Турли йиллар давомида ёшлар ташкилотларида ишлаган собиқ ҳамкасбларнинг учрашуви бўлиб ўтди
Ёшлар таълим-тарбияси барча даврларда ҳам жамиятнинг энг муҳим вазифаларидан бири бўлиб келган. Келажак авлоднинг билимли, қатъиятли ва жамиятнинг фаол аъзоси бўлиб вояга етиши мамлакатнинг ёруғ келажагини белгилайди. Ўзбекистонда ҳам ёшларнинг ҳар томонлама ривожланиши, жамиятдаги ўз ўрнини мустаҳкамлашларига кўмаклашиш мақсадида турли ташкилотлар тузилган. Мустақилликдан кейин турли даврларда ташкил қилинган Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ва “Камолот” Ёшлар ижтимоий ҳаракати ҳамда ҳозирда фаолият юритаётган Ёшлар ишлари агентлиги ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашда муҳим восита бўлган ва шундай бўлиб келмоқда.
Кўп йиллар давомида Амударё туманидаги ёшлар ташкилотларида фаолият юритиб, айни кунларда нафақада, кексалик гаштини сураётган бир гуруҳ касбдошлар ва маслакдошлар ҳар йили йиғилиб, дийдорлашишни одат қилишган. Бу йил ҳам ушбу анъана давом эттирилиб, фахрийлар Манғит шаҳридаги “Истиқлол” тўйхонасида учрашдилар.
Умрининг навқирон йилларини ёшлар тарбиясидек шарафли ва машаққатли касбга бағишлаган нуронийлар бугун ҳам жамият тараққиётига ҳисса қўшишни ўзларининг доимий бурчи ва вазифаси деб билишади. Улар ўз билим ва тажрибаларини янги авлодга ўргатиб, ёшларни ёруғ келажак сари руҳлантиришни, бу йўлда уларга устозлик ва мураббийлик қилишни ўз олдларига мақсад қилиб қўйишган.
Тадбирда “Нуроний” жамғармаси Амударё туман бўлими бошлиғи Бекман Аллаберганов, меҳнат фахрийлари, узоқ йиллар ёшлар ташклотларида турли лавозимларда самарали фаолият юритган Янгибой Ражабов, Солий Йўлдошев, Собир Болтаев, Озод Тожимуродов, Гулчеҳра Отабоева, Хонимжон Ражабова, Гуласал Ўрозимбетова, Фарҳод Маткаримов ва бошқалар тадбирда сўзга чиқиб, ўзлари ишлаган даврларни эсга олдилар ва бугун юртимизда ёшлар учун яратилган шароитлар, уларга берилаётган имтиёз ва имкониятлар ҳақида тўлқинланиб сўзладилар.
Учрашувда ёшлик даврларининг қизғин хотиралари, машаққатли меҳнат йўллари ва биргаликда ўтказилган шонли кунлар ёдга олинди. Дўстлар даврасида ҳамкасблар ва маслакдошлар бир-бирлари билан олис йилларни эслаб, сафларини барвақт тарк қилган дўстлари руҳига Қуръон тиловат қилишди. Бу каби дийдорлашув онларида собиқ ҳамкасблар ўртасидаги самимий дўстлик ва биродарлик туйғулари янада мустаҳкамланган бўлса, ажаб эмас.
Тадбирда собиқ Иттифоқ давридаги Совет Иттифоқи Коммунистик партиясининг ёшлар ташкилоти, яъни “Комсомол” сафида ишлаган, бугун 70-80 ёшдан ошган нуроний отахон ва онахонлардан тортиб, бугунги кунда Ёшлар ишлари агентлигида фаолият юритаётган навқирон ёшларгача иштирок этишди. “Авлодлар учрашуви” номини олган бу тадбир ҳар бир иштирокчида бир олам таассуротлар қолдирди.
Тарихга назар ташлайдиган бўлсак, 1918 йилнинг худди шу санасида, яъни 29 октябрь куни ишчи ва деҳқон ёшлар иттифоқларининг I Бутунроссия сезди бошланган. Унда Россия коммунистик ёшлар иттифоқи ташкил этилган. Ташкилот кейинчалик Ленин коммунистик ёшлар иттифоқи, 1926 йил март ойидан бошлаб Бутуниттифоқ Ленин Коммунистик Ёшлар Иттифоқи деб юритилган. Собиқ Совет Иттифоқи парчаланиб кетиши билан комсомол ташкилоти ҳам тугатилди.
1991-1996 йилларда бу ташкилот ўрнида Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи фаолият юритди. Кейинчалик, 1996 йилда мамлакатимизнинг биринчи Президенти Ислом Каримов Фармони билан “Камолот” жамғармаси тузилди. 2001 йилда эса у “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатига айлантирилди. 2017 йилда “Камолот” тугатилиб, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи тузилди, кейин эса бу ташкилотнинг вазифалари янада кенгайтирилиб, у Ёшлар ишлари агентлигига айлантирилди.
Ушбу тизимдаги ташкилотларда фаолият юритиб, айни кунларда нафақада бўлган нуронийлар ҳозир ҳам келажак авлод тарбиясига бефарқ эмаслар. Улар ўзларининг ҳаётий тажрибалари, билимлари ва аждодлардан мерос бўлиб келаётган миллий урф-одат ва анъаналаримизни ёшларга ўргатиши орқали жамиятнинг маънавий-ахлоқий асосларини мустаҳкамлашга ҳисса қўшиб келмоқдалар. Қолаверса, оилавий қадриятларни, ўзаро ҳурмат ва инсонийлик туйғуларини ёшлар ўртасида тарғиб қилиб, бу орқали ёшларнинг маънавий дунёсини бойитиш, уларни ўз ҳаётий позицияларига эга бўлган шахслар қилиб тарбиялашда ҳам жонбозлик кўрсатмоқдалар.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶