ХИТОЙ ОВУЛИ АТАМАСИ ҲАҚИДА ҚИСҚАЧА МАЪЛУМОТ
"Тарихингдир минг асрлар ичра пинҳон, ўзбегим!” (Э.Воҳидов).
Ер юзини сув босган буюк Нуҳ тўфонидан кейин инсоният Нуҳ пайғамбарнинг учта ўғли: Ҳом, Сом, Ёфас авлодларидан тарқалган.
Ёфаснинг етти ўғли бўлган: Турк, Хазар, Сақлаб, Рус, Минг, Чин, Камори (Каймол). Тўнғич ўғли Турк шу еттовига бошчи қилиб сайланган.
Туркнинг 4-авлоди (ўғли, невараси, чеварасидан кейин) – эвараси Алинжаҳон эди. Алинжаҳондан эгизак – Мўғил ва Тотор туғилди. Алинжаҳон мамлакатни икки ўғлига тенг бўлиб беради. Улар аҳилликда мамлакатни бошқарадилар. Мўғил босқини оқибатида ҳозирги кунда салбий тасаввурий маъно касб этиб қолган мўғултотор қабилалари ана шундай таркиб топган асли бир ота-онадан туғилган "ёт” оға-ини элатлардир. Юз йиллар, минг йиллар ўтган сайин, қабилалар, уруғлар, элатлар кўпайишгани сайин бир-биридан узоқлашиб, ётлашиб бораверган. Ўзаро уруш-талашлар тинимсиз давом этиб турган, маълум давр бир қабила ёки уруғнинг, ёки бошқасининг нуфуси ва нуфузи ортиқ бўлиб турган. Турли уруғ ва халқлар шундай вужудга келган.
1313-1342 йилларда Олтин Ўрда хони Султон Муҳаммад қадимги кучли ўзбек қабиласининг сардори бўлгани учун "Ўзбекхон” деб аталган. Бу қабилалар Олтой, Еттисув, Шарқий Турон томонидан Ўрта Осиё томон силжиб, Мовароуннаҳр ҳудудларини эгаллаганлар ва ўзбеклар деб атала бошлаган. Шу ўринда Европада Ўрта Осиё ва Марказий Осиё бир хил тушунчага эга бўлганлигини эътиборга олиш жоиз. Дашти Қипчоқда қолганлари эса қозоқлар деб атала бошлаган. Демак, аслида бу халқларнинг туб илдизи бир. Сўнгги минг-минг ярим йилларда улар турли номлар (балки уруғ қабилалар номлари) билан аталган, холос.
Ўзбекхон Ислом динини қабул қилган ва ривожлантирган. Унинг ҳукмронлигида ҳарбий ва иқтисодий қудрати ниҳоятда ошиб кетган Олтин Ўрда Россиянинг ҳам кўпгина князликларини босиб олган. Демак, Ўзбекхон ҳукмдорнинг исми эмас, балки Султон Муҳаммадга берилган унвон бўлиб, "ўзбекларнинг хони” маъносини англатади. Мирзо Улуғбек Олтин Ўрда давлати Султон Муҳаммад Ўзбекхонгача ҳам "Ўзбек улуси”, "Ўзбакия” деб аталганини қайд этган.
Хуллас, ўзбек халқи ҳам бошқа турли туркий халқлар каби жуда кўп турк ва турк-мўғил қавмлари асосида шаклланганлиги ҳақида қадимий-тарихий манбалар мавжуд.
Бу манбаларнинг кўпчилигида 92 ўзбек уруғи номлари келтирилган (қавмлар билан 189 та, балки ундан ҳам кўп). Ана шу қавм-уруғларнинг номлари жой, овул, қишлоқ, туман номларига айланиб кетган: Манғит, Қипчоқ, Хитой, Дўрман, Қангли, Жалойир, Уйшин, Чимбой, Қўнғирот, Туркман, Қорақалпоқ, Қорлиқ, Қирғиз, Қиёт, Ўзбек, Юз, Қирқ, Минг, Барлос, Тама, Тобин, Митан, Мўйтан, Кенагас, Боёвут, Бодой, Арғин, Араб, Авғон, Нўкўз ... ва ҳоказо.
Бизнинг Хитой қишлоғимиз номи ҳам ўзбекнинг 92 уруғидан бири – Хитой уруғи номидан олинган бўлиши мумкин. Манбаларда бу уруғ номининг Қитой шакли ҳам бор.
Яна қадимий манбаларда "қитоли” сўзининг жангари, ғайратли маъноларини билдириши ва туркий халқ қабилаларининг бири "қитоли”-"қитолилар”- "қитой”-"қитойлар” шаклида ўзгаришга учраб, уруғнинг ва жойнинг номига айланиб кетган бўлиши мумкинлиги айтилган. Жуда катта ҳудудда яшовчи турли элатларнинг алоқа-учрашуви ҳам бундай турли номларнинг келиб чиқишига сабаб бўлган, албатта.
Хоразмнинг Шовот, Боғот туманларида ҳам Хитой қишлоқ фуқаролар йиғинлари мавжуд. Республикамизнинг бошқа вилоятларида ҳамХитой, Қорахитой номли жойлар, қишлоқларбор.
Ўн тўққизинчи асрда яшаган шоир Турди шундай ёзган:
Тор кўнгуллик беклар, ман-ман деманг, кенглик қилинг,
Тўқсон икки бовли ўзбак юртидур, тенглик қилинг!
Бирни Қипчоқ, Хито-ю, бирни Юз, Найман деманг,
Қирқу Юз, Минг бир бўлиб бир сон ойинлик қилинг!
Демак, қишлоғимиз Манғит, Қипчоқ, Қўнғирот, Дўрман, Қангли, Жалойир, Барлос, Уйшин каби қадимий ўзбек халқининг 92 уруғининг бири – Хитой номи билан аталган.
Абдулҳай Абдураҳмоновнинг икки юздан ортиқ мўътабар манбаларга таяниб ёзилган "Саодатга элтувчи билим” асарида Ўзбек халқи қабила ва уруғларининг келиб чиқиши ҳақида яхши асосли маълумотлар бор. Мустақиллигимиз шарофати-ла диёримиздан етишиб чиққан кўпгина ислом алломаларининг фаолиятига ҳукмрон мафкура истагига қараб эмас, бор тарихий ҳақиқат нуқтаи назаридан баҳо берилди. Халқимизнинг тарихи, атамалари ҳақида ҳам кўп илмий изланишлар ва хулосалар ўзининг зукко фидойиларини кутиб турибди.
Турсунбой АБДУЛЛАЕВ, Хитой овули.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶