200 ЙИЛЛИК ТАРИХГА ЭГА КАНАЛ (Давоми)
(Давоми. Боши газетанинг 30 июнь кунги 25-сонида).
Газетамизнинг 30 июнь кунги 25-сонида бунёд этилганига 200 йил тўлиши муносабати билан Ўзбекистон, Қорақалпоғистон ва Туркманистон Республикалари ҳудудларидаги муҳим сув йўли ҳисобланмиш Қилич Ниёзбой каналининг тарихи, Қилич Ниёзбой исмли тарихий шахснинг элчилик фаолияти ҳақида маълумот берган эдик.
Ушбу сонда канал қазилишида бош-қош бўлган мироб ва элчи - Қилич Ниёзбой ҳақидаги тарихий манбаларга оид маълумотларни эътиборингизга ҳавола этамиз.
Қилич Ниёзбойдек хонликда обрў қозонган мироб, элчи, давлат амалдорининг ҳаёти хонлик муаррихлари ёзиб қолдирган бир нечта асарларда ёритиб ўтилган. Жумладан, Шермуҳаммад Мунис ва Огаҳийнинг "Фирдавс ул-иқбол” асарида, Хива хони Муҳаммад Раҳимхон I ҳижрий 1230, рабиъ ул-аввал ойининг ўн бешида, жума куни милодий 1815 йили Дашти Қипчоққа-Сирдарё-Жана дарё бўйларига Суюнбий, Дўсимбий ва Илёс шиғовулни 5 минг аскар билан солиқ тўплашдан бош тортган аҳолини жазолашга юборади. Мунис ва Огаҳий асарида ёзилишича, ("Фирдавс ул-иқбол”, "Ўқитувчи” нашриёти, Тошкент, 2010 йил, 290-бет), Қилич Ниёзбой ва Аваз юзбошини қуллар сипоҳи била ҳамроҳ қилди”. Яъни Қилич Ниёзбой юзбоши сифатида қуллардан - асирга олинган эронлик қуллардан иборат қўшинга бош қилиб юборилади. Суюнбий ва бошқа амалдорлар, жумладан, Қилич Ниёзбой ҳам хон буйруғига кўра катта молу-мулк билан аҳолидан солиқ ундириб ортга қайтишади.
Мунис ва Огаҳийнинг ёзишларича, "Ва Қиличниёзбойниким, беэътидолиқ қилиб, оломоннинг ўлжасидин бир нима олмиш эрди, ул ҳазрат гуноҳкор қилиб буюр-диким, ҳар кимдан на олғон бўлса, истирдод қилсун (қайтарсин)”.
Ўша йили, яъни 1815 йили Муҳаммад Раҳимхон I буйруғига кўра Қилич Ниёзбойнинг ташаббуси қўлланилиб, янги канал қазиш бошланади. Бу ҳақда юқоридаги асарда шундай ёзилади: "Моҳи мазкурнинг авойилида хони жаннатмакон иниси Муҳаммад-назарбекка буюрдиким, Гурлан қибласидағи бўздин бир улуғ ариғ қоздирғай. Ложарам, беки мазкур бу амрда масоъйи машкура тақдимға еткуруб, Боғалон арнасидин қаздуруб, Қиёт устидин ўтириб, Ўрозали иноқнинг Бўзлоғи боғининг қибласидин Бўзға солиб, сўнгин янги қалъаға Хитойнинг қибласидин ўткарди ва Анборда оғасининг мулозаматиға етиб, мароҳими подшоҳонаға сарафроз бўлди. Ул ариғ ҳоло Қиличниёзбой арносиға машҳурдур”.
Яъни, 1815 йилда қазиб бошланган арнанинг яратилиш тарихи шундай бўлган.
Мунис ва Огаҳийнинг юқоридаги асарида бундан ташқари ўша даврдаги қазув билан боғлиқ яна қуйидаги воқеа ҳам қаламга олинади:
"... ва яна улким, ҳазрати подшоҳи мағфур рабиъулохир ойининг йигирма бешинчи куниким, панжшанба эрди, Хеваник ариқин қоздирмоқ учун рукуб қилиб, кеча Саёд ҳавлиға нузул қилди. Жумъа куни Сорбон тўпага бориб, қозувчиға чек берди. Бешинчи куниким, сешанба ва жумоди ул-аввал ойининг иккинчи куни эрди, тамом бўлди. Қазувға чиқмасдин бурунғи сешанба куни Берди иноқ Бухоро элчиси била келди. Якшанба куниким, хони мағфур қозув бошида эрди, Қўқон ҳокими Умархондин Саййид Муҳаммадҳожи элчи бўлиб келиб мулозиматға етди. Ва яна улким, жумодиулаввал ойининг ўнинда хони мағфур чоршанба куни Шоғобод ориғин қоздурмоқ учун отланиб, Анборға нузул қилди. Жумъа куни Тошҳавзға бориб, шанба куни қаъла солдурғудек жой кўруб, умаро ва жамиъ мулозимлариға ер берди. Якшанба куни кеч Анборға тушди. Душанба куни Анбордин қозув устиға бориб, тамошо қилиб, Янги ёфға тушди. Сешанба куни Муҳаммадназарбек Хонақоҳ ва уйғур ва бошқир ва минг ва Боғолон қазувчисини Гурлан кўпригидин юқори элтиб, чек берди. Ул кун Қурбон Қиличхон солоқ Хуросондин келиб, дар-гоҳи олампаноҳ тақбилиға фойиз бўлди. Ул ҳазрат они сешанба куни кўруб ва кўп меҳрибонлиғлар қилиб, халоиъ гаронмоя ва камари тиллопероя била сарафроз қилди. Ва кўчиб келмакига юрт тайин этди. Ва қазув йигирма кунда итмомға етди. Панжшанба куни, жумодиул охир ойининг тўққизида доруламораи Хевақға нузул этди. Бу сафарнинг имтидоди ўттиз кун эрди”.
Мунис ва Огаҳийнинг мазкур асарида яна Қилич Ниёзбойнинг элчиларни кутиб олиш, кузатиб қўйиши билан боғлиқ воқеалар ҳам ёритилади: "Душанба куни ул ҳазрат курднинг элчилариға Давлат қарокўз ва Қиличниёзбойни қўшуб юборди. Бу сўз билаким, бизга эл бўлсалар, такани чопмоққда тақсир қилмасунлар ва Жонмуҳаммад қози ва Давлат-назарбой ва Хожаназарни мароҳими хусравона била сарафроз қилиб, икки ёрлиғ марҳамат кўргузди”.
Бу воқеа шуни кўрсатадики, канал қазиш ташаббуси билан чиқиб Муҳаммад Раҳимхон I ва эл ишончи, обрўсини кўтарган Қилич Ниёзбойга ҳукмдор элчиларга мезбонлик қилишдек масъулиятли ишни топширган.
Маълумки, арна қазилгач, каналнинг бўйида, ҳозирги Қиличбой қишлоғидаги ҳудуд ўзлаштирилиб, у ерда машҳур мироб номи билан аталадиган қишлоқ ҳам барпо этилганди. Ўша ерда мироб ва давлат амалдори Қилич Ниёзбой ўзи учун махсус ҳовли ҳам барпо этдирганди.
Мунис ва Огаҳийнинг асарида хоннинг ўша ҳудудга боргани ҳам ёзилган: " Жумодул-аввал ойининг йигирма иккисида, сешанба куни ҳазрати подшоҳи ғуфронпаноҳ шикор иродаси била дор уссал-танаи Хевақдин рукуб қилиб, Анбарға нузул этди. Эртасига эса хон Тошҳовузга ўтиб шикор қилади. Ул ҳазрат Тошҳовузда тўрт кеча мутаваққиф бўлиб, якшанба куни ондин ҳаракат кўргузуб, Қиличниёзбойнинг ҳовлисин нузули ҳумоюни била муфаххари манозил ва ашрафи мароҳил қилди. Ул кун така жамоасининг саромади Хожа Назарбек ўз элининг оқ уйлуки била даргоҳи сипеҳр пойгоҳ атибўслиқи била шарафи истисъод топди. Тонгласиким, душанба куни эрди, Қиличниёзбойнинг ҳавлисидин отланиб, ҳар кун қуш солиб ва ов қилиб ва ҳар соат карам шаҳбози била фуқаро ва ғурабо кўнгулларин шикоривор овлаб...” юради.
Яъни сешанба куни Хивадан шикорга чиққан Муҳаммад Раҳимхон I Анбар (ҳозирда Шовот туманидаги Маноқ қишлоғи), у ердан Тошҳовузга, у ердан якшанба куни Қилич Ниёзбойнинг ҳовлисига ташриф буюради. Давлат амалдори ва мироб Қилич Ниёзбой ҳовлисида бир кун қолиб, эртасига ён-атрофдаги ҳудудларга шикорга чиқади. Хўжайли, Қўнғирот, Маздаҳқон, Пўрси, Қубатоғ тарафларда шикор қилиб, "Қуба тоғининг устидан ўтиб, Қиличниёзбойнинг ҳавлисиға нузул қилди”.
Шу тариқа ўз ишончига сазовор мироб Қилич Ниёзбой ҳовлисига шикорга боришда ҳам, қайтишда ҳам кириб ўтган хон, эртасига Мойлижангал (ҳозирги Туркманистоннинг Тошҳовуз вилоятидаги қишлоқ) орқали Хивага қайтади.
Шикордан қайтган Муҳаммад Раҳимхон I Хивада бир муддат давлат ишлари билан машғул бўлгач, яна воҳага келган элчи-ларни қабул қилади. Бу сафар ҳам элчиларга мезбонлик қилиш Қилич Ниёзбойга топширилганди. Бу ҳақда Мунис ва Огаҳийнинг китобида шундай ёзилади: "Душанба куни Қиличниёзбой ва Мирзо Абдукарим курд хонлари элчиси била келди”.
Бундан ташқари, Муҳаммад Раҳимхон I ҳукмдорлиги давридаги Суюнбий, Дўсимбий, Ҳуббиқулихўжа каби давлат амалдорлари қаторида Қилич Ниёзбой ҳам ёвмут, чавдур уруғларига, шу каби Дарбандга қилинган юришларда қўшинга бош бўлиб қатнашади. Бу ҳақда Мунис ва Огаҳийнинг юқоридаги асарида бир неча бор таъкидлаб ўтилади. Ушбу ва бошқа давлат амалдорлари юришларда ғалаба қозонгач, ғолиблик шарафига "Қиличниёзбойнинг ҳовлисини нузули файзидин рашки фирдавсибарин қилди. Ул мавзеда дастурхончи бошлиғ аксар маҳрам ва юзбошиларким, чаповулға маъмур бўлуб эрдилар, келдилар”. Бундай зиёфатларнинг айнан Қилич Ниёзбой ҳов-лисида берилиши сабаби машҳур мироб Қилич Ниёзбойнинг юришларда кўрсатган жасорати, қаҳрамонликлари билан боғлиқ эди.
Шу каби шаҳзода Қутлуғмурод иноқ ҳам бир неча бор ўз аёнлари билан шикорга чиққанида Қилич Ниёзбойнинг ҳовлисида бўлиб, ҳордиқ чиқаргани муаррихларнинг асарида қайд этиб ўтилган.
Вақт ўтиб, мироб номи билан аталадиган 120 километрлик канал бўйлари хонликнинг энг серфайз жойларига, ушбу ка-налдан сув ичадиган ерлар эса ҳосилдор ерларга айланади. Шу тариқа канал бўйлари ва Қилич Ниёзбой қишлоғига кўплаб аҳоли кўчиб келтирила бошланади.
Огаҳий қаламига мансуб "Зуб-дату-т-таворих” асарида "Жамшидия тоифаси келтурулғондин сўнг Қилич Ниёзбой наҳрининг бир шўъбаси канорида Қуба тоғининг жануби остида ул тавойифға маскан ва мазореъ таъйин қилинди. Ҳоло, улуғ эл ва ободон юрт бўлиб ўлтурубдурлар”. (Огаҳий, "Зубдату-т-таворих”, Т, "Ўзбекистон” нашриёти, 2009 йил 13-бет).
Бунда асосий эътибор Эрон юришидан олиб келинган жамшид қавмининг Қилич Ниёзбой канали бўйларига ўрнаштирилгани ёзилган.
Маълумки, 1843 йилда Раҳимқулихон отаси Оллоқулихоннинг фармойиши билан Эронга юриш қилганди. Ўшанда Бадгис вилоятининг Кўшк ва Қоратепа мавзеларида яшовчи жамшидлар уруғи Раҳимқулихонга Ҳирот ҳокими Шоҳ Комрон устидан шикоят қилишади. Жамшидлар оқсоқоли ҳокимнинг зулми ҳаддидан ошиб, жамшидларни талаётганини, аёллар ва болаларни қул қилиб сотишаётганини таъкидлайди. Шундан кейин ўша кўчириш воқеаси тарихда бўлиб ўтган ва буни Огаҳий ўз асарида юқоридагича ёзиб ўтган. Шу каби Огаҳий хон ҳазратларининг Қилич Ниёзбой мавъзеидаги работга, яъни машҳур мироб асос солган ва унинг номи билан аталадиган қишлоққа ташриф буюрганини ҳам ёзган: "Шанба куни андин фуқаро ва ажаза арзи аҳволин эшитмакдин фориғ бўлғондин сўнг отланиб, шукуҳи тамом била Қиличниёзбой мавъзеидаги работи лозиму-л-инбисотға ташрифи ҳузур, вофиру-с-сурур элтиб, муфаххари манозил қилди. Анда айшу ишрат асбобин муҳайё қилдируб, барча муфарриҳот ва музҳикот тамошосидин баҳраёб ва тарабмаоб бўлди”.
Бу ўринда Хива хони ва амалдорларининг Қилич Ниёзбой қишлоғига шикорга ва сайлга чиққани таъкидланади. Эртаси якшанба куни бўлса, Қилич Ниёзбой қишлоғидан "дабдабаи шоҳона била наҳзат қилиб, Пурси мавъзеидаким, боргоҳи сипеҳриштибоҳ барпо бўлиб, қуббаи осмонфарсоси қиммаи меҳру моҳдин ўтмиш эрди”. Яъни хон Қилич Ниёзбой қишлоғидан Пўрси туманига жўнаб кетганини ёзади.
Маълумки, Мунис ва Огаҳий асарлари Хива хонлиги тарихидаги кўплаб воқеаларга ойдинлик киритувчи, давлат бошқарувидаги шахслар тўғрисида қимматли маълумотлар берувчи ноёб асардир. Юқорида кўрганингиздек, Муҳаммад Раҳимхон I ҳукмдорлиги даврида Қилич Ниёзбой давлатдаги нуфузли шахслардан бири бўлган. Шу боисдан ҳам унинг ташаббуси билан канал қазилган, қишлоққа асос солинган, турли юришларга бош қилиб тайинланиб, элчиларга мезбонлик қилиш ҳам унга топширилган.
Бугунги авлод ҳам эл-у юрт тараққиёти ва фаровонлиги йўлида хизмат қилишни ўзининг ҳаётий шиорига айлантирган Қилич Ниёзбойдек аждодларимиз билан ҳар қанча фахрланса, улардан ўрнак олиб яшаса арзийди.
Умид БЕКМУҲАММАД.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶