ЖАСОРАТ ВА МАТОНАТГА ТЎЛА ҲАЁТ ЙЎЛИ
Манғитлик Ибодулла бобо ва Шолмон момо Матқурбоновлар хонадонига 1943 йил баҳорида тўнғич ўғил, норғул йигит Ўрозбой Ибодуллаевнингжанглардан бирида қаҳрамонларча ҳалок бўлганлиги ҳақида қорахат келди.
Бундай оғир ва қайғули кунларда Ибодулла бобонинг иккинчи ўғли Бозорбой Ибодуллаев жангга отланди. Жангларнинг бирида, у қуролдошлари билан душманни тўхтовсиз қувиб бораётганда миналаштирилган ўрмондан ўтишига тўғри келди. Ўрмон ичкарисига анча кирилганда ёнидаги қуролдош дўстининг бехосдан босган қадами минага тўғри келиб, мина портлашидан бу сафдоши тилка-пора бўлиб кетди, Бозорбой Ибодуллаев эса чап қўлидан оғир ярадор бўлди. Бу – 1943 йил 15 март куни содир бўлган эди.
Қаҳрамонимиз Бозорбой ота Ибодуллаев жароҳати туфайли урушдан қайтганидан кейин собиқ Манғит пахта тозалаш заводида қирқ бир йил меҳнат қилди. Бу даврда у уй-жойли бўлиб, дилбар қиз Ҳалима Жуматова билан оила қуришди ва саодатли умр кечиришди. Улар беш нафар ўғил-қизларни дунёга келтиришди. Улардан ўттиз нафарга яқин невара, чеваралар кўришди. Байрам кунлари улар тўпланишганда Бозорбой ота Ибодуллаевнинг бағри қувончларга тўлиб-тошиб кетади.
Яқинда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси М.Ерниёзов, туман ҳокимлиги ходимлари ва бошқа ташкилот, муассасалар раҳбарлари табаррук инсон Бозорбой ота Ибодуллаев хонадонида бўлишиб, самимий мулоқот жараёнида унга мустаҳкам соғлик-саломатлик, узоқ умр тилаб, қимматбаҳо совғалар тақдим қилдилар. Отахонга "Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабанинг 70 йиллиги” эсдалик юбилей медали тантанали равишда топширилди. Бундан Бозорбой отанинг кўнгли тоғдай кўтарилди.
Биз ҳам ўз умрини жасорат, матонат хислатлари билан зийнатлаган, ҳаётда ҳалол меҳнат қилиб яшаган бағри кенг, меҳри дарё, сабр-қаноатли бу табаррук инсонга фарзандлари ва невара, чеваралари бағрида яна узоқ йиллар саодатли ҳаёт кечиришини тилаб қоламиз. Даврамизда ҳамиша Бозорбой отадек табаррук инсонлар бор бўлсин!
Қобул ШОМУРОДОВ.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶