ЭНГ МУНОСИБ НОМЗОДЛАР САЙЛАНМОҚДА
Айни кунларда мамлакатимизнинг барча жойларида маҳалла тарихидаги муҳим ижтимоий-сиёсий жараён – фуқаролар йиғини раиси ва унинг маслаҳатчилари сайлови уюшқоқлик билан ўтказилмоқда. Сайлов куни ўн саккиз ёшга тўлган ҳамда тегишли ҳудудда доимий яшовчи фуқаролар ўзи яшаётган ҳудуд тақдирига дахлдорликни ҳис қилган ҳолда бевосита ёки вакиллари орқали энг муносиб номзодлар орасидан фуқаролар йиғини раиси ва унинг маслаҳатчиларини сайламоқда.
Албатта, сайловни ташкил этиш ҳамда ўтказиш ошкоралик, муқобиллик ва тенг сайлов ҳуқуқи принциплари асосида, очиқ ва ошкора тарзда амалга оширилмоқда. Сайловни ташкил этиш ҳамда ўтказиш жараёнлари оммавий ахборот воситалари томонидан ёритиб борилмоқда.
Сайловни ташкил этиш ҳамда ўтказишда фуқаролар йиғинларига амалий ёрдам кўрсатиш учун тузилган туман комиссияси ҳам ушбу жараённи ташкил қилиш ва ўтказишда зарур амалий ёрдамларни кўрсатиб келмоқда. Жумладан, комиссия сайловни ташкил этиш ҳамда ўтказиш бўйича ишчи гуруҳларнинг фаолиятини мувофиқлаштириб бориш, ҳовлилар, уйлар, кўчалардан ҳамда шаҳарчалардаги, қишлоқлардаги ва овуллардаги маҳаллалардан фуқароларнинг вакиллиги нормасини белгилаш, ишчи гуруҳлардан фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) лавозимига номзодларга доир ҳужжатларни қабул қилиб олиш ва уни туман ҳокими билан келишиш ҳамда қонун доирасидаги бошқа ваколатларини сўзсиз амалга ошириб келмоқда.
Туманда фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказиш учун фуқаролар вакилларининг йиғилиши қарори билан 47 та ишчи гуруҳлар тузилган. Айтиш керакки, ишчи гуруҳлар жойларда сайловни қонун талаблари асосида ўтказишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Барча ишчи гуруҳлар фуқаролар вакилларининг йиғилиши ўтказиладиган сана, вақт ва жойни белгилаш ҳамда бу ҳақда тегишли ҳудудда яшовчи фуқароларни хабардор қилиш, ҳовлилар, уйлар, кўчалар ҳамда шаҳарчалардаги, овуллардаги маҳаллалар аҳолисининг фуқаролар вакиллари сайлови бўйича умумий йиғилишларини ташкил этиш ва ўтказиш, тегишли ҳудудда доимий яшовчи фуқароларнинг фикрини ҳисобга олган ҳолда фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари лавозимига номзодлар бўйича таклифлар тайёрлашда жонбозлик кўрсатиб, сайловни ўтказиш учун юксак савияда тайёргарлик кўрдилар. Энг муҳими, ишчи гуруҳлар аъзолари тегишли ҳудудда доимий яшовчи аҳолининг фикрини инобатга олган ҳолда эл орасида обрў-эътиборга, ташкилотчилик қобилиятига эга фуқароларни танлаб, фуқаролар йиғини раиси ва унинг маслаҳатчилари лавозимига номзодлар бўйича таклифлар тайёрладилар.
Шу ўринда ҳақли савол туғилади: "Маҳалла оқсоқоли” деган юксак ва шарафли номга кимлар муносиб бўла олади? Албатта, қонунда фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) лавозимига номзодлар Ўзбекистон Республикаси фуқаролари бўлиши, қоида тариқасида, олий маълумотга эга бўлиши, бевосита сайловга қадар камида беш йил тегишли ҳудудда доимий яшаётган бўлиши, ташкилотчилик қобилиятига, давлат органларида ёки нодавлат нотижорат ташкилотларда ёхуд тадбиркорлик ва бошқа хўжалик фаолияти соҳасида иш тажрибасига, шунингдек ҳаётий тажрибага ва аҳоли ўртасида обрў-эътиборга эга бўлиши кераклиги кўрсатиб ўтилган.
Номзод бевосита сайловга қадар камида беш йил тегишли ҳудудда доимий яшаётган бўлиши кераклигига оид талабнинг қонунчиликда ўз аксини топганлиги бежиз эмас. Чунки шиддат билан ўзгараётган ҳозирги замонда у ёки бу ишни амалга ошириш учун, масаланинг негизига етиб бориш учун ўша жойнинг ўзига хос хусусиятларини билиш, ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишидан хабардор бўлиш зарур.
Қўшимча равишда айтадиган бўлсак, фуқаролар йиғини раиси лавозимига номзод ўзининг намунавий хулқ-атвори, ижтимоий фаоллиги, интизоми, масъулияти, жамиятдаги обрў-эътибори билан ҳам ажралиб туриши лозим.
Чунки фуқаролар йиғини раиси бугун фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари олдига қўйилган муҳим вазифаларнинг бажарилишини таъминлашда, жумладан, аниқ йўналтирилган асосда аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, маҳаллани хусусий тадбиркорлик ва оилавий бизнесни ривожлантириш марказига айлантириш, давлат органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш ва энг асосийси, ҳудудда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, ёшларни "оммавий маданият”нинг зарарли таъсиридан сақлаш, ёш oилaларнинг жамиятда мустаҳкам ўрин эгаллашларида елкaдoш бўлиш, бу бoрaдa уларга зaрур кўмaк ва мaслaҳaт бериш ишларига бошчилик қилишга қодир бўлиши муҳим аҳамиятга эга.
Фуқаролар йиғини раиси элни бирлаштириб, одамларни эзгу орзу-умидлар атрофида жипслаштирадиган, маҳаллада кечаётган жараёнларни чуқур таҳлил қилиб, негизига етиб борадиган шахс бўлиши лозим.
Айни пайтда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари зиммасига юклатилган кенг кўламли вазифаларнинг амалга оширилишини, хусусан, ҳудудларда маънавий муҳит барқарорлигини мустаҳкамлаш, "Оила — маҳалла — таълим муассасаси” ҳамкорлигини самарали ташкил этиш каби устувор вазифалар ижросини таъминлаш, бу борада фуқаролар йиғинлари фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича комиссиялар ишини кучайтириш, ушбу жараёнга кенг жамоатчиликни жалб этиш бўлажак сайловларда сайланадиган йиғин раиси маслаҳатчиларидан ҳам юксак билим ва малакани ҳамда ташаббускорликни талаб этади.
Умуман олганда, аҳоли ўртасида обрў-эътиборли, фидойи, маънавий етук ҳамда ташкилотчилик қобилиятига эга бўлган энг муносиб номзодларнинг фуқаролар йиғини раиси ва унинг маслаҳатчилари сифатида сайланиши маҳалланинг мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар жараёнидаги иштирокини янада кенгайтиришга, унинг нуфузини янада оширишга хизмат қилади.
Баҳодир БОЛТАБОЕВ,
туман ҳокимлиги ташкилий-назорат гуруҳи раҳбари, фуқаролар йиғини раиси ва унинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказишга кўмаклашувчи туман комиссияси аъзоси.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶