Ногиронлиги бўлган болалар иштирокида “Мафтункор ранглар жилоси” номли тадбир ўтказилди
Болалик – беғуборликдир. Бу даврда бутун борлиқ кўзларимизга фақат ёрқин рангларда кўринади. Болаларнинг шўх-шодон кулгуси қалбларга қувонч бағишлайди. Уларни севиш, болажонлик фазилати халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган қадрият, аслида. Мурғак қалбларга шодлик бахш этиш ҳар биримизни қувонтиради, шубҳасиз. Гоҳида биз катталар ҳам болалардан беғуборликни, бир-биримизга қайноқ меҳр улашишни ўрганамиз, гўё. Гўзаллик дунёни қутқаради, дейди алломалар. Мана шу куч боларнинг қалбида, кўзларида яширин бўлса керак.
1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни. Бу сана серқуёш Ўзбекистонимизда зўр тантаналар билан нишонланади. Ҳеч бир бола меҳр ва эътибордан четда қолмайди. Байрам муносабати билан мамлакатимиздаги кўплаб ташкилотлатлар томонидан ташкил қилинган тадбирларга болаларнинг қувончи ўзгача файз бағишлайди.
Ўзбекистон ногиронлар жамияти Амударё тумани бўлими тамонидан “Арена” номли умумий овқатланиш ва аҳолига хизмат кўрсатиш шохобчасида Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан ногиронлиги бўлган, алоҳида таълим олаётган болалар иштирокида “Мафтункор ранглар жилоси” номли тадбир ҳам унитилмас лаҳзаларга бой бўлди.
Мазкур тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Ногиронлар жамияти раиси Паршагул Даулетярова, Амударё тумани ҳокимининг ўринбосари, оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Гўзал Сабурова, “Нуроний” жамғармаси туман бўлими раиси Аширбай Кушаев, туман Маънавият ва маърифат маркази бўлими бошлиғи Икром Маткаримов, “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази туман бўлими бошлиғи Ғуломжон Дусенбаев, туман Мактабгача ва мактаб таълими бўлими мутахассиси Нурбек Сейтбаев, тадбиркор Дилдора Ҳайитбаева ҳамда Ногиронлар жамияти Амударё туман бўлими раиси Нилуфар Холбоевалар иштирок этди.
Тадбирда сўз олганлар боларни байрам билан табриклаб, мамлакатимизда болаларга, хусусан, ногиронлиги бўлган шахсларга яратилаётган шарт-шароитлар, берилаётган имкониятлар ҳақида, уларнинг давлат тамонидан кафолатланган ҳуқуқлари, ижтимоий муҳофазаси тўғрисида тўхталиб ўтишди.
Дарҳақиқат, Бош Қомусимизнинг 50- ва 57-моддалари ҳамда тегишли қонунчилик ҳужжатларида ногиронлиги бор шахслар учун алоҳида нормалар қайд этилган. Жумладан, Конституциямизнинг 50-моддасида таълим ташкилотларида алоҳида таълим эҳтиёжларига эга бўлган болалар учун инклюзив таълим ва тарбия билан таъминланиши белгилаб қўйилган. Шунингдек, бола ҳуқуқлари халқаро қонунчилик ҳужжатлари ва ташкилотлар тамонидан ҳам ҳимоя қилинади.
Болалар қалби каби бегубор оқ қоғозларга сурат соларкан, тасвирларда дўстлик, она ватан манзаралари, қадрдон мактаб бинолари билан бирга уларнинг руҳияти, ички кечинмалари ҳам болаларча самимий ифодаланган. Тадбир иштирокчилари гўзал тасвирларни кузатиш билан бирга болаларга расм чизишлари учун яқиндан ёрдам бериб, қўллаб-қувватаб туришди. Тадбир болаларга тенгдошлари билан кўришиб, янги дўстлар орттириш имконини ҳам берди.
Жараён давомида шўх қўшиқлар янграб, болаларнинг севимли мультфильм қаҳрамонлари мусиқага мос ҳар ҳил ҳаракатлар қилиб, барчага хуш кайфият бағишлади. Тадбир якунида ташкилотчилар ва ҳомийлар тамонидан болаларга дастурхон ёзилиб, эсталик учун байрам совғалари топширилди.
Шуни қайд этиш керакки, болаларни ҳимоя қилиш кунини ўтказиш тўғрисидаги қарор 1925 йилда Женевада болалар фаравонлигига бағишлаб ўтказилган конференцияда қабул қилинган. 1959 йилда махсус Декларация қабул қилиниб, унда болаларнинг яшаш, зўравонликдан ҳимоя қилиниш ҳуқуқлари ва уларнинг келажаги ҳақида давлатнинг ғамхўрлик қилиш мажбурияти белгиланган. 1979 йилда халқаро болалар йили деб эълон қилинган. 1989 йилда эса болаларнинг ҳуқуқий ҳимоясини, Ер юзидаги барча болаларнинг тенг ва бир хил ҳуқуқларини таъминлайдиган бола ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенция қабул қилинди.
Болалар – наслимиз давомчилари, эртанги кун эгаларидир. Ҳар биримиз фарзандларимизнинг бахтли бўлишини, тўкис шароитда вояга етишини ва келажакда фаровон ҳаёт кечиришини истаймиз. Фурсатдан фойдаланиб, азиз болажонларни байрам билан самимий муборакбод этамиз ҳамда уларнинг соғ-саломат, билимдон, бахтли ва баркамол бўлиб улғайишларига тилакдошмиз!
Шоҳзод Қурбонбоев

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶