Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири Акбар Тошқулов Чойкўл овулидаги “Маҳалла еттилиги” фаолияти билан танишди
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 24 май кунги “Маъмурий ислоҳотлар доирасида Адлия органлари ва муассасаларининг масъулиятини янада ошириш ҳамда ихчам бошқарув тизимини шакллантириш тўғрисида”ги Фармони билан мамлакатимизда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига сўзсиз риоя этилишини таъминлаш, уларга кўрсатилаётган давлат ва ҳуқуқий хизматлар кўламини кенгайтиришда адлия органлари ва муассасаларининг масъулиятини янада ошириш ва ҳужжатда белгиланган шу каби бошқа вазифалар ижроси давлат ижтимоий сиёсатида янги босқичга кўтарилган эди.
Жорий йилнинг 3 июль куни Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири Акбар Тошқулов мазкур Фармоннинг ҳудудлардаги ижросини кўздан кечириш ва адлия органлари томонидан фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари таъминланиши юзасидан бажарилаётган ишларни ўрганиш мақсадида Қорақалпоғистонга қилинган хизмат сафари чоғида Амударё туманига ташриф буюрди ва Чойкўл овулида бўлиб, у ердаги “Маҳалла еттилиги” фаолияти билан танишди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги бошқарма бошлиғи Фаррух Салиев, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазири Элмурод Турсунов, туман Адлия бўлими бошлиғи Мансур Садиков, Ўзбекистон Маҳаллалари уюшмаси туман бўлими бошлиғи Алишер Юлдашев, Чойкўл овулдаги “Маҳалла еттилиги” ва бошқалар иштирок этишди.
Дастлаб туман Адлия бўлими бошлиғи Мансур Садиков томонидан жойларда уйма-уй юриб ўрганишлар давомида аҳолининг ҳуқуқий муаммоларини аниқлаш ва уларни ҳал этиш, шунингдек, манзилли ҳуқуқий тарғибот тадбирларини янада кучайтириш ҳамда маҳалла фуқаролар йиғинлари ва давлат органларининг қуйи тизимлари фаолиятига методик ёрдам кўрсатиш масалаларига доир йўналишларда амалга оширилаётган ишлар тўғрисида тақдимот қилинди.
Келтирилган маълумотларга кўра, бугунги кунда Чойкўл овулида 7123 нафар фуқаро истиқомат қилади. Шундан 3962 нафарини ёшлар ташкил қилади. Овул хотин-қизларидан 129 нафари “Аёллар дафтари”га киритилган. Кам таъминланган оилалар сифатида 12та оила рўйхатга олинган. Аҳолининг ҳуқуқий муаммоларини аниқлаб ҳал этиш ва уларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш юзасидан адлия-маҳалла ҳамкорлигида бир қатор ишлар амалга ошириляпти. Жумладан, ҳуқуқий ахборотни тарқатиш йўналишида ҳафтанинг ҳар чоршанба куни “Ҳуқуқий тарғибот куни” ўтказилмоқда, қонунчилик базасини мустаҳкамлаш мақсадида “Маҳалла еттилиги”га 30та қонунчилик ҳужжатлари етказилди, учрашувлар давомида аҳолига 450дан ортиқ ҳуқуқий тарғибот материаллари тарқатилди, шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож 136 нафар фуқарога имтиёзлар бўйича тушунтиришлар берилди.
Бундан ташқари, аҳолига давлат хизматларини кўрсатишни янада соддалаштириш мақсадида маҳалла биносига интерактив киоск ўрнатилди, у орқали фуқаролар шу кунга қадар 297та давлат хизматидан фойдаланди. Шунингдек, фуқароларнинг 130 нафарига сайёр давлат хизматлари кўрсатилди. Сайёр қабуллар давомида 34 нафар фуқаронинг муаммолари ўрганилиб, қонуний тартибда ҳал қилинди. Аҳолининг мурожаатлари юзасидан 12 нафар фуқарога бирламчи бепул юридик ёрдам кўрсатилди.
Тақдимот давомида туман Адлия бўлими бошлиғи Мансур Садиков томонидан адлия-маҳалла ҳамкорлигида амалга оширилаётган шу каби бошқа ишлар тўғрисида ҳам маълумотлар берилди.
Шундан кейин, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири Акбар Тошқулов тадбир иштирокчиларига овул-маҳаллаларда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, аҳоли бандлигини таъминлаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш орқали уларни қўллаб-қувватлаш, ажрим ва оилавий зўравонликнинг олдини олиш юзасидан зарур тавсиялар бериб ўтди.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, сўнги йилларда мамлакатимизда соҳалар ривожи йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар сабаб адлия органлари ва муассасаларининг овул-маҳаллалар билан ҳамкорлиги янада кучайди. Бунинг натижасида аҳолининг ҳуқуқий маданияти ошиб, қабул қилинаётган қонуний ҳужжатларнинг ижроси таъминланаяпти.
Шавкат Ваисниязов, Амударё тумани Адлия бўлими Юридик хизмат кўрсатиш маркази бошлиғи.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶