Фуқароларнинг кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқлари эътироф этилмоқда
Амударё туманида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Қорақалпоғистон Республикаси аҳолисини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳамда жисмоний шахслар томонидан қурилган уй-жойларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги 119-сонли Фармони доирасида қатор амалий ишлар қилинмоқда. Мазкур ҳужжат ижросини таъминлаш мақсадида туманда махсус ишчи гуруҳ тузилиб, белгиланган талабларга жавоб берадиган фуқароларнинг уй-жойга бўлган эгалик ҳуқуқини эътироф этиш бўйича Халқ депутатлари туман Кенгашининг тавсияси асосида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Президиумининг қарори қабул қилиниб, тегишли ҳужжатлар топширилмоқда.
Халқ депутатлари Амударё туман Кенгашининг 2024 йил 22 май кунги 73-сессияси қарори билан 501та, 30 май кунги 74-сессияси қарори билан 699та ҳамда 2 июль кунги 75-сессияси қарори билан 1857та турар жойлар ҳамда ер участкалари рўйхати тасдиқланган бўлиб, эндиликда Жўқорғи Кенгес Президиумининг қарори асосида тегишли ҳужжатлар мулк эгаларига топширилади.
Туман ҳокимлигининг мажлислар залида ўтказилган йиғилишда туман ҳокими Собир Хўжаметов 501 нафар уй-жой эгаларига мулкка эгалик ҳуқуқини расмийлаштириш имконини берувчи қарорларни тантанали равишда топширди.
Туман ҳокими ўз сўзида давлатимиз раҳбарининг “Қорақалпоғистон Республикаси аҳолисини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳамда жисмоний шахслар томонидан қурилган уй-жойларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги Фармони Қорақалпоғистн Республикасини ҳар томонлама ривожлантириш учун олиб борилаётган самарали ислоҳотларидан бири эканлигини алоҳида эътироф этди ва мазкур қарорнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти хусусида сўз юритди.
Таъкидлаш керакки, мазкур ҳужжат Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 47-моддасига мувофиқ Қорақалпоғистон Республикасида аҳолининг уй-жойга бўлган ҳуқуқи амалга оширилиши учун шарт-шароитлар яратиш, жисмоний шахслар томонидан қурилган кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш орқали аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида қабул қилинган.
Қарорда ер участкасига ижара ҳуқуқи ҳамда бино ва иншоотларга мулк ҳуқуқини эътироф этиш учун фуқаро ушбу уй-жойдан 2018 йил 1 майгача бўлган даврдан бошлаб ўзиники каби ҳалол, ошкора ва узлуксиз фойдаланган бўлиши, ушбу ҳолат космик суратларни қайта ишлаш орқали ҳамда сўнгги беш йил учун ер солиғи ва мол-мулк солиғи тўланганлиги билан тасдиқланган бўлиши белгиланган.
Шунингдек, ер участкаси бўш бўлмаслиги, унда қурилган уй-жой яшаш учун мўлжалланган бўлиши, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдирмаслиги, ер участкаси суғориладиган ерлар, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар, тарихий-маданий аҳамиятга молик ерлар, транспорт, алоқа ва мудофаа мақсадларига мўлжалланган ерлар, кимёвий ёки радиоактив моддалар билан ифлосланган ерлар тоифасига кирмаслиги, сув объектларининг санитария муҳофазаси зоналарида, ер усти ва ер ости сувларининг ҳосил бўлиш зоналарида жойлашмаган бўлиши шартлиги белгилаб қўйилган.
Қарор ижросини таъминлаш мақсадида 2023 йилнинг 5 август куни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Президиумининг қарори қабул қилинган. Президиум қарорига асосан Қорақалпоғистоннинг барча ҳудудларида ишчи гуруҳлар тузилган.
Давлат кадастрлар палатаси Амударё тумани филиалида тузилган ишчи гуруҳ тегишли ҳужжати бўлмаган жами 4795 нафар жисмоний шахслар тарафидан қурилган турар жойларнинг манзилли рўйхатини шакллантирган. Шундан ишчи гуруҳ аъзолари томонидан 2937та турар жойларга ижобий хулоса берилган. Бугунги кунда тегишли хулосага эга бўлган ва Фармон талабларини бажарган фуқароларнинг уй-жойга бўлган эгалик ҳуқуқларини эътироф этиш бўйича амалий ишлар давом этмоқда.
Чарос Арслонова, туман ҳокимлигининг Ахборот хизмати раҳбари.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶