“Долзарб 30 кун” доирасида кенг кўламли профилактик тадбирлар ташкил қилинмоқда
Хабарингиз бор, мамлакатимизда эълон қилинган “Ёнғин хавфсизлигини таъминлаш бўйича долзарб 30 кун” доирасида жорий йилнинг 1 июлидан бошлаб Амударё туманида ҳам профилактик тадбирлар, тактик-амалий ўқув машғулотлари ўтказиб келинмоқда. Шунингдек, масъуллар томонидан чўмилиш мавсуми давомида сувга чўкиш билан боғлиқ бўлган кўнгилсиз ҳодисаларнинг олдини олишга қаратилган рейд тадбирлари ҳам ташкил қилиняпти.
Ёз фаслида ҳаво ҳароратининг кўтарилиши ва кунларнинг исиб бориши сабаб аҳоли, асосан ёшлар сув ҳавзаларида ором олиб, ҳордиқ чиқаришни хуш кўришади. Айниқса, болалар таътил вақтида куннинг муайян қисмини сув ҳазаларида чўмилиш билан ўтказади. Бироқ, тақиқланган ҳудудларда чўмилиш инсон ҳаёти учун катта хавф туғдириши мумкин. Амударё тумани ҳокимлигида ўтказилган ўқув-машғулотида шу каби мавзулардаги бир қатор масалалар муҳокама қилинди.
Мазкур тадбирда туман ҳокими Собир Хўжаметов, Ички ишлар ҳамда Фавқулодда вазиятлар бўлими масъуллари, Миллий гвардия ходимлари, овул ва маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, ҳокимлик масъул ходимлари иштирок этишди.
Дастлаб туман ҳокими, фуқаро муҳофазаси бошлиғи Собир Хўжаметов томонидан чўмилиш тақиқланган ҳудудларда хавфсизлик қоидаларига амал қилишни аҳоли орасида янада кенг тарғиб этиш хусусида фикр-мулоҳазалар билдирилиб, масъулларга кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олиш, шунингдек, инсонларнинг соғлиғи ва ҳаётини муҳофаза қилиш юзасидан зарур топшириқлар берилди.
Белгиланган вазифаларга кўра, чўмилиш таъқиқланган ўринларда туман Ички ишлар бўлими, Миллий гвардия, овул ва маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳамда Фавқулодда вазиятлар бўлими ходимларидан иборат узлуксиз навбатчиликнинг йўлга қўйилиши, чўмилиш таъқиқланган сув ҳавзаларида профилактик ва рейд тадбирларини янада кучайтириш, шунингдек, чўкиш билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар кузатилаётган жойларда мавсум давомида кузатув постлари ва жамоатчилик назоратини ташкил этиш муҳим аҳамиятга эга ҳисобланади.
Ўқув машғулотида сўзга чиққанлар томонидан таъкидланганидек, белгиланган тартибларга амал қилмай, хавфсизлик таъминланмаган сув ҳавзаларида чўмилиш ва эҳтиётсизлик оқибатида кўплаб инсонлар ўз умрига зомин бўлишяпти.
Сувга чўкиш билан боғлиқ бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш мақсадида масъуллар томонидан дарё, каналлар, кўл ва бошқа чўмилиш таъқиқланган сув ҳавзаларида аҳолининг чўмилишига йўл қўймаслик борасида тизимли равишда кенг қамровли профилактик тадбирлар ўтказилиб келинмоқда.
Туман Фавқулодда вазиятлар бўлими ходимлари ва тегишли соҳа вакиллари ўзаро ҳамкорликда ташкилотлар ва аҳоли гавжум жойларда тактик-амалий ўқув машғулотлари ҳам ташкил қилиняпти. Овул ва маҳалларда аҳоли билан учрашиб, тушунтириш-тарғибот ишлари кучайтириляпти, шунингдек, хонадонлардаги ёнғин хавфсизлиги ҳолати ҳам кўздан кечирилиб, жараёнлар давомида аниқланган камчиликлар жойида бартараф этилмоқда.
Амалга оширилган ишлар юзасидан ҳар 10 кунда масъул ходимлар иштирокида ўтказилган муҳокамаларда мавжуд вазият хулосалари таҳлил қилиб борилмоқда.
Белгиланган иш режага кўра, туман Фавқулодда вазиятлар бўлими томонидан Дўрман овулидаги 84-сонли мактаб биносида фаолият кўрсатаётган “Қалдирғоч” болалар ёзги дам олиш оромгоҳида ёнғин хавфсизлигига доир кўргазмали профилактик тадбирлари ташкил этилди. Бунда оромгоҳ ходимлари ва болалар иштирок этишди. Жараён давомида мутахассислар томонидан ёнғин-қутқарув техникалари номойиш қилинди ва оромгоҳ болаларининг ёнғин хавфсизлигига доир билимлари синовдан ўтказилди.
Таъкидланганидек, хонадонларда ёнғин ҳолатлари катталарнинг эътиборсизлиги ва болаларнинг ўйинқароқлиги сабаб содир бўляпти. Болаларга гугурт ўйнаш оқибатида ёнғин юзага келишини тушунтириш лозим. Акс ҳолда лаҳзалик бепарволик оқибатида ёнғин содир бўлиб, инсон ҳаёти ва мол-мулки хавф остида қолиши мумкин.
Мутахассислар оромгоҳда ёзги таътилни ўтказаётган болалар билан суҳбатлашиб, уларга ёнғин хавсизлигига доир тушунчалар беришди. Савол-жавоблар давомида кўпчилик болалар ўт ўчирувчи касбига қизиқиши маълум бўлди. Кўргазмали профилактик тадбир вақтида болалар ўт ўчириш воситалари билан яқиндан таништирилди. Тақдимот вақтида ёнғинга қарши ускуналарнинг турлари ва улардан қандай фойдаланиш лозимлиги, саёз ҳавзаларда махсус техникалар ёрдамида сув олиш усуллари тушинтирилди.
Шу ернинг ўзида болалар иштирокида шартли ёнғин ҳолатлари содир этилди ва ёнғинга қарши бирламчи курашиш воситаси – ўт ўчиргичлар билан ёнғин ўчоғи бартараф этилди. Шунингдек, ёнғин ўчириш машинасининг имкониятлари намойиш қилиниб, махсус техникалар ёрдамида муайян масофага сув сепилди ва шартли ёнғин ўчоғи ўчирилди.
Маълумки, ёз фаслининг ўрталарига келиб кунлар жуда исиши оқибатида оддий бўлиб кўринган учқун сабаб катта ёнғинлар келиб чиқиши мумкин. Ўрмон ёнғинларининг аксарияти ҳудудга яқин ўринларда истиқомат қилувчи фуқароларнинг ва бу манзилларга ҳордиқ чиқариш мақсадида келган меҳмонларнинг эҳтиётсизлиги оқибатида юзага келади. Маълумотларга кўра, ўрмон ёнғинлари асосан гулхан чўғлари, тўла ўчирилмаган сигарета ва кўмир қолдиқлари ҳамда оловни нотўғри ёқишдан келиб чиқяпти.
“Долзарб 30 кун” тадбирлари доирасида туманимиз ҳудудида жойлашган ўрмонзорларда ёнғин хавфсизлигини таъминлаш юзасидан ўрмон атрофида истиқомат қилувчи фуқаролар билан профилактик тушунтириш-тарғибот ишлари ҳам олиб борилди.
Тадбир иштирокчиларига ёнғин хавфсизлигига доир маълумотлар баён қилинган варақалар тарқатилди. Шунингдек, аҳолига мавсум давомида ёнғин хавфсизлиги қоидаларига амал қилиб, кўнгилсиз ҳолатларнинг олди олинишида янада сергак бўлиши лозимлиги таъкидланди. Аҳоли вакиллари фикр-мулоҳазаларида ёнғин хавфсизлигини таъминлашда ҳар бир фуқаронинг фаол иштирок этиши муҳим аҳамиятга эга эканлигини билдиришди. Чунки, ёнғинларнинг олдини олиш ва бартараф этиш фақат соҳа ходимларининг мажбурияти эмас. Тилсиз ёвнинг лаҳзалик ташрифи оқибатида нафақат давлат бюджетига, балки кўплаб фуқаролар соғлиги ва мол-мулкига жиддий зарар етказилади.
Жараён давомида масъуллар томонидан ўрмонларда ёнғин содир бўлганида тилсиз ёвни аҳоли билан ҳамкорликда бартараф қилиш бўйича тайёргарлик ҳолати кўздан кечирилди. Ёнғинга қарши бирламчи асбоб-ускуналарнинг фавқулодда вазиятларга шайлиги ва мавжуд сув заҳираларининг ўрни текширилди.
Такидлаш жоизки, ўрмон ёнғинларининг олдини олишда биринчи навбатда оловни ҳеч қачон қаровсиз қолдирмаслик керак. Ўрмон ёнғинларининг экологик ва иқтисодий зарарлари узоқ муддатли таъсирга эга ҳисобланади. Атроф-муҳитга эътиборли бўлиш, профилактика чораларини кўриш орқали ёнғинларнинг ҳалокатли таъсиридан сақланишимиз мумкин.
Ойлик доирасидаги тушунтириш-тарғибот учрашувлари “Янгиобод” маҳалла фуқаролар йиғинининг маъмурий биносида давом эттирилди. Тадбирда туман Фавқулодда вазиятлар бўлими ходимлари, “Маҳалла еттилиги” ва шу маҳаллада истиқомат қилувчи фуқаролар вакиллари иштирок этишди.
Дастлаб масъуллар томонидан “Ёнғин хавфсизлигини таъминлаш бўйича “Долзарб 30 кун” доирасида ўтказилаётган тадбирларнинг мақсади ва аҳамияти хусусида фикр-мулоҳазалар билдирилди. Шунингдек, соҳа ходимлари ва тегишли ташкилот вакиллари билан ўзаро ҳамкорликда амалга оширилаётган ишларнинг амалий натижалари тўғрисида маълумотлар берилди. Мулоқот давомида фуқароларнинг ёнғин хавфсизлигига доир саволларига соҳа мутахассислари томонидан тегишли жавоб ва тавсиялар берилди. Шунингдек, тадбир иштирокчиларига ёнғин хавсизлигига доир маълумотлар баён қилинган варақалар тарқатилди.
Такидланганидек, жорий йилнинг 1 июль кунидан 1 август кунига қадар фавқулодда ҳолатларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг тегишли фармойишига мувофиқ мамлакатимиз ҳудудида “Ёнғин хавфсизлигини таъминлаш бўйича “Долзарб 30 кун” тадбирларини ўтказиш белгиланган.
Дарҳақиқат, олов инсон эҳтиёжлари учун хизмат қилади. Бироқ оловдан ниҳоятда эҳтиёткорлик билан фойдаланишимиз зарур. Озгина эҳтиётсизлик кўплаб нохушликларга сабаб бўлиши, моддий бойликларни кулга айлантириши, энг хавфлиси – инсон ҳаётини хавф-хатарга қўйиши мумкин. Шунинг учун хонадонимизга ўтказилган газ тармоғи ва ошхонамиздаги газ плиталарига доим эътиборли бўлишимиз лозим.
Ёз фаслида кунларнинг кескин исиши сабаб объектларни салқин қилиш мақсадида электр энергияси билан қувватланувчи маиший техника воситалари – совитгичлардан кун давомида фойдаланамиз. Узлуксиз ва юқори кучланиш ортидан талабга жавоб бермайдиган носоз қурилмалар ва электр ўтказувчи симларда қисқа туташувлар содир бўлиши мумкин. Оқибатда хонадонларда ёнғин содир бўлиб, фуқаролар ҳаёти ва мол-мулкига зарар етказилади.
“Ёнғин хавфсизлигини таъминлаш бўйича долзарб 30 кун” доирасида “Янгиобод” маҳалласида ўтказилган профилактик тадбирларда шу каби бошқа мавзуларда соҳа мутахассисилари томонидан аҳолига қимматли маълумотлар берилди. Бу каби профилактик тадбирлар, тушунтириш-тарғибот ишлари, тактик-амалий ўқув машғулотлари мавсум давомида туманимизнинг бошқа овул ва маҳаллаларида ҳам ташкил этилади.
Шоҳзод Қурбонбоев

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶