МАҲАЛЛА - ТАРБИЯ МАСКАНИ
Бугунги кунда маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш ва бандлигини таъминлаш энг долзарб вазифалар сирасига киради. Негаки, соғлом ижтимоий-маънавий муҳит ҳукмрон жойда эл тинч, осуда ҳаёт кечиради, оилаларда фаровонлик бўлади, фарзандлар юрт хизматига камарбаста бўлиб вояга етади.
"Холимбег” овул фуқаролар йиғини таркибига кирувчи "Аёқчи” маҳалла фуқаролар йиғини қошида давлатимизнинг ёшларга оид қарорларини амалга тадбиқ этишга қаратилган, хусусан, ҳуқуқий маданиятини шакллантиришга, уларнинг фуқаролик жамиятини ривожлантириш жараёнларидаги фаоллигини оширишга, фуқароларимиз орасида қабул қилинаётган қарорлар ва қонунчилигимиздаги ўзгаришларнинг мазмун-моҳиятини тушунтиришга қаратилган тарғибот-ташвиқот ишларини олиб борувчи доимий комиссиялар тузилган бўлиб, фаолияти самарали ташкил этилган.
Аҳоли турмуши фаровонлигининг асоси ҳисобланмиш ишга яроқли аҳолининг бандлигини таъминлаш жуда муҳимдир. Буни инобатга олган ҳолда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, замонавий касб-ҳунарларни эгаллашга бўлган интилишларини қўллаб-қувватлаш, иш билан таъминлаш ва тадбиркорликка жалб этиш мақсадида маҳалламизда "Маслаҳат маркази” фаолият кўрсатиб келмоқда. Марказда фуқароларнинг бандлик бўйича барча саволларига жавоб берилиб, янги-янги иш ўринлари яратилишига эришилмоқда. Шу йилнинг ўзида 4 нафар фуқаро сартарошлик ва касаначилик бўйича тадбиркорлик фаолиятини бошладилар. Ҳудудимизда жойлашган пахта қабул қилиш шохобчасига 8 нафар, фермер хўжаликларига 16 нафар ёшлар шартнома асосида ишга жойлашдилар. "Amudaryotex” хорижий корхонасида 12 нафар маҳалла аёл-қизлари меҳнат фаолиятини бошлади.
Ўзбекистон Республикаси Бош Вазирининг 2015 йил 20 январдаги "Аҳолининг шахсий ёрдамчи хўжаликларидан самарали фойдаланиш, улар учун талаб этиладиган моддий ресурсларни етказиб бериш ва молиялаштириш ишларини тизимли ташкил этиш юзасидан амалга ошириладиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги топшириғини ижро этиш бўйича фаол иш олиб бормоқдамиз. Бунга кўра, 24 нафар фуқаронинг ҳужжатлари тижорат банкларига кредит олиш учун топширилди ва 12 нафарининг аризаси қаноатлантирилди.
Маҳалламизда аҳоли орасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олишга қаратилган турли тадбирлар мунтазам ўтказилмоқда.
Булардан ташқари, тўй-маросимларни ихчам тарзда ўтказиб, ортиқча чиқим ва исрофгарчиликка йўл қўймасликка ҳаракат қилаяпмиз.
Айни кунларда маҳалламиз ҳудудини кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш ишларига деярли барча фуқароларимиз жалб қилинмоқда. Чунки маҳалламизнинг ободлиги, кўркамлиги ҳаммамизга дахлдор.
(Фото - http://uza.uz)

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶