ПОЧТА АЛОҚАСИ ХИЗМАТЛАРИ СИЗНИ ҚАНОАТЛАНТИРАДИМИ?
Ўзбекистон Республикаси ўз мустақиллигига эришганидан сўнг давлатимизда фуқароларнинг ижтимоий турмушини яхшилашга, истеъмолчиларга жамиятнинг барча соҳаларида кўрсатилаётган хизматлардан эркин фойдаланишга имкониятлар яратиб бериш ва уларнинг қонуний ҳуқуқларини химоя қилишга асосий эътибор қаратилмоқда.
"Ўзбекистон почтаси” акциядорлик жамияти фойдаланувчиларининг почта алоқаси универсал хизматларига бўлган талабларини қаноатлантиришга, жумладан почта варақчалари, хатлар, бандероллар ва майда пакетларни Ўзбекистон Республикаси доирасида мақбул нархларда жўнатиш ва етказиб бериш (топшириш) хизматлари кўрсатиш, шунингдек шартнома асосида даврий матбуот нашрларига обуна расмийлаштириш, обуначиларга етказиб бериш, фуқаролардан коммунал хизматлар бўйича тўловларини қабул қилиш ва бошқа қўшимча хизматлар кўрсатиш вазифалари юклатилган.
Ушбу соҳада фойдаланувчиларга сифатли хизматлар кўрсатилишини назорат қилиш Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси зиммасига юклатилган бўлиб, мазкур вазифаларни бажаришда инспекциянинг Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлинмаси томонидан хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятига аралашмаган ҳолда амалга оширилаётган назорат ва мониторинг ишлари натижасида истеъмолчиларга кўрсатилаётган почта алоқаси хизматларининг сифатини янада яхшилаш зарурлиги ҳолатлари аниқланмоқда.
Мисол тариқасида, инспекциянинг тегишли буйруғига асосан ҳудудий бўлинма томонидан ўтган 2015 йил давомида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида почта жўнатмаларини эгаларига белгиланган муддатларда етказиб берилишини назорат қилиш мақсадида буюртмали ва оддий хатлар жўнатилиб, мониторинг ишлари олиб борилиши натижасида почта алоқаси ходимлари томонидан хатларни қабул қилиш, ишлов бериш, жўнатишга тайёрлаш ва етказиб беришда бир қатор камчиликлар аниқланди. Айрим ҳолатларда хатларни кўрсатилган манзилларга етказиб беришда белгиланган назорат муддатларининг бузилиши ҳолатлари ҳам кузатилиб, тегишли чоралар кўрилди.
Аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва уларнинг олдини олиш мақсадида ҳудудий бўлинма ходимлари томонидан, хизматлар кўрсатиш жойларига чиққан ҳолда, хўжалик юритувчи субъектлар ходимлари иштирокида соҳага доир қонун талабларининг бажарилиши ва меъёрий ҳужжатлар талабларига амал қилиш бўйича профилактик учрашувлар ўтказилиб, хизмат кўрсатишда фойдаланиш учун ҳудудий бўлинма томонидан ишлаб чиқилган қўлланмалар тарқатилиб, тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан почта жўнатмаларини етказиб беришда назорат муддатлари ва сифат кўрсаткичлари белгиланган. Агар почта алоқаси хизматларида ушбу меъёрлар бузилиши ҳоллари учраса ёки бошқа муаммолар юзага келса, шунингдек почта алоқаси хизматларининг сифатини ошириш бўйича ўз фикр-таклифларингиз мавжуд бўлса, 224-01-11 рақамли "Ишонч телефони” орқали Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлинмасига мурожаат қилишингиз мумкинлигини яна бир бор эслатиб ўтамиз.
М.АЛЛАМБЕРГЕНОВ,
Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлинмаси инспектори.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶