боно, Microsoft компаниясига асос солган америкалик бизнес-магнат, дастурчи Билл Гейтс ва унинг ўша пайтдаги рафиқаси, компания бош менежери Мелинда Гейтслар “Меҳрибон инсонлар” номи билан, 2006 йилда интернет фойдаланувчилари, 2011 йилда “Араб баҳори” намойишчилари, 2014 йилда Эбола вирусига чалинган кишиларга ғамхўрлик қилганлар, 2017 йилда жинсий зўравонлик ва таъқибга қарши чиққан одамлар, 2018 йилда ўз қарашлари ва фаолияти учун таъқибга учраган журналистлар “Йил одами” деб топилган эди.
“Йил одами” дея эътироф этилган сиёсатчилар ва миллиардерлар
Журнал талқини бўйича дунёга машҳур бўлган сиёсатчилардан СССР етакчиси Никита Хрушчев 1957 йилда, АҚШнинг 35-президенти Жон Кеннеди 1961 йилда, АҚШнинг 40-президенти, сиёсатчи Рональд Рейган 1980 ва 1983 йилларда, КПСС МК бош котиби Юрий Андропов 1983 йилда, СССР давлат арбоби, Совет Иттифоқи тарихида биринчи ва ягона президент бўлган ҳамда дунё тарихида энг катта социалистик мамлакатнинг парчаланиши орқали танилган М.Горбачёв 1987 ва 1989 йилларда танлов ғолиблари бўлишган.
Шунингдек, 2008 ва 2012 йилларда Барак Обама, 2010 йилда Facebook асосчиси Марк Цукерберг, 2013 йилда Рим Папаси Франциск, 2015 йилда Германия Федерал канцлери Ангела Меркель, 2016 йилда АҚШ Президенти Дональд Трамп, 2020 йилда АҚШ Президенти Жо Байден ва АҚШ тарихидаги биринчи аёл вице-президент Камала Харрис ушбу эътирофга сазовор бўлган.
“Йил одами — 2021” танловида SpaceX ва Tesla компаниясининг раҳбари, дунёдаги энг бой одам Илон Маск ғолиб бўлди. Time’да таъкидланишича, Маск бошқарадиган машинани унинг ўзи яратган, бу машинага ҳайдовчининг деярли кераги йўқ. Шунингдек, “биргина бармоқ силкиш билан” у фонд бозорига ва Марс ҳақидаги орзуларга таъсир ўтказиши мумкин. “Бу одам Ер сайёрасидаги, келажакда, эҳтимол, ундан ташқаридаги ҳаётга фавқулодда таъсир кўрсатади. Иқлим ўзгаришининг экзистенциал инқирозидан, тенгсизлик муаммоларидан тортиб янги имкониятлар чегараларигача — ҳеч ким бу мавзуларни 2021 йил одами Илон Маскдан яхшироқ ўзида мужассам этмаган”, — дея эълон қилди журналнинг бош муҳаррири Эдвард Фелзентал. 2021 йилда Маск тарихда бойлиги 300 млрд. доллардан ошган илк миллиардерга айланди.
Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин сўнгги 24 йил ичида TIME талқинига кўра, “Йил одами” унвони учун даъвогарлар қаторида бўлган, бироқ у фақат бир марта — 2007 йилда ғолиб бўлган. 2022 йилда ушбу эътирофга Украина Президенти Владимир Зеленский лойиқ кўрилди. Қайд этилишича, Зеленский TIME журнали ўқувчилари сўровида биринчи ўринни эгаллаган.
“Йил одами – 2023”
Ўтган 2023 йилда Америкалик қўшиқчи аёл Тейлор Свифт TIME журнали талқини бўйича “2023 йил одами” деб топилди. У журнал томонидан бир неча марта эътироф этилган ва “Йил одами” муқовасида икки марта чиққан биринчи аёл сифатида тарихга кирди. Попхонанда бошқа даъвогарларни, жумладан, Владимир Путин, Си Жинпинг, OpenAI асосчиси Сэм Альтман, қирол Чарлз III, “Барби” ҳамда Голливуд актёрлари ва сценарий муаллифларини ортда қолдирди. Тейлор Свифт 2017 йилда ҳам жинсий зўравонликка қарши чиққан гуруҳ билан бирга “Йил одами” бўлган эди.
Свифт 17 йиллик фаолияти давомида Америкада (Billboard 200) биринчи ўринни эгаллаган 12та альбом чиқарди, кўплаб “Грэмми” ва бошқа мукофотларни қўлга киритди. У ўз фаолиятини кантрихонанда сифатида бошлаб, поп-юлдуз даражасига кўтарилди, орада иккита инди-альбомини ҳам тақдим қилди.
Свифт пандемиядан кейин 2022 йилда биринчи марта концерт беришни бошлади — жаҳон бўйлаб кенг кўламли Eras Tour гастроли уни миллиардерлар қаторига киритди. Одатда TIME ҳокимиятнинг анъанавий соҳалари вакилларини “Йил одами” деб эътироф қилади. Бироқ, ғайриоддий таъсири 2023 йил давомида намоён бўлган Свифт бундай лавозимга эга эмасди. “Ҳар бир йилда эзгулик ва зулмат бор. 2023 йилнинг кўп қисмини зулмат эгаллади. Жуда кўп қадриятлар барбод бўлаётган дунёда Тейлор Свифт чегаралардан ошиб ўтди ва эзгулик манбаига айланиш йўлини топди”, дейилади журнал берган таърифда.
Ўтган йили TIME журнали сўнгги 100 йилликдаги энг яхши 100та фильм рўйхатини ҳам эълон қилди. Рейтинг муаллифи америкалик киношунос, 2018 йилги Берлин кинофестивали ҳакамлар ҳайъати аъзоси — Стефани Захарек бўлди. Рейтингдаги энг қадимги картина сифатида немис режиссёри Роберт Виненинг 1920 йилда суратга олган “Шифокор Калигари кабинети” овозсиз фильми, энг янгиси сифатида эса Квентин Тарантинонинг 2019 йилдаги “Бир пайтлар Голливудда” картинаси танланди. Шунингдек, энг машҳур фильмлар қаторида “Шамолларда қолган ҳисларим”, “Велосипед ўғрилари”, “Жаззда фақат қизлар”, “Таксичи” ва шу каби бизга яхши таниш бўлган бошқа кинокартиналар ҳам бор.
TIME журнали мана шундай қизиқарли танлов ва маълумотлари билан дунё миқёсида кўп сонли обуначилар эътиборини қозониб келмоқда.
Интернет материаллари асосида
Озода Худойберганова тайёрлади.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶