21 май — Кутубхоначилар куни муносиб нишонланди
Маънавият ва маърифат ҳар қандай жамият тараққиётининг пойдевори ҳисобланади. Бу пойдеворни мустаҳкамлашда эса китобнинг, мутолаа маданиятининг ўрни беқиёсдир. Инсоният яратилган дастлабки даврлардан бошлаб ўз тажрибаси, билими ва кашфиётларини қоғозга туширишга, уларни келажак авлодларга етказишга интилиб келган. Ана шундай буюк вазифани ўз зиммасига олган, асрлар қаъридан етиб келган дурдона асарларни, илм-фан ютуқларини асраб-авайлаб, китобхонларга етказиб берадиган мўътабар касб эгалари — кутубхоначилар меҳнати ҳар қандай таҳсинга сазовордир.
Бугунги шиддат билан ривожланаётган ахборот технологиялари асрида ҳам анъанавий китоб ва кутубхонанинг қадри асло йўқолгани йўқ, аксинча, уларнинг жамият ҳаётидаги, айниқса, ёш авлод тарбиясидаги аҳамияти тобора ортиб бормоқда. Кутубхоначи фақатгина китоб берувчи шахс эмас, у ўқувчининг дунёқарашини шакллантирувчи, унинг қизиқишларини тўғри йўналтирувчи ва маънавий оламини бойитишга хизмат қилувчи маънавий устоздир.
Шу боисдан ҳам юртимизда ушбу шарафли касб эгаларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг меҳнатини муносиб қадрлаш ва рағбатлантириш масаласига алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 7 июндаги "Ўзбекистон Республикаси аҳолисига ахборот-кутубхона хизмати кўрсатишни янада такомиллаштириш тўғрисида"ги қарори бу борадаги ишларни янги босқичга олиб чиқди. Мазкур ҳужжатга мувофиқ мамлакатимизда 21 май санаси "Кутубхоначилар куни" сифатида кенг нишонланиши белгиланган. Қарорда ушбу сана муносабати билан ўзининг бой тажрибаси, касбига бўлган садоқати билан ажралиб турадиган, соҳада ҳалол меҳнат қилиб, ахборот-кутубхона тизимини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшиб келаётган фидойи ходимларни давлат мукофотлари билан тақдирлаш ва уларни рағбатлантириш масаласи алоҳида кўзда тутилган.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан таълим соҳасини янада такомиллаштириш ва тизимдаги ислоҳотларни жадаллаштириш мақсадида май ойида "Муҳим ойлик" эълон қилинган бўлиб, мазкур ойлик доирасида амалга оширилиши лозим бўлган ишларнинг “Йўл харитаси” тасдиқланган. Ушбу “Йўл харитаси”да белгиланган вазифаларнинг ижросини таъминлаш, шунингдек, кутубхоначиларнинг жамиятдаги ўрнини кенг тарғиб қилиш мақсадида 20 май куни Амударё туманидаги 82-сонли умумий ўрта таълим мактабида "Кутубхоначилар куни" муносабати билан маърифий анжуман ташкил этилди.
Ушбу байрам тадбирига ҳудуддаги барча умумий ўрта таълим мактабларининг кутубхона мудирлари ва ходимлари таклиф этилди. Тадбирга йиғилган ҳамкасблар нафақат касб байрамини нишонладилар, балки ўзаро тажриба алмашдилар, соҳадаги янгиликлар ва келгусидаги режалар ҳақида қизғин фикрлашиш имконига эга бўлдилар.
Тадбир давомида сўзга чиққанлар кутубхоначиларнинг мактаб ҳаётидаги, айниқса, ўқувчи-ёшларнинг тарбиясидаги беқиёс ўрни ҳақида алоҳида тўхталиб ўтдилар. Анжуман доирасида йил давомида ўз касбига садоқат билан ёндашган, ўқувчиларни китоб мутолаасига жалб қилишда турли хил инновацион усуллардан фойдаланган, кутубхона фондини бойитиш ва уни тизимли ташкил этишда алоҳида жонбозлик кўрсатган умумтаълим мактабларининг энг фаол ва илғор кутубхоначилари эътироф этилди. Уларга ташкилотчилар томонидан фахрий ёрлиқлар ҳамда қимматбаҳо эсдалик совғалари тантанали равишда топширилди. Бундай рағбат, эътироф ва мукофотлар уларнинг йиллар давомидаги заҳматли меҳнатларига берилган баҳодир.
Бугунги кунда давлатимиз томонидан таълим соҳасига, шу жумладан, ахборот-кутубхона марказларини энг замонавий технологиялар ва бой китоб фондлари билан таъминлашга жуда катта маблағлар йўналтирилмоқда. Бу яратилган шарт-шароитларни ўқувчиларга тўғри ва самарали етказишда айнан кутубхоначининг ўрни ўта муҳимдир. Уларсиз ҳар қандай замонавий кутубхона ҳам шунчаки китоблар сақланадиган омборхонага айланиб қолиши ҳеч гап эмас. Шундай экан, 21 май санаси фақатгина кутубхоначиларнинг эмас, балки китобни севувчи, қадрловчи ва ундан маънавий озуқа олувчи барча зиёли инсонларнинг касб байрами ҳисобланади.
Жамиятнинг зиё масканлари бўлмиш кутубхоналар ва уларнинг фидойи ходимларини қўллаб-қувватлашга қаратилган бу каби юксак эътибор келажак авлоднинг янада билимли, маънавияти юксак ва дунёқараши кенг инсонлар бўлиб етишишига хизмат қилади. Зеро, китобга, илм-фанга ва маърифатга қаратилган эътибор — бу аввало келажакка, миллатнинг эртанги кунига йўнатирилган энг катта ва бебаҳо сармоядир.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶