ВОЯГА ЕТМАГАНЛАР БИЛАН ИШЛАШИШДА ҲАМКОРЛИК ЎТА МУҲИМ
Истиқлол йилларида мамлакатимизда ёшларни ҳар томонлама комил инсонлар қилиб вояга етказиш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди.
Туман ҳокимлиги ҳузуридаги вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссияси ҳам шу мақсад йўлида фаолият олиб бормоқда.
Туманда 64 098 нафар вояга етмаганлар истиқомат қилаётган бўлиб, уларнинг 4 минг нафардан ортиғи 37 та мактабгача таълим муассасаларида, 31 минг нафарга яқини 82 та умумтаълим мактабларида, 8 минг нафардан ортиғи 8 та касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейда таълим-тарбия олишмоқда.
Ёшлар тарбиясида қўлга киритилаётган ютуқларга қарамасдан, ҳали ҳам вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноят содир этиш ҳолатлари учраб турибди.
Масалан, комиссияга ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва бошқа ташкилотлардан 2016 йилнинг 6 ойи давомида 43 та ҳолатда вояга етмаганлар томонидан содир этилган ҳуқуқбузарликлар тўғрисида маълумотлар келиб тушди. Ушбу маълумотлар комиссия томонидан тўлиқ кўриб чиқилди ва 34 нафар вояга етмаганларнинг ота-оналарига 2,8 миллион сўмликдан ортиқ жарима солинди.
Шунингдек, жорий йилнинг 6 ойи давомида вояга етмаганлар томонидан 4 та жиноят содир қилинган бўлса, унда иштирок этган ўсмирлар сони 6 нафарни ташкил этади. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2 та жиноятга ошиб кетганлиги ачинарли ҳол.
Вояга етмаганлар ўртасида бундай нохуш ҳолатлар юз беришининг олдини олиш мақсадида туман ҳудудидаги турли хил кўнгил очиш жойларида ишчи гуруҳлар томонидан 12 маротаба рейдлар ўтказилди ва рейдлар давомида 3 та салбий ҳолат аниқланиб, бундай жойларга келувчи вояга етмаганларга тарбиявий таъсирлар ўтказиш чоралари кўрилди.
Ота-она, таълим муассасаси маъмурияти ва бошқа масъулларнинг лоқайдлиги оқибатида 2016 йилнинг ўтган 6 ойи давомида 120 нафар вояга етмаганлар томонидан ҳар хил мазмундаги ҳуқуқбузарликлар содир этилган.
Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, туманимизда вояга етмаганларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишлари учун кўнгилдагидек шарт-шароитлар яратилган. Биргина "Баркамол авлод” болалар марказида 20 та тўгарак ташкил этилган бўлиб, бу тўгаракларда ўсмир-ёшлар ўзлари қизиққан йўналишлар бўйича иқтидорларини намоён этишлари мумкин. Болаларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишлари учун хизмат қилувчи бундай тўгараклар туманимиз ҳудудидаги барча овул ва маҳаллаларда ташкил этилган бўлиб, уларга 19604 нафар вояга етмаганлар жалб этилган.
Болаларнинг спорт билан шуғулланишлари, саломатликларини мустаҳкамлашлари учун туманимизнинг барча ҳудудларида, касб-ҳунар коллежлари ва умумтаълим мактабларида, шунингдек, маҳаллаларда спорт-соғломлаштириш иншоотлари фаолият юритмоқда. Демак, вояга етмаганларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишлари учун яратиб берилган шароитлар, имкониятлар ўсмир-ёшларнинг ҳар жиҳатдан етук ва баркамол инсон сифатида шаклланишлари учун етарли. Фақат бу борада ота-оналар, ўқув масканлари мутасаддилари ҳамда фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органларидаги масъул ходимлар бирозгина фидойилик қилишлари талаб қилинади. Зеро, фарзандларимиз бизнинг келажагимиздир.
Самад ДИЛМАНОВ,
туман ҳокимлиги ҳузуридаги вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссияси котиби.
(Фото - http://siyosat.uz)

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶